Ўзбекистон | 10:16 / 16.12.2019
22291
4 дақиқада ўқилади

Шифохона, мактаб ва боғчаларда истеъмол қилинадиган маҳсулотлар таркибига қуён гўшти қўшилади

Фото: Getty Images

Республикада қуёнчилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари қабул қилинади. Тегишли ҳужжат лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар:

а) Республикада 2020 йилда қуёнлар бош сонларини кўпайтиришнинг прогноз параметрлари;

б) Республикада 2020 йилда амалга ошириладиган қуёнчилик йўналишидаги лойиҳалар тасдиқланади.

Республикада 2020 йилда амалга ошириладиган лойиҳаларни кредитлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича устувор равишда АТ Халқ банки, “Микрокредитбанк” АТБ ва “Агробанк” АТБ орқали амалга оширилиши тавсия этилади.

“Микрокредитбанк” АТБ, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминотидаги лойиҳаларни амалга ошириш Агентлиги билан биргаликда 2020 йил 1 февралга қадар қуёнчилик соҳасидаги лойиҳаларни узоқ муддатга ва имтиёзли фоиз ставкаларда молиялаштириш мақсадида Халқаро тараққиёт уюшмасининг мазкур соҳага йўналтирилиши назарда тутилган ресурс маблағларини жалб қилиш чораларини кўради.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хонадонларда қуён етиштирувчи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларига қуён парваришлаш мақсадида сотиб олинаётган қуён уялари(қафаси) ва озуқаси учун базавий ҳисоб-китоб суммасининг (БҲС) ўн баробари миқдорида вазирлик субсидиялари ажратиш механизмларини 2020 йил 1 февраль санасидан амалиётга жорий қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари саноат усулида қуён парваришлашни ташкил қилишга талабгорлар учун камида беш йил муддатда ихтисослигини ўзгартирмаслик шарти билан ер майдонларини ажратишни ва бўш турган биноларни ноль қийматда балансга берилишини таъминлайди.

Белгилаб қўйилишича, қуёнчилик билан шуғулланувчи субъектларга саноат усулида қуён парваришлашни йўлга қўйиш мақсадида озуқа мақсадлари учун ер майдонлари ажратишда фақат она қуёнлар учун 0,03 шартли мол коэффициентидан фойдаланилади ҳамда ер майдонлари ажратиш белгиланган нормативларга мувофиқ амалга оширилади.

Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига қуёнчилик соҳасини ривожлантириш мақсадида фаол хорижий инвестицияларни жалб этишда кўмаклашади;

қуёнчилик соҳаси ривожланган Франция, Испания ва Италия давлатлари тажрибаларини ўрганиш ҳамда келгусида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида “Ўзбекчорванасл” агентлиги, “Микрокредитбанк” АТБ, Қуёнчилик селекция генетика маркази мутахассислари ва тадбиркорларни ушбу давлатларга хизмат сафарига юборилишини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси қуёнчилик билан шуғулланувчи субъектлар талабномаларига асосан қуёнлар касалликларига қарши эмлама ва дори воситалари билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари йирик савдо марказлари, марказий деҳқон бозорлари ҳамда аҳоли гавжум жойларда қуён гўшти етиштирувчи субъектларга маҳсулотини сотиш учун шарт-шароитлар яратиб берилишини таъминлайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги:

шифохона ва шифо масканлари, мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасалари ҳамда ҳарбий қисмларда истеъмол қилинадиган маҳсулотлар таркибига парҳез ва фойдали қуён гўштини қўшишни ташкил этади;

Молия вазирлиги давлат бюджети параметрлари доирасида ушбу муассасаларга гўшт маҳсулотлари учун маблағлар ажратишда умумий гўшт миқдорининг 10 фоизигача миқдорида қуён гўшти учун йўналтиради;

“Наслли қуён етиштирувчилар” ва “Ўзбекистон қуёнчилик хўжаликлари” ассоциациялари мазкур вазирликлар тизимидаги муассаса ҳамда ташкилотларга ўзаро шартномалар асосида қуёнчилик субъектлари томонидан қуён гўшти етказиб беришда амалий ёрдам кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда истеъмол қилинадиган маҳсулотлар таркибига қуён гўштини қўшиш меъёрини ишлаб чиқади ҳамда қуён гўштининг фойдали хусусиятлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида фаол тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид