Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йирик ҳисобда ғалаба қозонган Фаррух Рафиқов жамоаси финал учун яққол даъвогарга айланди
Араблар нимани “уйқусизликнинг отаси” деб аташади? Асаларилар нега рақс тушади? Уруш вақтида фашист самолётлари Петербургдаги соборни нега ўққа тутмаган? “Заковат” телеўйини баҳорги мавсумининг учинчи ўйинидаги қизиқарли саволлар билан танишинг.
Фото: Заковат
Баҳорги мавсум Заковат ўйинлари билимдонлар ва мухлислар эътиборига янги мавсум ўйинларини ҳавола қилишда давом этмоқда. Ўйиндан ўйинга қизиқиш ортаётган турнирнинг бу галги сонида Фаррух Рафиқов ва унинг жамоаси иштирок этди. Баҳорги мавсумда иштирок этаётган энг тажрибали икки жамоанинг бири ҳисобланган мазкур жамоа кутилганидай ёрқин ўйин намойиш этди. Шубҳасиз, жамоанинг ҳар бир аъзоси ўз соҳасининг етук ва кучли мутахассисларидир.
Жамоа аъзолари:
Фаррух Рафиқов – муҳандис-лойиҳачи (жамоа сардори);
Азизбек Абдуллаев – мустақил тадқиқотчи;
Умархон Шариф – муҳандис;
Равшан Исмоилов – UzTelecom акциядорлик жамияти мутахассиси;
Саидкамол Абдураззоқов – менежер;
Шавкат Улуғов – муҳандис-технолог.
Араб тили лексикологияси ҳақидаги савол билан бошланган биринчи раунд жамоада тўғри вариант бўла туриб нотўғриси танлангани билан эсда қолди. Ҳисоб – 0:1.
Иккинчи раунд саволи Россия императорлари тамадди вақтида ишлатадиган бўртма шиша идишлар ҳақида бўлди. Бу раундда ҳам жамоа тўғри вариант қолиб нотўғрисини берди – 0:2.
Ниҳоят, учинчи раундда жамоа тўғри вариантни “қочириб” юбормади. Бу раундда адабиётга мурожаат қилиниб, Нодир Норматовнинг “Кўзгудаги икковлон” асари воқеалари асосида Сибирга сургун қилинганлар ҳақида савол ўйналди. Жамоа биринчи очкони қўлга киритди – 1:2.
Тўртинчи раундда табиат мўъжизаларидан бири – асаларилар рақси ҳақида ажойиб савол янгради. Асаларилар рақсларини ўрганган олим Нобель мукофотига сазовор бўлганини билардингизми? Ушбу саволда қийин аҳволда қолган жамоа тажрибали ўйинчиси Саидкамол Абдураззоқовга ишонч билдирди. “Заковат” магистрининг унча ишонқирамай берган жавоби тўғри бўлиб чиқди. Ҳисоб тенглашди – 2:2.
Кейинги раундда Вьетнам уруш даврида дала госпиталларида сақланган велосипедлар ҳақидаги савол ўртага ташланди. Билимдонлар қийинчиликсиз тарози палласини ўзлари тарафга оғдирди. Ҳисоб – 3:2.
Олтинчи раундда икки киши учун мўлжалланган ғаройиб қайчи ҳақидаги саволга муддатидан олдин тўғри жавоб берилди – 4:2.
Еттинчи раунд саволи бутун дунёга машҳур “Иф” қалъаси ҳақида бўлди. Муҳокамаларга бой ўтган ушбу савол нафақат билимдонларда, балки залдагиларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Кетма-кет бешинчи саволга тўғри жавоб берган жамоа 5:2 ҳисобида олдинга чиқиб олди.
Тўхтатиб бўлмаётган жамоани Жалолиддин Румий ижоди ҳақидаги блиц-саволлар бироз қийнаб қўйди. Блицнинг биринчи саволидаёқ раунд бой берилди – 5:3.
