

Маълум бўлишича, Ушоқтепа маҳалласи аҳли ҳудуддаги энг оғир тўртта – Тонг юлдузи, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов кўчаларини асфалт қилиш таклифи билан чиқади. Жами 3,5 километр масофани асфалт қилиш учун 1 млрд 200 млн сўм сарфланиши кўзда тутилган бўлиб, лойиҳа 13 327 та овоз билан ғолиб деб топилади.
“Таклиф маҳалладошимиз Артур Асроров номидан юборилди. Бу йигит ҳақиқатан ҳам овоз йиғиш жараёнларида фаоллик кўрсатди. Тошкентда туриб, анча овоз йиғиб берди. Сир эмас, маҳалламиздан ташқари яшовчи инсонлардан ҳам овоз йиғишга мажбур бўлдик. Бунинг эвазига овоз берувчиларга бирор хил салқин ичимлик ёки шунга ўхшаш нимадир беришга тўғри келди. Маҳалладошлар пул йиғиб, Артурга жўнатиб турдик. Бу лойиҳада ғолиб бўлишимиз учун 45-50 миллион сўм атрофида маблағ сарфланди. Бунинг учун бутун маҳалла аҳли жипслашди, кўчаларимиз асфалт бўлишига умид боғлашди.

Етарлича овоз тўплаб ғолиб бўлдик ва таклифимиз тасдиқлангани бўйича openbudget.uz сайтида эълон ҳам жойлаштирилди. Унда 1 млрд 200 млн сўм маблағ Ушоқтепа маҳалласидаги Тонг юлдузи, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов кўчаларини асфалт қилиш учун сарфланиши аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган. Маҳалла ва туман мутасаддилари иштирокида тайёрланган лойиҳа чизмасини ҳам қўлимизга олдик.
Шу кеча-кундузда маҳалламиз кўчаларини асфалтлаш жараёни бошланди. Бироқ негадир Одил Ёқубов кўчаси асфалт қилинмаслигини айтишяпти. Лойиҳа бўйича бу кўчанинг қарийб 700 метр қисми асфалтланиши керак”, – деди мурожаатчилар.
Ҳозирча аҳоли томонидан Косон тумани ҳокимлигига қилинган мурожаатлар жавобсиз қолмоқда.
Биз Косон тумани ҳокимининг соҳа бўйича ўринбосари Баҳодир Очилов билан телефон орқали боғландик.
Очиловнинг айтишича, дастлаб Ушоқтепа маҳалласининг жами 5 километр йўлини асфалт қилиш таклифи берилган. Бироқ лойиҳага ажратилган 1 млрд 200 млн сўм жами уч километр йўлни асфалт қилишгагина етган.
“Лойиҳа ташаббускорлари кўрсатган кўчаларга асфалт ётқизяпмиз. Маҳалла аҳли ҳокимиятга келишди, улар билан гаплашдик, маҳалла йўлларини яна “Ташаббусли бюджет”га қўйишадиган бўлишди. Одил Ёқубов кўчаси ҳам навбати билан асфалт қилинади”, – деди ҳоким ўринбосари Очилов.
















