22:45 / 30.11.2022
18450

Ерларни аукционга чиқариш соддалаштирилади

Ерни аукционга чиқариш босқичлари 13 тадан 8 тага, муддатлар 48-74 иш кунидан 16-22 иш кунигача қисқартирилиши кутилмоқда. Ерни хусусийлаштириш учун тўлов миқдори йиллик ер солиғининг 20 бараваридан 5-10 бараваригача пасайтирилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ерларни аукцион орқали сотишни соддалаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Ўзбекистондаги ўзгаришлар натижасида ер бозор активига айланмоқда. Бир йил олдин “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида” қонун қабул қилинган эди. Бу қонун талаблари Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 февралдаги қарори билан амалиётга татбиқ этилди.

Маълум қилинишича, шундан буён ўтган вақтда, яъни 2022 йил февраль-октябрь ойларида тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун “Yerelektron” ахборот тизими орқали 48 мингта ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилган. Юридик ва жисмоний шахслар фойдаланиб келаётган 5 мингга яқин ер участкасини хусусийлаштириш бўйича ижобий хулоса берилган.

“Шу билан бирга, амалдаги ишлар таҳлили бу тизимда айрим камчиликлар борлигини кўрсатди. Масалан, аукционга чиқариш таклиф этилган 12 мингтадан зиёд участка қишлоқ хўжалиги ерларида ёки муҳофаза ҳудудда жойлашгани аниқланган. Бўш ер участкалари “Yerelektron” ахборот тизимига фақат қурилиш бўлимлари томонидан киритилаётгани сабабли, ҳамма бўш ерларни топиш жараёни тўлиқ қамраб олинмаяпти. Шу боис бу ишларни ҳудудий қурилиш бўлимлари ва кадастр органлари биргаликда амалга ошириши таклиф этилмоқда.

Амалиётда қийинчилик туғдираётган яна бир муаммо ерларни аукционга чиқариш босқичлари кўплиги. Ҳозирги кунда бу 13 та босқичдан иборат бўлиб, ижара ҳуқуқи билан ер олишда 48 иш куни, мулк ҳуқуқида 74 иш кунигача вақт кетмоқда. Шу боис ерни аукционга чиқариш босқичларини 8 тага тушириб, муддатларини тегишлича 16 ва 22 иш кунигача қисқартириш мумкинлиги айтилди.

Айрим шаҳарчаларнинг бош режаси йўқлиги ҳам жараённи секинлаштирмоқда. Шунинг учун бундай жойларда ерларни ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши билан келишган ҳолда, мастер-режа асосида аукционга чиқариш таклифи билдирилди.

Кичик саноат зоналарининг ҳудуди эса аниқ. Шу боис улардаги ерларни бош режада назарда тутилган лотларга мувофиқ, содда тартибда тадбиркорларга бериш зарурлиги таъкидланди”, – дейилади расмий хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирда аҳоли ўзи фойдаланиб келаётган ерларни йиллик ер солиғининг 20 баравари миқдорида тўлов қилиб, хусусийлаштириши мумкин. Бу қиймат Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида ер солиғининг 10 баравари, бошқа ҳудудларда 5 баравари миқдорида белгиланмоқда.

Давлат раҳбари таклиф этилган чора-тадбирларни маъқуллаб, аҳоли ва тадбиркорларга енгиллик яратиш, ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича қўшимча топшириқлар берди.

Top