Тўққизинчи раундга келиб яна жамоа ўзини ўнглаб олди. Санкт-Петербургдаги собор ҳақида берилган қизиқарли саволда Саидкамол Абдураззоқов яна ўз сўзини айтди. Ҳисоб эса – 6:3, билимдонлар фойдасига!
Ниҳоят, мавсум бошидан буён илк бор билимдонлар жамоаси ғалаба қозонди. Ғалаба қозонганда ҳам бу ишга осон ва енгил эришди. Интиҳоси ибтидосидан енгил ва завқли кечган ўйин!
Ўйин стенограммаси билан қуйида танишинг.
1-раунд. Савол муаллифи - Султон Набижонов, Балиқчи тумани.
Бошловчи: Арабча «абу» сўзи – ота маъносини билдиради. У фақат инсонларга эмас, ҳайвонларга, жонли-жонсиз нарсаларга нисбатан ҳам ишлатилади. Масалан: "Абу риёҳ" – шамол отаси, яъни флюгерни шундай аташади, "Абу найим" – уйқу отаси, яъни уйқу дориси аталади. Уйқусизлик отаси сифатида – “Абул яксон” тилга олинади. Араблар "Абул яксон" деб уни ҳам аташади.
Диққат савол: "Абул яксон" деб яна нимани айтишади?
Жавобни Фаррух Рафиқов беради: "Абул яксон" деб араблар балки кофени айтишар.
Тўғри жавоб: Улар "Абул яксон" деб хўрозни айтишади. Яъни, одамларнинг уйқуси уларни овозлари сабабли “яксон” бўлади.
Ҳисоб: 0:1
Савол муаллифи - Султон Набижонов 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
2-раунд. Савол муаллифи - Саида Усмонова, Тошкент шаҳри.
Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

ХIХ аср Россия императорлари тушлик ва кечки овқат вақтида столда албатта мана шунақа таги ғадир-будур бокаллар турган.
Диққат савол: Қачон бу бокалларда ичимликлар ичилган?
Жавобни Саидкамол Абдураззоқов беради: Идишда елканли кема тасвирланган. Кемага чиққанда дейлик.
Тўғри жавоб: Тортиладиган таомга боғлиқ бу нарса, агар товуқ, курка, каклик каби қушларнинг гўшти тортилса, улар қўллари билан ейишган. Ана шунда мана шундай бокалларга суюқлик қуйиб ичишган.
Ҳисоб: 0:2
Савол муаллифи - Саида Усмонова 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди
3-раунд. Савол муаллифи - Акбарали Юнусов, Ўрта Чирчиқ тумани.
Бошловчи: Нодир Норматовнинг "Кўзгудаги икковлон" асарида Сибирга сургун қилинганлар орасида битта алоҳида бригада бўлганлиги ёзилади. Уларнинг аниқ вазифаси ҳам бўлган экан. Улар ўз вазифаларини бажариш учун кўп дарахтларни кесиб, ёқиб юборишларига тўғри келган экан.
Диққат савол: Бу бригаданинг вазифасини ва нега кўп олов ёқишганлигини топинг.
Жавобни Азизбек Абдуллаев беради: Сибирга сургун қилинганлар совуқ ўрмонда бошқалардан яёв олиб кетилган, албаттаки, ҳолсизликдан вафот этганлар ҳам бўлган орасида, шуларни кўмиш керак бўлган. Бундан мақсад, қазиш осон бўлиши учун дарахтларни ёқиб, ерни музини эритиб, гўр қазиб кўмиш бўлган.
Тўғри жавоб: Оғир шароитда ишлаган маҳбуслар орасида ўлим кўп кузатилган, уларни кўмиш билан шуғулланган ушбу бригада. Сибир, совуқ, ерлар музлаган. Ерни юмшатиш учун эса анча олов ёқиш керак бўлган.
Ҳисоб: 1:2
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
4-раунд. Савол муаллифи - Фаррух Ражабов, Шофиркон тумани.
Бошловчи: Диққатни экранга қаратинглар!
Ари бир ҳаракатни қайтармоқда. Асаларилар рақс турларини, улар ҳаракатларининг маъносини ўрганган австриялик физиолог олим, Нобель мукофоти соҳиби Карл фон Фриш, уларни кузатиб ушбу схемани аниқлаган. Кўриб турганингиздек, бир ари рақс тушмоқда. Фриш уларни бу рақсидаги маънони топган ва Нобелга эга бўлган.
Диққат савол: Ўртадаги асалари нега бунақанги ҳаракатларни амалга оширяпти деб ўйлайсиз?
Жавобни Саидкамол Абдураззоқов беради: Бизни фикримизча нектар қаерда эканлигини топган битта ари қолганларига хабар бериши керак қаёқдалигини. Мана шу ҳаракатлари орқали йўналишдан ташқари айланув масофаси нектаргача бўлган масофани билдиради.
Тўғри жавоб: Бу рақс билан бошқа ишчи асалариларга у янги топилган гулзорни тушунтиряпти. Мана шу ерга боришни схематик кўрсатиб бермоқда. Арилар ҳаракати орқали янги гулзорни қаердалигини тушунтириб бермоқда.
Ҳисоб: 2:2
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
5-раунд. Савол муаллифи - Достонбек Қорабошев, Сардоба тумани.
Бошловчи: ХХ аср 60 йилларида Вьетнамдаги уруш вақтида, Вьетнам ҳарбий дала госпиталлари ичида 3-4 та велосипедлар сақланган. Бу велосипедлар фақат экстремал ҳолатларда ишга тушган.
Диққат савол: Уруш вақтини кўз олдингизга келтиринг ва айтинг, бу каби велосипедларни қачон ишлатишган?
Жавобни Саидкамол Абдураззоқов беради: Бизнинг фикримизча, 60 йилларни тасаввур қилдик. Дала госпиталлари дейилди, ҳар доим ҳам эмас, операция бўлаётган пайтда чироқ бўлмай қолса, ўзини тўғри функциясида эмас, балки велосипед ғилдирагини айлантириш орқали динамик ишлатиб, чироқ олса бўлади. Шу чироқ олиш деб ўйлаймиз.
Тўғри жавоб: Ҳаво ҳужумлари вақтида операция бўлаётган бўлса, уни тугаллаб олиш учун велосипедлар орқали, йўқ бўлиб қолган электр энергия ҳосил қилинади.
Ҳисоб: 3:2
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
6-раунд. Савол муаллифи – Охунжон Шукуров, Санкт-Петербург шаҳри.
Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Ғаройиб қайчи сурати.
Диққат савол: Бу қайчи кўринишидан келиб чиқиб айтинг. Бундай қайчилар кимлар учун ишлаб чиқарилган?
Жамоа муддатдан олдин жавоб беради.
Жавобни Равшан Исмоилов беради: Агар хотирам панд бермаётган бўлса, бу ота-оналар болаларига қайчидан фойдаланишни ўргатиш учун ишлаб чиқарилган.
Тўғри жавоб: Ёш болаларга кесишни ўргатиш учун ишлаб чиқарилган. Ўртасидан бола бармоғи тиқилади, икки юқори чеккадан онасини қўли тиқилади.
Ҳисоб: 4:2
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
7-раунд. Савол муаллифи - Равшанбек Мамажонов, Тўрақўрғон тумани.
Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Машҳур Иф қалъасининг сурати бу. Туристлар бу қалъага оқиб келишади. Тарихчи Ален Деконинг ёзишича, туристларни бу оролга олиб келишларига, қалъани машҳур бўлишига иккита асарнинг иккита персонажи катта роль ўйнайди. Биринчиси "Эдмонд Дантес" бўлса, иккинчиси ... Иккинчисига иккинчи қаватдан хона очиб берилган. Аслида У бу қамоқда бўлмаган.
Диққат савол: Бу маҳбус ким?
Жавобни Саидкамол Абдураззоқов беради: Биттасини ўзингиз айтиб ўтингиз "Эдмонд Дантес" бўлса, иккинчиси, бизни фикримизча "Темир ниқобли одам" ҳисобланади.
Тўғри жавоб: Биринчисини айтдим бу – "Эдмонд Дантес", "Граф Монте Кристо" асари қаҳрамони. Иккинчиси АҚШ кино ижодкорлари яратган "Темир ниқобли одам" фильмидаги Леонардо Ди Каприо гавдалантирган «Филипп» роли. Тарихчилар уни ҳаётда эмас, бадиий асарларда пайдо бўлган образ дейишади. Шунинг учун ҳам туристлар учун иккинчи қаватда унга хона очиб беришган. Мана бу ерда "Темир ниқобли одам" қамалган деган маънода.
Ҳисоб: 5:2
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
8-раунд. Блиц. Савол муаллифи - Баҳодир Ҳайдаров, Шаҳрихон шаҳри.
Блиц мавзуси: Жалолиддин Румий ҳикматлари.
1-савол.
Бошловчи: Тилига ҳоким бўлмаган инсондан дўст чиқмас. Кўзига ҳоким бўлмаган инсондан ... чиқмас.
Диққат савол: Иборани битта сўз билан тўлдиринг.
Жавобни Фаррух Рафиқов беради: Қоровул дейлик.
Тўғри жавоб: Тилига ҳоким бўлмаган инсондан дўст чиқмас. Кўзига ҳоким бўлмаган инсондан ёр чиқмас. Уни кўзи ўйнаб турса ундан ёр чиқмайди. Жалолиддин Румий даврида ҳам мана шундай муаммо бўлган экан.
Ҳисоб: 5:3
Савол муаллифи Баҳодир Ҳайдаров 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
9 -раунд. Савол муаллифи – Адҳам Қўзибоев, Нуробод тумани.
Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Биз сизларга Санкт-Петербургдаги собор суратини кўрсатяпмиз. Иккинчи жаҳон урушида ўша пайтдаги Ленинград 900 кун қамал қилинган, атрофдан ўраб олиб немис артиллерияси шаҳарни обдон ўққа тутган. Лекин бу собор негадир бутун қолган.
Диққат савол: Нега бу минора омон қолган?
Жавобни Саидкамол Абдураззоқов беради: Бизнинг фикримизча немисларни ўзлари атайлабдан омон қолдирган. Чунки ўша бомбардимон қилинаётган пайтда ориентир бўлиб хизмат қилган.
Тўғри жавоб: Бу мақбара немислар учун ориентир вазифасини ўтаган. Шу бинони мўлжаллаб бошқа биноларга ўқ узилган. Шунинг учун омон қолган.
Ҳисоб: 6:3
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
“Заковат” магистри – Саидкамол Абдураззоқов ўйиннинг энг яхши билимдони деб топилди ва унга 5 миллион сўм мукофот бериладиган бўлди.
Маълумот учун, мавсум ўйинларида билимдонлар ҳар бир тўғри берилган жавоб учун 1 млн сўмдан, савол билан иштирок этган мухлислар эса саволи нечанчи бўлиб топилмаганига қараб 1 млндан 6 млн сўмгача пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Мавзуга оид
21:21 / 18.12.2025
Интеллектуал олимпиада ўйинлари ғолиблари тақдирланди
11:41 / 24.10.2025
Саида Мирзиёева “Zakovat-Gambit” ғолибларини табриклади
21:03 / 21.08.2025
Саида Мирзиёева Қирғизистонда ўтган “Заковат” турнири ғолибларини табриклади
20:27 / 18.08.2025