Ўзбекистон | 17:50 / 16.09.2022
8599
4 дақиқада ўқилади

Андижонда «Ҳоким академияси» онлайн таълим платформаси фаолиятини бошлади 

Ушбу платформа Президент мактабига кириш истагидаги ўқувчилар, абитуриентлар, чет тилини ўрганиш иштиёқидаги ёшлар ва ўз малакасини ошириш мақсадида бўлган ўқитувчилар учун мўлжалланган.  

Андижон шаҳридаги  Digital City технопаркида вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ташкил этилган «Ҳоким академияси» онлайн таълим платформасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, олий таълим муассасаларининг ректорлари, халқ таълими ходимлари, нуронийлар, ёшлар, профессор-ўқитувчилар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Жараёнда вилоят раҳбари Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, «Ҳоким академияси» фаолияти хусусида сўз юритди. Мазкур даргоҳда онлайн таълим платформасини ташкил этишдан асосий мақсад унда ҳудуддаги мактаб ўқитувчиларини масофадан туриб малакаларини ошириш баробарида таълим сифатини яхшилаш эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, масканда мактаб битирувчиларининг олий таълимга кириш имкониятларини кенгайтириш ва ёшларнинг чет тилини билиш даражасини оширишлари учун барча шароитлар яратилган.

«Ҳоким академияси» онлайн платформасига жойлаб бориладиган видеодарслар сараланган, малакали профессор-ўқитувчилар томонидан замонавий ва сўнгги русумдаги технологияларни ўз ичига олган “Jalinga” студиясида олиб борилади.

Йил якунига қадар ушбу платформага вилоятнинг барча педагог-ўқитувчилари ҳамда ўқувчилар қамраб олинади.

Айни кунгача платформага аъзо бўлган мактабларнинг сони 752 тани ташкил этган. Жами рўйхатдан ўтган ўқувчилар сони эса 20 минг 283 нафарга етди.

Уларнинг 6 минг 868 нафари абитуриентлар, 7 минг 166 нафари Президент мактабига киришни мақсад қилган ёшлар ҳисобланади.

Шунингдек, 3 минг 741 нафар педагог-ўқитувчилар малака ва билимларини оширмоқдалар.

Тадбирда онлайн платформа имкониятлари намойиш этиб берилди.

   Ушбу платформа ҳорижий ва маҳаллий дастурчилар билан ҳамкорлик асосида Андижон Digital City технопарки дастурчилари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бу эса келгусида яратилган тизимни янада такомиллаштириш ва ривожлантириб бориш, шунингдек, техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имконини беради.

“Ҳоким Академияси” онлайн таълим платформаси ишга тушиши қуйидаги қулайликларни яратади:

      Биринчидан, ўқитувчи исталган вақтда кириб, малака ошириш курсларида иштирок этади, дарсларни тамомлагандан сўнг тест топшириб, малака оширганлиги тўғрисида сертификат олади. Бу билан уларнинг вақти ва маблағи тежалади;

      Иккинчидан, бошланғич таълимдан сўнг ўрта таълимни Президент мактабида давом эттиришни истаган мактаб ўқувчилари (яъни 4-синф ўқувчилари) ушбу платформага жойлаб бориладиган онлайн дарсларни кўриши ва ўзлаштириши орқали кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриш имконияти яратилади;

Учинчидан, чет тилини ўрганиш иштиёқидаги ёшлар платформа ёрдамида масофавий тил курсларида ўқишлари мумкин. Бу ёшлар учун қулай шароит яратади;

Тўртинчидан, абитуриентлар ва 11-синф ўқувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўришлари учун махсус онлайн дарсликлар жойлаб борилади.

Бир сўз билан айтганда, ушбу платформа вилоятда масофавий таълимни ривожлантириш ва замонавий ёндашув асосида илм олиш учун киритилган инвестиция.Ⓣ