11:30 / 24.06.2019
9872

Боғот туманидаги «Маънавият» маҳалласи қачон обод бўлади?

2018 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Унда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини барча ҳудудларда амалга ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш ва дунёқарашини кенгайтириш асосий вазифа экани белгилаб қўйилган.

Бу фармон асосида Хоразм вилояти, Боғот тумани, Миришкор қишлоғидаги «Маънавият» маҳалласи ҳам «Обод қишлоқ» дастурига киритилди.

«Маънавият» маҳалласида 5 мингдан ортиқ аҳоли 900га яқин хонадонда яшамоқда. «Обод қишлоқ» дастури бўйича маҳаллада 712та уй-жойни таъмирлаш, 5,5 км узунликда ичимлик суви тармоғини ўтказиш, 0,7 км узунликда оқова сув иншоотларини ўрнатиш, 0,8 км узунликда электр тармоғини, 0,6 км узунликда табиий газ тармоғини ўтказиш, 3,0 км узунликдаги ички йўлларни, 2 км узунликда пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, 3та ижтимоий соҳа, 6та маиший хизмат объектларини қуриш ва таъмирлаш, 1та кўмир омбори, 1та суюлтирилган газ шохобчасини янгидан қуриш, 300та кўча чироқларини ўрнатиш, 2,5 км узунликда гулзорлар ташкил этиш кўзда тутилган эди.

Бу ишларни молиялаштириш учун жами 7 миллиард 515 миллион сўм ажратилган.

Бироқ «Маънавият» маҳалласи аҳолисининг сўзларига кўра, режадаги ишлар тўлиқ бажарилмаган. Бунда асосий эътироз йўлларнинг абгор аҳволига қаратилмоқда.

Маҳалла йўлларининг аҳволини кўриб, «Обод қишлоқ» дастури асосида обод қилинганига ишониш қийин. Бу йўллар ёмғир-қорли мавсумда ботқоққа айланади, иссиқ-қуруқ мавсумда эса чанг-тўзон остида қолади. Маҳалла ҳудудини айланар эканмиз, дов-дарахтлар, уйларнинг томлари, автомашиналар чангга кўмилганини кузатиш мумкин. Бу йўллардан ҳар куни ишга, юмушга ўтадиган одамлар, боғчага, мактабга қатнайдиган болаларнинг аҳволига фақат ачиниш мумкин.

Бу мурожаат бўйича Боғот тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Матяқубовдан изоҳ олдик, ҳужжатлар билан танишдик.

Дастур бўйича амалга оширилган ишлар ҳисоботига кўра, «Маънавият» маҳалласида 712та уй-жой таъмирланган, 150та уйдан 88тасининг томи ёпилган, 890та уйнинг фасади таъмирланган, 27та ноқонуний қурилма бузилган, 22та кўча чироғи ўрнатилган, 13 км узунликдаги ариқлар тозаланган, 4700та манзарали дарахт, 3350 туп гул кўчатлари экилган, 16-сон мактабгача таълим муассасаси ва 23-сон мактаб биноси тўлиқ таъмирланган, 3,3 км узунликдаги йўл таъмирланган, 4,3 км ичимлик суви тармоғи ўтказилган, 1 км газ қувури ётқизилиб, 0,8 км электр сими тортилган.

Улуғбек Матяқубов сўзларига кўра, «Маънавият» маҳалласида ишларнинг чала қолишига тажрибасизлик ва маблағ танқислиги сабаб бўлган.

«Обод қишлоқ» дастури бўйича ишлар 2018 йили илк марта бошланди. Бу тадбир бўйича тажрибамиз йўқлиги сабабли камчиликлар ҳам бўлди. Боғот тумани бўйича «Ашхобод» ва «Маънавият» маҳалласи «Обод қишлоқ» дастурига тушган эди. «Маънавият» маҳалласига 7,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Уларнинг асосий қисми мактаб ва боғчани таъмирлашга сарфланди. Энди охирига етказилмай қолган ишларни маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштириб, 2019 йил давомида якунлаймиз. Ҳозир бу тадбирлар «Ашхобод» маҳалласида давом эттирилмоқда. Ишлар якунлангач, «Маънавият» маҳалласидаги камчиликлар бартараф қилинади», - деди Матяқубов.

Савол: «Обод қишлоқ» дастурига асосан, «Маънавият» маҳалласида 3 км автомобиль йўлларини таъмирлаш кўзда тутилган эди, аммо ҳисоботда 1,1 км таъмирлангани кўрсатилган, бироқ асфальт ётқизилмаган. 2 км пиёдалар йўлагидан фақат 300 метр йўлак таъмирланган, холос.

«Обод қишлоқ» дастури бўйича ички йўлларга асфальт қопламаси эмас, балки ШҚА (шағал-қум аралашмаси ёки ШПС – «шебенно-песочная смесь»)  ётқизилиши кўзда тутилган. Йўлларни таъмирлаш ишлари чала қолгани юқорида айтилганидек маблағ танқислиги билан боғлиқ. Тўғри, ШҚА ётқизилганида иссиқ ва қуруқ ҳавода чанг-тўзон кўтарилади. Аммо ҳар бир хонадон эгаси ўз уйининг олдидаги йўлга сув сепиб турса, бундай ҳолат юз бермайди. Ички йўлларга асфальт ётқизиш «Обод қишлоқ» дастурида кўзда тутилмаган», - дейди Матяқубов.

«Обод қишлоқ» дастури бўйича йўлларга асфальт эмас, балки ШҚА ётқизилиши Хоразм вилоятининг иссиқ ва қуруқ об-ҳаво шароитига қанчалик мос экани яхшилаб ўрганиб чиқилганмикан? Ҳа, ШҚА йўлларнинг нотекислигини бартараф қилишга қисман имконият беряпти, аммо чанг-тўзон одамларга қўшимча ноқулайликлар туғдирмоқда. Унга сув сепиб туриш учун ҳар бир хонадондан кимдир шу иш билан мунтазам шуғулланишига тўғри келади. Бунинг қанчалик имкони борлигини эса билмадик...

Боғот тумани ҳокимлиги «Маънавият» маҳалласидаги «Обод қишлоқ» дастури бўйича қилиниши лозим бўлган, бироқ охирига етказилмай қолган ишларни 2019 йил давомида якунлашга, камчиликларни бартараф қилишга ваъда бермоқда. Ўз навбатида биз ҳам боғотликлар фақат қоғоздаги эмас, балки ҳақиқий обод қишлоқда, обод маҳаллада фаровон ҳаёт кечирадилар деган умиддамиз.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top