17:43 / 10.10.2022
6697

107 нафар ҳоким ўринбосари «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури ижросидаги камчиликлар учун жазоланди – Бош прокуратура

Маълум бўлишича, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури ижросида камчиликка йўл қўйгани учун вилоят ва туман-шаҳарлар ҳокимларининг 107 нафар ўринбосари ва бошқа масъуллар турли даражадаги интизомий жавобгарликка тортилган.

Бош прокуратура бўлим бошлиғи Абдураҳим Муҳиддиновга кўра, республика бўйича ўтказилган ўрганишлар давомида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури ижроси бўйича камчиликка йўл қўйган ва ўз вазифасини лозим даражада бажармаган 427 нафар масъул шахс интизомий, 724 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилган, 3040 нафар мутасадди расман огоҳлантирилган.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилояти ҳокимларининг ҳамда 107 нафар туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари, шунингдек Маданий мерос агентлиги директори, Маданият, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Гидрометеорология хизмати маркази ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарларининг соҳага масъул ўринбосарларига жазо чоралари қўлланган.

“Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 185 та жиноят ишлари қўзғатилди, 880 нафар фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Қурилиш сифати ва иш ҳажмларининг тўлиқ бажарилиши ўрганилиб, 1553 та ҳолатда сифатсиз бажарилган 32,3 млрд сўмлик ҳамда 793 та ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилган 37,9 млрд сўмлик ишлар бартараф эттирилиши орқали келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди.

Шу билан бирга, объект пудратчисини танлашдаги коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида пудратчиларнинг рейтингини ҳаққоний тарзда, инсон омилисиз аниқлаш ва тендер ўтказишда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб, ҳукумат томонидан ушбу таклифларни амалиётга татбиқ этиш чоралари кўрилди”, дейди Абдураҳим Муҳиддинов.

Бош прокуратура мулозимининг таъкидлашича, Республика штаби томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларига киритилган объектлардаги қурилиш - таъмирлаш ишларининг сифати устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида “QURILISHDA NAZORAT” деб номланган махсус телеграм-бот ишга туширилган ҳамда ишонч телефони ташкил этилган.

“Мазкур бот орқали фуқароларимиз томонидан ўз яшаш ҳудудидаги давлат дастурига киритилган объектлар бўйича амалга оширилаётган қурилиш ишлари ҳақида прокуратура органларидан ташкил этилган штабларга фотолавҳалар билан биргаликда тўғридан тўғри хабар юборишлари ҳамда ишонч телефони орқали мурожаатларини қолдиришлари мумкин. Билдириладиган ҳар бир хабар Республика штаби томонидан назоратга олиниб, қисқа муддатларда кўриб чиқилиши таъминланади”, дейди мутасадди.

Қайд этилишича, Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигидаги Республика штаби ҳамда вилоят ва туман-шаҳар прокурорлари раҳбарлигидаги ҳудудий штаблар томонидан Инвестиция дастуридаги 2.762 та, “Янги Ўзбекистон” массивларидаги 827 та ва “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” дастурларидаги 10.915 та лойиҳанинг ҳар бири мониторингга олинган.

Top