PISA тестининг 2022 йилги натижалари эълон қилинди. Ўтган йилги тестда 81 мамлакатдан 15 ёшли 690 минг ўқувчи қатнашган. Улар ўз мамлакатларидаги 26 миллион ўқувчининг ўртача билимини акс эттиради.
PISA тестлари ўзи нима?
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OCED) ташаббуси билан ҳар 3 йилда бир марта The Programme for International Student Assessment (PISA) халқаро ўқувчиларни баҳолаш тестлари ўтказилади.
PISA тестлари халқаро тан олинган ўлчовдан фойдаланиб, ўқитиш тизимлари, мактаблар, ўқитувчилар ва ўқувчилардан маълумотларни тўплаб, ўқувчилар билимини баҳолайди.
Бу тест синовлари 2000 йилдан бошланган. 2022 йилдагиси ҳисоб бўйича саккизинчиси бўлди. Тестлар ўқувчиларнинг математика, табиий фанлар ва ўқиш бўйича маҳорат ҳамда билимини синовдан ўтказади. Ўқувчилар 2 босқичда саралаб олинади. 1-босқичида қишлоқ ва шаҳар ҳудудларидан аралаш 150 мактаб танлаб олинади. Кейин ҳар бир мактабдан 42 ўқувчи ихтиёрий танланади. Тест натижалари 3 гуруҳга ажратилади: ўртачадан юқори, ўртача ва паст.
Энг юқори натижа Сингапурда
Натижаларга кўра, математика йўналишида ўзбекистонлик ўқувчилар 81 давлат орасидан 364 балл билан 72-ўринни эгаллаган. Математика саводхонлиги бўйича энг юқори балл қайд этганлар:
- Сингапур – 575 балл ( 2018 йилдагидан 6 балл ўсиш)
- Макао (Хитой) –552 балл (6 балл камайиш)
- Хитой Тайпеи – 547 балл (16 балл ўсиш)
- Ҳонконг – 540 балл (11 балл камайиш)
- Япония – 536 балл (9 балл ўсиш)
- Худди шу йўналишда энг паст балл қайд этганлар:
- Гватемала – 344 балл (10 балл ўсиш)
- Салвадор – 343 балл (қатнашмаган)
- Доминикан республикаси – 339 балл (14 балл ўсиш)
- Парагвай – 338 балл (11 балл ўсиш)
- Камбоджа – 336 балл (12 балл ўсиш).












