Ўзбекистон | 13:14
3858
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Ҳаж – 2026» мавсуми 2 майдан бошланади

2 майдан 18 майга қадар Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудидан Мадинага тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади. Жорий йилда ҳам Ҳажга 15 минг зиёратчи боради, бир киши учун ҳаж сафарининг нархи 77 миллион сўмни ташкил қилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон 2026 йилги Ҳаж мавсуми 2 майдан бошланади ҳамда 18 майга қадар ҳар куни Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади.

Зиёратчилар Ўзбекистоннинг 9 та ҳудуди – Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларидаги аэропортлардан Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.

Мусулмонлар идорасининг маълум қилишича, ўзбекистонликларни Мадина шаҳрига етказиш Саудия Арабистонининг арзон нархдаги (low-cost airline) компанияси Flyadeal зиммасига юклатилган. Ҳожиларни қайтариб олиб келиш эса Uzbekistan Airways томонидан амалга оширилади. Зиёратчиларнинг қайтиши июн ойининг дастлабки ҳафтасида бошланиши кутилмоқда.

Идора матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, жорий йилда ҳам Ўзбекистон учун 15 минг дона квота ажратилган. Мусулмонлар идораси ҳузуридаги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш марказига кўра, жорий йилда бир киши учун Ҳаж сафарининг нархи 77 миллион 73 минг сўмни (қарийб 6400 доллар) ташкил қилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон фуқаролари келаси йилда Ҳаж зиёратига бориш учун олдиндан электрон навбатга рўйхатдан ўтиши мумкин. Бу икки усулда амалга оширилади — Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва www.haj-umra.gov.uz сайти орқали.

Маълум қилинишича, айни вақтда Ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича қуйидаги тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда:

  • зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, менингит касаллигига қарши эмланди;
  • зиёратчиларнинг расмий ҳаж визалари ва бошқа зарур ҳужжатларни расмийлаштириш якунланди;
  • зиёратчиларга гуруҳ раҳбарлари бириктирилиб, сафар олди машғулотлари ўтказилмоқда.

Диний идорага кўра, ҳар бир зиёратчига қуйидагилар тақдим этилмоқда:

  • «Ҳаж – буюк ибодатдир» қўлланмаси;
  • Сумка;
  • Нимча;
  • Термос;
  • Соябон;
  • сим-карта ва қувватлагич.

Шунингдек, айни вақтда Саудия Арабистонида бўлиб турган «Ҳаж – 2026» мавсуми илк ишчи гуруҳлари ҳамкор ташкилотлар билан бирга меҳмонхоналар, Мино ва Арофот водийларида зиёратчилар учун шароитлар тайёрлаш бўйича иш олиб бормоқда.

Мавзуга доир: Саудия Арабистонида Ҳаж мавсумига тайёргарлик бошланди. Нималарни билиш керак?

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш