12:38 / 16.01.2020
3
21878

«Маблағ етмади!» — Косонда «Обод қишлоқ» дастуридан кейин ҳам обод бўлмаган қишлоқ ҳақида

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда қишлоқ ҳудудларини босқичма-босқич ободонлаштириш ва ривожлантириш учун 2018 йил 29 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентиинг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисидаги ПФ-5386-сонли Фармони эълон қилинган эди. 2018 йил 27 июнда эса шаҳар ҳудудларида «Обод маҳалла» дастури тўғрисидаги ПФ-5467-сонл Фармон эълон қилинган.

«Обод қишлоқ» дастури тўғрисидаги фармонда 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарларида, авваламбор олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2тадан ва 2019-2022 йилларда 3тадан қишлоқ (маҳалла)да аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган «Обод қишлоқ» дастури амалга ошириш белгиланганди.

Дастурни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг ҳар йиллик давлат бюджети, шу жумладан маҳаллий бюджетлар параметрларини тасдиқлашда «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш учун зарур миқдорда маблағлар ажратилиши белгиланди.

Фармон эълон қилингандан сўнг жойларда дастурга биноан обод қилиниши лозим бўлган қишлоқ ва маҳаллалар рўйхати тузилди ва ишлар бошлаб юборилди.

Аммо, бугун маълум бўляптики, ўшанда жойлардаги аксарият маҳаллаларда белгиланган ишлар тўлиқ бажарилган бўлса-да, айрим жойларда ишлар маблағ етишмовчилиги туфайли чала ҳолда қолиб кетган.

Ана шундай маҳаллалардан бири, Қарши шаҳридаги «Отчопар» маҳалласида ўтган йил «Обод маҳалла» дастури давомида бажарилмаган ишлар - маҳалла кўчаларига асфальт ва шағал ётқизиш, мактаб қурилиши қолиб кетгани ҳақида сайтда материал эълон қилинган эди.

Яқинда шу мавзуда Kun.uz’га Қашқадарё вилояти Косон тумани «Пудина» МФЙ фуқароларидан ҳам мурожат бўлди. Мурожатда ёзилишича ушбу маҳалла 2018 йилда «Обод қишлоқ» дастурига тушган. Дастур доирасида бажарилиши белгиланган ишларнинг бир қисми бажарилган, қолган қисми бажарилмай қолиб кетган.

Масалан, маҳалла ҳудудидаги 3,2 километр ички йўл асфальт қилинган, аммо шағал тўкилиши лозим бўлган тўртта кўча ўз ҳолича қолдириб кетилган. Фуқаролар ёғингарчилик кунларида ўша кўчалар юриб бўлмайдиган даражада лой бўлаётганидан ёзғиришган.

 

Маҳаллада яшовчиларнинг 2019 йил 2 декабрда Косон туман ҳокимига мавжуд муаммо юзасидан қилган мурожатига жавобан туман ҳокими ўринбосари Собир Эшев томонидан берилган N1773/03-сонли жавоб хатида маҳалла ҳудудида 29 км ҳаво электр узатиш тармоқларини тортиш ишлари бажарилгани билдирилган.

Ўрганишлар давомида маҳалла фуқаролари ҳаво электр тармоқларини тортиш ишлари ҳам тўлиқ бажарилмай қолганини айтишди. Маҳалла ҳудудидаги симёғоч ўрнатилмаган кўчада хонадонларга тортилган электр симларини аҳоли ёғоч калтакларга илиб қўйганига гувоҳ бўлдик. Бу ҳолат ҳар қанча хавфли бўлмасин, масъул идоралар назаридан четда олмоқда.

Ҳаммасидан ҳам қизиғи, бугун бу маҳаллада фуқаролар йиғини ўз идорасига эга эмаслиги боис шу ҳудуддаги собиқ Косон хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биносидан вақтинчалик қўним топишган.

«Пудина» маҳалласида бажарилмай қолиб кетган ишлар ҳақида Косон туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Собир Эшевдан изоҳ сўраганимизда, у бажарилиши лозим бўлган ишлар маблағ етишмовчилиги туфайли қолиб кетгани, яқин муддатларда ўша ишларни бажариб беришларини билдирди.

Аммо қишлоқ аҳли ўтган бир йил давомида юқорида айтилган муаммолар юзасидан бир неча марта ҳокимликка мурожат қилишгани, ҳокимлик эса турли баҳоналар билан ишни ортга суриб келаётганини маълум қилишди.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги обод бўлмай қолган бу қишлоқнинг аҳволи ва шу ерлик одамларнинг муаммолари билан танишар эканмиз, вазиятга нисбатан ҳоким ўринбосарининг «маблағ йўқлиги сабабли қурилиш ишлари тўхтаб қолди», деган изоҳи кўпроқ ташвишга солди.

Ахир президент фармонида дастурни амалга ошириш учун маблағлар ва уларнинг манбалари етарли қилиб белгилаб қўйилган эмасмиди? Давлат дастурини бажариш жойларда нега қўл учида бажарилмоқда? Ким бунга йўл қўймоқда? Бу аҳоли томонидан давлат раҳбари фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорларига ишончсизлик уйғотмайдими? Кимларнингдир айби билан халқни рози қилиш тамойилига путур етмаяптими?

Ўйлаймизки, Қашқадарёдаги мутасаддилар мазкур ҳолатни ўрганиб, ўз муносабатларини билдиришади.

Ғайрат ЙЎЛДОШ,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top