Жамият | 12:50 / 14.12.2022
17077
3 дақиқада ўқилади

“Оғриқдан азобланаётган пайтида Аллоҳдан “қайтариб олақол” деб илтижо қилган пайтларим ҳам бўлди” – боласи уч марта операция бўлган она

Зиёмуҳаммад эндигина беш ёшга кирди. Уч ёшлигида қаттиқ оғриган болакайни зудлик билан операция столига ётқизишга тўғри келди. Унга ичакнинг оғир касаллиги — “Пайра синдироми” ташхиси қўйилди.

Пайра синдроми – ичакларнинг ўз ҳолатида жойлашмасдан, бетартиб ҳолда бошқа ички аъзоларни босиб қолиши бўлиб, 8 соатлик операция орқали ичакларни ўз ҳолига келтириш ва 10 кунлик жонлантириш бўлимида даволаниш орқали тузатиш мумкин. Болакай бундай оғир операциянинг учтасини бошидан ўтказди.

“Биринчи марта операция қилишганидан сўнг болам 23 кун комада ётди. Оғриқдан азобланаётган пайтида Аллоҳдан “қайтариб олақол” деб илтижо қилган пайтларим ҳам бўлди. 15 кун жонлантириш бўлимида даволаб жавоб беришди. Лекин ичаклари очилиб кетиб, қаттиқ мазаси қочди. Дарҳол иккинчи операцияга олишди.

Лекин операциялар натижа бермади. Касаллик ҳуруж қилганда болам кўкариб, букчайиб қолади. Ичаклари ёпишиб қолади, қайт қилади, ўзи мустақил ҳожатга чиқолмайди. Шу йил ёзда учинчи операцияни ҳам қилдирдик. Лекин у ҳам натижа бермади.

Ўғлим катта бўлган сари ая, мен ҳам тузаламанми, деб сўрайдиган бўляпти. Чандиқларига қараб йиғлайди, бир жойдан операция қилинаверганидан катта чандиқ бўлиб қолган”, дейди Зулайҳо опа кўзларига ёш олиб.

Ҳокимиятнинг ёлғиз оналарга бир марталик ёрдами билан боласини Ҳиндистонга олиб борган онаизор у ердан ҳам шифо тополмади. Боланинг барча ташхислари ёмон чиққанидан сўнг даволатиб, анализ натижалари яхши чиққанидан сўнг олиб келишини айтишди.

“Дунёда боласи қийналганини кўришдан ёмонроқ нарса йўқ экан, комада ётганида худога қийнама, олиб қўяқол, деган пайтларим ҳам бўлган. Шу даражада қийналганки, унинг азобланишига дош беролмаганман.

Ҳеч ким бундай оғир операцияни кўтаролмайди. Болам уч марта шундай операцияни бошидан ўтказди. Болам шунчалик ҳаммасини кўтарди. Ҳиндистонга борганимизда ҳам докторга шу ергача келдик-ку, мен тузаламанми, деб роса хафа бўлиб йиғлади.

Барча ташхислари ёмон чиққани учун операция қилиш мумкин эмас экан, дори-дармонлар бериб, даволаниб боришимизни айтишди. Лекин иккинчи марта бориш учун маблағим йўқ. Боламнинг умри шифохоналарда ўтиб кетяпти”, дейди она кўз ёшларини тиёлмай. 

Зиёмуҳаммад Хайруллаевга оид маълумотлар:

Мир 5614 6818 1623 6438 онаси Зулайҳо Зияева номида

Манзил: Тошкент шаҳар, Сергели тумани, Жалойир Илғор 1-кўча 1-уй

Мавзуга оид