Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жавоҳирга отаси буйрагини бермоқчи – Ҳиндистонда қилинадиган операция учун ёрдам зарур
Тошкент вилояти, Бўка туманида яшовчи Жавоҳир 26 ёшда. У айни навқирон ёшида тўшакка михланиб қолди. Уч йилдан бери оғир дард билан олишмоқда. Унга сурункали гломерулонефрит ташхиси қўйилган. Оддий тил билан айтганда, буйрак етишмовчилигининг сурункали, яъни оғир тури.
«2016 йилда шу касалга чалиниб қолдим. Бир йиллик ҳарбий хизматга бораман деб тайёрланиб юргандим. Тиббий текширувлардан ўтаётганимда қон босимим юқори чиқди. Қон босимимни меъёрига келтириш учун даволандим, лекин фойдаси бўлмади. Кейин шу касаллик аниқланди», дейди Жавоҳир.
Жавоҳир 2017 йилдан бери гемодиализ муолажасига қатнамоқда. Бунда махсус аппарат ёрдамида қон тозаланади. У ҳафтада камида икки, бўлмаса уч марта шундай муолажани олиши керак.
Онаси Гулнора Раҳмонқулованинг айтишича, Бўка туманида бундай муолажани олишнинг имкони йўқ. Шу сабабли ўғлини бемор ҳолида ҳафтада уч марта Бекобод шаҳрига олиб-бориб келишмоқда.
«Шу касалнинг таъсирида ҳолсиз, шу кунларда қулоғиям эшитмай қолди. Қон босими 200-250ларга чиқиб кетади.
Ҳафтада икки-уч марта Бекобод шаҳрига гемодиализ муолажасига борамиз. Бўка ва Бекободнинг ораси 100 километр, узоқ йўл боламни толиқтириб қўйяпти.
Гемодиализ муолажаси учун яхши-яхши овқатланиши керак, йўқса қонидаги гемоглабин миқдори тушиб кетади. Доимий оладиган дорилари бор, нархи жуда қиммат», дейди Гулнора Раҳмонқулова.

Беморнинг онаси пенсионер, отасининг эса пенсияга чиқишига саноқли йил қолганда ишхонаси ёпилган, у ҳозир ишламайди.
Жавоҳир оиламизнинг асосий боқувчиси эди, дейди онаси.
Тинимсиз муолажа, дори-дармон, тиббий кўрик, йўлкира ва бошқа харажат оиланинг тинка мадорини қуритган.
«Уйда қўлга илинадиган ҳамма нарсани сотиб тугатдик, ҳатто ҳовлимизнинг ярмини ҳам сотдик, ҳаммаси боламнинг муолажасига кетди. Икки қиздан кейин бу йигит туғилганда отаси наслимнинг давомчиси туғилди, деб суюнганди. Армияга бориб келса, уйлантирмоқчи эдик. Бошимизда шундай синов бор экан.
Ноиложлигимиздан саховатпеша инсонлардан ёрдам сўраяпмиз. Бизга ёрдам қўлини чўзадиганларнинг ўзлари, фарзандлари бундай дард нималигини билишмасин, ҳаммалари бола-чақасининг ҳузур ҳаловатини кўришсин», дейди онаизор.
«Кейинги пайтда юришгаям қийналиб қоляпман. Ҳолим йўқ. Ёз келса иссиқда кўпроқ қийналаман. Буйракларим ишдан чиқиб бўлган. Оёққа туриб кетишим учун буйракларимни алмаштирмаса бўлмас экан. Шу сабабли отам менга ўзининг битта буйрагини бермоқчи.
Қон гуруҳларимиз ва бошқа таҳлиллар натижалари мос келди. Тошкентга келган ҳиндистонлик шифокорлар операция қиламиз, деб айтишди. Операция баҳоси 12 минг доллар. Ўзимизда маблағ етарли бўлмагани учун сахий юртдошларимдан ёрдам сўраб мурожаат қиляпман. Илтимос, ёрдам беринглар» – дейди Жавоҳир.

Қадрдон ватандошлар, ушбу оиланинг оғир кунларида дастак бўлиб, ҳамюртимиз Жавоҳирнинг шифо топиши учун кўмакда бўлайлик! Зеро, бу – тақдирнинг аччиқ қисмати барчамиз учун имтиҳондир.
Kun.uz сайти бундай акцияларда бир сабабчи, воситачи холос. Барча хайрияларни, ҳамма саховатни юртдошларимиз, савоб умидидаги инсонлар қиладилар. Умидимиз борки, Жавоҳир сизларнинг атаган маблағингиз ортидан шифо топиб, ота-онасининг мушкули осон бўлади.
Raxmanqulov Javohir номига очилган карта
UZCARD:
8600 0417 4127 4907 (Click/PayMe)
Транзит ҳисоб-рақами (хориждан пул ўтказмалари учун):
2261 8840 6990 3500 5901
Жамшид Ниёзов.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!
Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз, дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.
Мавзуга оид
10:36 / 25.08.2025
Ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартиби белгиланди
20:18 / 08.05.2025
Билл Гейтс 20 йил ичида деярли барча бойлигини хайрияга йўналтиришига ваъда берди
15:18 / 06.03.2025
“Эзгу Амал” жамғармаси янгиланган низомини эълон қилди
15:30 / 03.02.2025