Жаҳон | 23:14 / 08.07.2021
69246
3 дақиқада ўқилади

«Толибон» Москвадаги учрашувда Марказий Осиё давлатлари чегарасини бузмасликка ваъда берди

«Толибон» ҳаракати Афғонистондан Россия ва Марказий Осиёдаги бошқа қўшни давлатларга ҳужум қилиш учун фойдаланилишига йўл қўймаслигини маълум қилди. Шунингдек, ҳаракат Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарага ҳужум қилмасликка ваъда берди.

8 июль куни «Толибон» ҳаракатининг 4 нафар вакили музокаралар ўтказиш учун Москвага келди. Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов «Толибон» вакиллари билан ўтган учрашувда Россия Афғонистоннинг шимолида вазият кескинлашганидан хавотир билдираётганини ва ушбу ҳолат мамлакат ташқарисига чиқиб кетишига йўл қўймасликка чақиришини айтган.

«Биз Москвага Афғонистондаги вазиятни Россия билан муҳокама қилгани ҳамда сизларни афғон ери Россия ёки бошқа қўшни давлатларга ҳужум учун қўлланишига йўл қўймаслигимизга ишонтиргани келдик. Биз Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарага ҳам ҳужум қилмаймиз. Россияни ишонтириб айтишимиз мумкинки, бизнинг сиёсат ҳужум қилишдан иборат эмас», деб айтган «Толибон» расмий вакили Муҳаммад Суҳайл Шаҳин.

У «Толибон», шунингдек, хорижий давлатларнинг Афғонистондаги ваколатхоналарига ҳужум қилмоқчи эмаслигини таъкидлаб ўтган. 

«Биз Россия билан яхши муносабатлардамиз. Биз уларга ҳужум қилмоқчи эмасмиз. Муносабатларимиз яхши бўлса, буни қилишдан нима наф?» деган Шаҳин толиблар Россиянинг Мозори-Шарифдаги бош консулхонаси ходимлари хавфсизлигини таъминлашга қанчалик тайёрлиги ҳақидаги саволга жавобан.  

Ҳаракатнинг Москвага келган делегацияси «Толибон» Афғонистонни ҳарбий йўл билан эгаллаб олишга интилмаётганини таъкидлаб ўтган.

«Афғонистонни ҳарбий йўл билан эгаллаб олиш бизнинг сиёсатга кирмайди. Бизнинг позиция Доҳада муҳокама қилинаётган афғон масалаларининг сиёсий ечимини топишдан иборат. Биз Москвада сиёсий ечимни қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор тасдиқладик», деб айтган Шаҳин.

Унинг таъкидлашича, толиблар «вилоятлардаги шаҳарларни осонгина эгаллаб олиши мумкин эди», бироқ буни қилмасликка қарор қилди.

Шаҳин Москвага ташрифдан мақсад Афғонистон шимолидаги вазиятни муҳокама қилиш эканини қўшимча қилган.

«Учрашувдан кўзлаган асосий мақсадимиз – Афғонистонда, жумладан унинг шимолида яқинда юз берган воқеаларни муҳокама қилиш. У ердаги кўплаб туманлар бизнинг назоратга ўтди», деб таъкидлаб ўтган «Толибон» вакили.

  • Аввалроқ «Толибон» Афғонистоннинг 398та туманидан 162тасини назорат қилаётганини маълум қилган. Толибларнинг ҳукумат қўшинларига ҳужуми ортида афғон-тожик чегарасидаги вазият кескин тус олди. Тожик чегарачилари мамлакат ҳудудига «Толибон» ҳужумидан чекинган мингдан кўпроқ афғон ҳарбийсини киритган. Россия ушбу вазиятда Тожикистонга зарурий ёрдам кўрсатилишига ваъда берган.

Мавзуга оид