Ўзбекистон | 13:05 / 04.04.2019
5472
3 дақиқада ўқилади

«Сармишсой», «Шаҳрисабз», «Термиз» ва «Қўқон» давлат музей-қўриқхоналари ташкил этилади

Фото: Advantour

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Сармишсой”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Қўқон” давлат музей-қўриқхоналари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ-4068-сон қарорига мувофиқ Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида тегишлича:

“Сармишсой” давлат музей-қўриқхонаси Навоий вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи филиали сифатида;

“Шаҳрисабз” давлат музей-қўриқхонаси Қашқадарё вилояти Амир Темур номидаги моддий-маданият тарихи музейи негизида;

“Термиз” давлат музей-қўриқхонаси Сурхондарё вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи негизида;

“Қўқон” давлат музей-қўриқхонаси Фарғона вилоятидаги Қўқон маданияти тарихи давлат музейи негизида ташкил этилади.

“Қўқон”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” давлат музей-қўриқхоналари, Навоий вилоят тарихи ва маданияти давлат музейига ижара ҳақининг “ноль” ставкасига асосан бириктириладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхати тасдиқланиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича:

“Қўқон”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” давлат музей-қўриқхоналари, Навоий вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги давлат муассасаси ҳисобланади;

“Қўқон”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” давлат музей-қўриқхоналари тегишлича Қўқон маданияти тарихи давлат музейи, Қашқадарё вилояти Амир Темур номидаги моддий-маданият тарихи музейи, Сурхондарё вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

“Қўқон”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” давлат музей-қўриқхоналари ҳамда Навоий вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи фаолиятини молиялаштиришнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда “Қўқон”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Сармишсой” давлат музей-қўриқхоналарини юқори малакали, ташаббускор, музейлар ҳамда маданий мерос масалалари бўйича зарур билим ва амалий тажрибага эга кадрлар билан тўлдирилишини таъминлайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид