14:23 / 07.05.2019
21846

“Касаллигим туфайли турмуш ҳам қуролмадим...” 35 ёшли қизга ёрдам зарур

Сайтимизга хайрия акцияси уюштиришни сўраб мурожаат қилаётганлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Уларнинг ҳар бири ўзига хос тақдир эгаси бўлсада, ҳаммасини оғир дард қийнайди, ҳар бири жавдираб нажот излайди.

Таҳририятимизга Сурхондарёнинг узоқ Шўрчи туманидан ташриф буюрган Феруза Рамазонова туғилганидан буён бир нечта мураккаб дардлар билан курашиб келгани маълум бўлди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

– Ёшим 35 да. Туғилганимдан, эсимни таниганимдан буён даволаниб келаман. Болалагимда гепатит В билан курашган бўлсам, кейинчалик иммунитетим пасайиб кетди ва 14 ёшимда қандли диабет ҳам орттирдим. Буларга-ку чидаб юрардим, аммо 5 йилдан буён жигар циррози мени қийнаб келмоқда. Билмадим, бир жонимга шунча дард нега экан?..

Баъзан ҳаётга нега келганимга ҳақида ҳам ўйлаб қоламан. Албатта, шунча дардларга қарамай умрим бор экан, яшаб юрибман, шунисига ҳам минг бор шукр. Лекин танам худди дорихонага ўхшаб қолган, қўлларим игналардан илма-тешик бўлиб кетган. Ҳамиша дорилар ичиб юриш, шифохоналарда устма-уст даволаниш, узлуксиз оғриқлардан шунчалар чарчаганманки...

Отам ўтиб кетган, ёлғиз онам қолган. Мен онамга ягона фарзандман. У бечорага суянчиқ бўлишим керак бўлган пайтда онам мен учун қайғургани-қайғурган. Онам ҳам, мен ҳам озгина пенсия оламиз ва у дорилар тугул тирикчиликка ҳам етмайди.

Ёшим 35га чиқди, аммо турмушга чиқа олмадим. Сўраб келганлар бўлди, айримлари ҳатто касаллигимга қарамай турмушга чиқишга таклиф қилишди, уларга ҳам раҳмат. Лекин мен ўзимнинг бу дардларим билан кимгадир юк бўлишни истамайман, бутун умр бахтсиз қилишни истамайман. Сабаби бу ҳолатимда фарзанд ҳам кўра олмайман...

Шифокорлар менга охирги чора сифатида жигар трансплантацияси зарурлиги, шу асосий дардларимга даво бўлишини билдиришди. Онажоним менга жигарининг бир қисмини беришга тайёр. Бу операция Ҳиндистонда ўтказилаётганини аниқладик. Операция учун камида 150 млн сўм керак экан. Шу пайтгача кўмак бериб келган қариндош-уруғларим ҳам қараб туришмайди. Лекин бу катта маблағни барибир тўплай олмаймиз. Шу боис саховатли инсонлардан ёрдам сўрашга мажбур бўлдим. Илтимос, Аллоҳ хайрингизни берсин, менга ёрдам беринг. Ёлғиз бошимга сиздан бошқа кўмакчи йўқ. Менга қилган ёрдамингиз давлатингизни бундан-да оширсин. Ҳеч кимнинг бошига мен чекаётган дардлар тушмасин, ҳеч кимнинг оиласи бундай синовга дучор бўлмасин...

Русча-ўзбекчани аралаштириб ҳаяжон билан гапираётган Ферузанинг сўзларини тингларканмиз, шу дардларга қарамай ҳаётдан умидини йўқотмаган бу қизнинг иродасига қойил қолдик. Кўзларида илинж шуъласи бор, яхши инсонлар саховатига ишониб келган.

Азиз ватандош! Бизнинг хайрия акцияларимиз мураккаб вазиятга тушган инсонларга ёрдам қўлини чўзишдек эзгу мақсадни кўзлайди. Лекин бу қўл сизнинг қўлингиз! Сизнинг ёрдамингизсиз ҳаммаси бекор, бефойда. Феруза Рамазоновага Муқаддас Рамазон кунларида кўмак берайлик, савобли ишингиз ҳаммага ибрат бўлсин.

Феруза Рамазоновага оид зарур маълумотлар: 

Тeлeфон +99890 9155684 , +99890 1879193

Қишлоққурилиш Банк (Феруза Рамазонова)

Click\PayMe: 8600 0904 1202 3333

МФО: 00359

ИНН: 202042186

Нақд пул топширганда: 23116000900000359019

Мижоз аризасига асосан картадан картага пул ўтказганда: 23118000900000359001

Бошқа ташкилотлардан келиб тушган маблағлар транзити: 23120000700000359001

Виза карта: 4097 8301 3020 8826 Feruza Ramzonova

Транзит рақами: 29801840300000440060

Аброр Зоҳидов тайёрлади,
тасвирчи Муҳаммаджон Ғаниев


Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top