Спорт | 20:52 / 02.08.2024
10234
2 дақиқада ўқилади

Алишер Юсупов – бронза медали соҳиби

Париж олимпиадасида Ўзбекистон делегацияси ҳисобига 3-медал ҳам дзюдочилар жамоаси томонидан олиб келинди.

Фото: olympic.uz

Ўзбекистон дзюдо жамоасининг +100 кг вазн тоифасидаги вакили Алишер Юсупов Париж олимпиадасида бронза медал учун татамига чиқди.

У ушбу вазн тоифаси фаворитларидан бўлган япониялик Татсуру Саитони иппон баҳоси билан мағлуб этиб, бронза медални қўлга киритди.

Юсупов турнирдаги иштирокини нимчоракфиналда словакиялик Мариус Физел устидан ғалаба қозониш билан бошлаганди. Аммо чоракфиналда тожикистонлик Тимур Раҳимов билан беллашувда ортиқча шидо туфайли мағлуб бўлди ҳамда бронза учун ўтиш баҳсларида қатнашадиган бўлди.

Ўз навбатида, бу босқичда унга рақиблик қилиши керак бўлган гуржистонлик Гурам Тушишвили дисквалификацияга учрагани туфайли, Юсупов автоматик равишда бронза учун баҳсга ўтганди.

Унинг медали Ўзбекистон дзюдочилари жамоасининг Париждаги турнирда қўлга кириган учинчи медали бўлди. Бунгача Диёра Келдиёрова ўз вазн тоифасида чемпион бўлган, Музаффарбек Тўрабоев эса бронзага эга чиққанди. Эътиборли жиҳати, дзюдочилар шу вақтгача олимпиадаларда бирор марта учта медал олишмаганди.

Маълумот учун, 25 ёшли дзюдочи сўнгги икки жаҳон чемпионатида 3-ўрнини эгаллаганди.

Мавзуга оид