Ўзбекистон | 10:26 / 29.07.2021
9920
2 дақиқада ўқилади

1 октябрдан тиббиёт муассасаларида квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади 

“Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

2021 йил 1 октябрдан тегишли давлат тиббиёт муассасаларида (14та) имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади ва молиялаштиришнинг янги механизми асосида уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилади.

2022 йил 1 январдан кардиология, травматология ва ортопедия ҳамда акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилишига рухсат берилади. 

Амалдаги ордер бериш тартибига асосан расмийлаштирилган ордерлардан 2022 йилнинг 1 январигача фойдаланиш мумкин.

2022 йил 1 январдан тегишли давлат тиббиёт муассасаларида (13та) имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тартиби жорий этилади.

1 октябрдан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни даволаш учун ихтисослаштирилган муассасаларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тузилган шартномалар асосида базавий нархларда молиялаштириш механизми жорий этилади. 

1 августдан онкология, онкогематология ва гематология муассасаларининг паллиатив ёрдам кўрсатиш бўлимлари шифокорлари, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун ўта хавфли шароитлари учун 25 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади. 

2022 йил 1 январдан босқичма-босқич туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг 46та туғуруқ бўлимлари негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади. 

1 сентябргача имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга республика миқёсида тиббий хизматларни кўрсатиш, уларнинг мурожаатларини қабул қилиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этишга мўлжалланган ягона қисқа рақамли бепул “тезкор алоқа” йўлга қўйилади.

Мавзуга оид