Жамият | 18:21 / 23.02.2024
22388
2 дақиқада ўқилади

Россияда қаровсиз қолиб кетган қизалоқлар Москвадаги элчихонага олиб келинди

Улар тез кунда Ўзбекистонга олиб келиниши айтилмоқда. Бунинг учун уларнинг тергов ҳибсхонасида сақланаётган онасидан тегишли ишончнома ва розилик олиш қолган. Kun.uz манбасининг айтишича, қизларни Ўзбекистонда қарамоғига олувчи оила аниқ эмас. Чунки қариндошлари уларни қабул қилишни истамаяпти.

Россияда онаси қамалиб, ўзлари қаровсиз қолиб кетган опа-сингил Москвадаги элчихонага олиб борилди. Улар тез кунда Ўзбекистонга жўнатилади. Ҳозирда бунинг учун қизларнинг тергов ҳибсхонасида сақланаётган онасидан ишончнома ва розилик хати олишга ҳаракат қилинмоқда.

Аммо Kun.uz манбасининг айтишича, қизларни Ўзбекистонда қарамоғига олувчи оила аниқ эмас. Чунки қариндошлари уларни қабул қилишни истамаяпти.  

Асли қашқадарёлик бўлган Ирода исмли аёл Россияда икки қизи билан яшаган. 4 ой олдин у жиноят қилишда гумонланиб қўлга олингач, қизлари қаровсиз қолган. Аёлнинг танишлари Ўзбекистонга қўнғироқ қилиб, қизалоқларнинг бобоси ва тоғаси билан гаплашган ҳамда болаларни Ўзбекистонга жўнатиб юбормоқчи бўлишган. Аммо негадир уларни на бобоси, на бошқа яқинлари қабул қилишни истамаган.  

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова вазият ўрганилиб, болаларни Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилишини билдирган эди.  

Ҳолат юзасидан расмий ахборот берган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги аёлнинг икки нафар қизи уй шароитида туғилгани ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлигини, аёл болаларини ўзбекистонлик ватандоши Ж.А. қарамоғига ташлаб, номаълум йўналишда ғойиб бўлганини маълум қилди. Агентлик томонидан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда вояга етмаган болаларнинг уйда туғилганлик ҳолатини расмийлаштириш ва уларга шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш чоралари кўрилаётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид