Ўқитувчиларга ҳурматсизлик уларнинг қандай ишлашини билмаслик сабаб пайдо бўлади – PISA асосчиси
PISA халқаро тадқиқоти асосчиси Андреас Шляйхер Ўзбекистонга ташрифи давомида Kun.uz мухбирининг жамиятда ўқитувчи мавқейини ошириш учун қандай йўл тутиш самарали бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволига жавоб берди.
“Ўқитувчилар қанчалик кўп жамият билан, ота-оналар билан алоқада бўлса, жамият ҳам уларнинг меҳнатини шунча кўп ҳурмат қилади. Кўпинча ўқитувчиларга ҳурматсизлик уларнинг қандай ишлаётганини билмасликдан келиб чиқади.
Афсуски, кўплаб ота-оналар учун мактаб ҳали ҳам қора қути бўлиб қолмоқда, чунки мактаблар ота-оналар билан етарлича яқин бўла олмаяпти. Таълим тизимида ўқитувчилар ва жамият қанчалик бир бирига чамбарчас боғлиқ бўлса, педагогика ҳам шунчалик умидбахш соҳага айланиб бораверади”, дейди PISA асосчиси.
Андреас Шляйхернинг мисол келтиришича, ўқитувчилар маоши ўртача бўлишига қарамай Эстонияда ҳар 7-8 кишидан бири ўқитувчи бўлиш учун ҳужжат топширади. Ҳамма давлатларда ҳам бундай эмас, танқисликлар мавжуд. Бунинг сабаби эса ўқитувчи меҳнати юзага чиқара олинмаётгани билан боғлиқ.
Пандемия ҳам ота-оналарга болаларни ўқитиш қанчалик қийин эканлигини кўрсатди. Аслида, жамиятимиздаги энг керакли касблардан бири ҳам ўқитувчиликдир, лекин буни доим ҳам билишмайди. Пандемия ҳукмрон пайти эса кўплаб ота-оналар таълим жараёнига аралашди ва улар ўқитувчилар қандай ишлашини ҳис қилди.
“Ўйлайманки, оилалар ва ўқитувчилар ўртасида қанчалик кўп алоқа ўрнатилса, ўқитувчилик касбининг мавқейи шунчалик кўтарилади. Демак, бу – ўз қўлимизда. Ўқитувчилик касбининг мақоми ўз-ўзидан шаклланмайди. Бу ўқитувчиларнинг меҳнати ва мактаблар фаолияти, сўнг эса мактабларнинг жамият билан қай даражада боғланганлиги натижасида содир бўлади”, дейди Андреас Шляйхер.
Мавзуга оид
10:09 / 19.12.2023
“Биз бунга тайёр эмас эдик, бунинг учун узоқ вақт керак” – вазир ўринбосари PISA натижалари ҳақида
09:09 / 10.12.2023
Таълимдаги аҳволимиз, даври ўтган Gentra ва 40 кунлик рейдлар — ҳафта дайжести
15:40 / 07.12.2023
Ўзбекистонлик ўқувчилар илк марта иштирок этган PISA натижалари эълон қилинди
15:21 / 24.07.2023