Путин уруш тугаши бўйича Россия шартларини айтди
Россия президентига кўра, Украина Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетсагина Кремл музокараларга киришиши мумкин.
РФ президенти Владимир Путин Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан учрашув вақтида мамлакат армияси Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши учун шартларни санади. Шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленскийни навбатдаги марта нолегитим раҳбар деб атади.
Путинга кўра, Россиянинг асосий талаби Украина ўзига тегишли бўлган субъектлар – Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларидан ўз қўшинларини олиб чиқишидир. «Киев қўшинларни олиб чиқишни бошласа, биз тезда ўт очишни тўхтатишга буйруқ берамиз ва музокарага киришамиз», деган Путин.
Россия президентига кўра, Украина ўзига тегишли бўлган юқоридаги тўрт областнинг нафақат Россия босиб олган қисмидан, балки тўлиқ маъмурий чегараларидан чиқиб кетиши керак.
Путиннинг навбатдаги талабига кўра, Украина НАТОга киришдан тўлиқ воз кечиши, бу ҳақда эълон қилиши керак. «Бугун яна бир ҳақиқий тинчлик шартномаси таклиф қилдик. Украина НАТОга киришдан воз кечиши керак. Гап конфликтни музлатиш ҳақида эмас, уни буткул тугатиш ҳақида кетмоқда», деди Путин.
«Бизнинг мақсадимиз – Украинанинг нейтралитети, блокларга кирмаслиги, ядросиз мақомда бўлиши, унинг демилитаризация ва денацификация қилиниши», деб қўшимча қилди Путин. У уруш бошланганда Россиянинг «махсус ҳарбий амалиёти» айнан Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш эканини айтганди.
Путин Украина Киев янги ҳудудий шартларни қабул қилиши ва рус тилида гаплашувчилар ҳуқуқларини таъминлаши кераклиги шартлардан бири эканини айтди. Путинга кўра, Россияга киритилган санкцияларнинг барчаси бекор қилиниши ҳам уруш тугаши учун Москванинг шартларидан бири.
Путин аввалига Россиянинг ягона шарти Украина 4 областдан қўшинларини олиб чиқиб кетиши эканини айтди, кейин юқоридаги шартларни қўшимча қилди.
«Зеленский – нолегитим президент»
Путин навбатдаги марта Украина президенти Володимир Зеленскийнинг легитимлиги борасида сўз очди. Унинг сўзларига кўра, Зеленский – нолегитим президент, Олий рада – легитим парламент. «Айнан Олий рада бугунги кунда легитим орган ҳисобланади, амалдаги ҳукуматдан фарқли ўлароқ», деган Россия президенти.
Маълумот учун, Украина президенти Володимир Зеленскийнинг амалдаги президентлик ваколати жорий йил 20 майда тугаганди. Украина эса уруш ҳолати бўлгани сабаб президентлик сайловларини бекор қилган. Украина конституциясига кўра эса ҳарбий ҳолат вақтида фақат Олий рада учун сайловлар ўтказилмаслиги кўрсатилган.
Владимир Путин бу гапларни 15 июн куни Швейцарияда бошланадиган Украина бўйича тинчлик конференциясидан олдин айтди. Бу уруш бошланганидан буён тинчлик бўйича энг йирик йиғилиш бўлади. Ташкилотчилар унга Россияни таклиф қилишмаган.