Жамият | 13:34 / 28.10.2017
23100
3 дақиқада ўқилади

Онахон ва отахон ҳажга борамиз деб йиғиб қўйган маблағни қишлоққа тоза ичимлик суви олиб келишга сарфлади

Фото: ЎзА

Бувайда туманилик Мамарасул ота Камолов ва унинг аёли Мунаввархон ая ҳажга борамиз деб 45 миллион сўм пул йиғиб қўйганди. Шу маблағни қишлоққа тоза ичимлик сув олиб келишга сарфлади. 

Бугун Фарғона вилояти, Бувайда туманининг Бештерак қишлоғи, Ўртақишлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Мамарасул ота Камоловнинг хонадони саховат боғига айланди десак, муболаға бўлмайди. Ҳовлига кириб бораркансиз, сархил узумларни, серҳосил бодомзорларни кўриб кузни алқайсиз. Сўрида қўр тўкиб ўтирган хонадон эгаларига ҳожилик мабрур бўлсин, саховатпеша деган улуғ мақом муборак, дея саломлашасиз. Иккиси худди сафардан қайтган ҳожилар каби дуога қўлларини очади, деб ёзади ЎзА.

«Кўнглига тугиб қўйган ниятини ҳаммадан сир тутиб келган экан, икковлон ҳажга борамиз деб 45 миллион сўм пул йиғиб қўйгандик. Бир куни ўғлим Фозилжонга муддаосини айтди. Ўғлим, шу маблағни қишлоққа тоза ичимлик суви олиб келишга сарфлаймиз, мени эзгу ишдан қайтарманглар, деди. Мен ҳам жони дилим билан рози бўлдим. Ўғлим ҳам ота амри вожиб, деб ишга киришди», - дейди Мунаввархон ая. 

Дарҳақиқат, Ўртақишлоқ маҳалласи аҳолиси неча йиллардан буён тоза ичимлик суви муаммоси билан яшарди. Манғит қишлоғидан 1,5 километр масофадан тортилган сув қувурлари аллақачон яроқсиз ҳолга келган, ҳудуддаги 26-умумтаълим мактаби, 7-мактабгача таълим муассасаси ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаган эди. Тўғри, бир неча бор сув минораси ёнига қувур кавлаш режа-лойиҳаси мутасаддилар томонидан ишлаб чиқилган, бироқ айрим сабабларга кўра лойиҳа амалга оширилмай келинарди. Отанинг ташаббуси ва саховати билан 270 метрлик қудуқ қазилиб сув чиқарилди. Натижада 2 минг 300 дан ортиқ аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлди. 

– Шундай кунларда маҳалланинг ҳамжиҳатлигига қойил қолмай илож йўқ, – дейди маҳалла маслаҳатчиси Моҳирахон Тожибоева. – Кекса-ю ёш тўпланишиб ҳашарга чиқишди. Онахонлар, оила соҳибларининг миннатдорчилик изҳорларини эшитиб орамизда яхши одамлар кўплигидан фахрланиб кетасан. 

26-умумтаълим мактаби директори Хурсаной Маъмурова ва ўқитувчи-мураббийлар сув келтирган элда азиз бўлиши, сувни исроф қилмасдан тежаб-тергаб фойдаланиш зарурлигини ўқувчи-ёшларга таъкидлаб, сахий инсонларга раҳматлар айтишмоқда. 

Мамарасул ота ва Мунаввархон ая фарзандларини эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялади. Уч қизи ўқитувчи, кенжаси Эътиборхон халқ таълими аълочиси. Фозилжон тадбиркор. 12 невара, битта эвара уларнинг умр давомчилари. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид