«Терговдаги қийноқлар тажрибамдан ўтган». Замонамиз адвокат нигоҳида
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги либераллаштириш ишлари оммавий ахборот воситаларида кўп ва хўп тилга олинмоқда. Аслида ушбу ислоҳотлар – реал воқеликми? Янада эркинликлар бериш мақсадида қабул қилинган қонун ва қарорлар амалиётда ҳам ўз сўзини айтмоқдами? Бу саволларга жавоб олиш мақсадида малакали ҳуқуқшунос, адвокат Амирилло Аҳмедов билан суҳбатлашдик.
Tas-IX
YouTube
Ҳозирги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар олиб борилмоқда дея Олий суд ва прокуратура органлари томонидан ҳам таъкидланмоқда. Ҳозирги кундаги либерализация асосан қай йўналишда кетмоқда?
─Айни пайтда суд-ҳуқуқ тизимида либерализациянинг мақсад-мезони бу, шахснинг билиб-билмай қилган жинояти бўладими, ижтимоий аҳволини яхшилаш мақсадида енгилликлар бериш дейиш мумкин. Бу масала иқтисодий жиноятлар йўналишида кўтарилмоқда. Олдинги қонунчилигимизга назар ташлайдиган бўлсак, авваллари шахс Жиноят Кодексининг 167-моддаси, яъни ўзлаштириш ва растрата қилиш жиноятини содир қиладиган бўлса, нафақат озодликдан маҳрум қилиш, етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласи, балки шу жараёнда унинг мол-мулкини мусодара қилиш институти ҳам бор эди. Демак, шахс ҳуқуқбузарлик содир этгандан сўнг, 3 та ҳолатда жавобгарлик белгиланар эди. Шахс ўзига нисбатан содир қилаётган жиноятга нисбатан етказилган зарарни қоплайдиган бўлса, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан боғлиқ бўлмаган жазони қўллаш ёки у дастлабки терговда қамоқда бўладиган бўлса, зарарни тўлаганидан сўнг қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш олиб ташланиши кўплаб содир бўлмоқда. Ўйлайманки, бунинг замирида унга нисбатан суд-ҳуқуқ тизимида етказилган зарарни қоплаш эвазига озодликка чиқиши билан ҳолатларини тушунишимиз мумкин. Бу нафақат иқтисодий жиноятларга қарши жиноятларга, қолган жиноят турларига нисбатан ҳам қўлланилмоқда. Ваҳоланки, айрим жиноятларимиз жиноий жазодан маъмурий жазога ўтиши бу либерализациянинг бир кўринишидир. Лекин, алоҳида тоифадаги жиноятлар бу терроризм, қасддан одам ўлдириш каби жиноятларга нисбатан қўлланилмайди.
Қолаверса, Жиноят Кодекснинг 184-моддаси (солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) бўйича агар шахс тўловларни бажарса, жиноий жавобгарликдан озод қилиш жорий қилинди. Бу ҳам ўз навбатида тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. Буни биз ижобий натижасини кўряпмиз. Авваллари, тадбиркорга жавобгарлик қатъий белгилаб қўйилар эди. Ҳозир қонун огоҳлантириб, агар бартараф этсанг сени нафақат жазодан, жавобгарликдан озод қилишни айтмоқда. Бу дегани у судланмайди.
Қонун ва қарорлар жамиятда ўз таъсирини кўрсатади. Бу енгилликлар жамиятда жиноятчиликни авж олишига сабаб бўлмайдими?
─Ҳозирги статистикани оладиган бўлсак, биз ўтган йилга қараганда барча турдаги жиноятлар пасаймоқда. Бу енгилликлар ташқаридан келиб бир-бирини алдайдиган кишига нисбатан қўлланилмайди. Бу тадбиркорликни олиб бораётан шахс бўлиши мумкин. Айнан, бу ҳолат солиқ қонунчиликларига тааллуқли бўлган жиноятларга қўлланилади.
Кўплаб ривожланган давлатларда ҳам солиқ қонунчилиги бўйича жазолар қатъий белгилаб қўйилган. Масалан, АҚШ қонунчилигида қаттиқроқ жазоларга сабаб бўлади. Бундай енгилликлар тадбиркорлар томонидан бемалолчиликка олиб келмайдими?
─Йўқ. Бу нарсага эътироз билдирган бўлар эдим. Чунки, амалиётда шу нарсани кўряпмизки, жиноятни қиламан деган одам енгилликка қараб ўтирмайди. Керак бўлса такроран бўлса ҳам бу ишни қилади. Мақсад солиқдан бўйин товлаш, солиқдан қочиш. Лекин, бизда ҳар битта ҳолатда шахсга ўзининг ҳуқуқлари тушунтирилади. Тадбиркор келгусида ўзининг бизнесини ривожлантиришни мақсад қилиб қўймоқда. Бухгалтерия ҳисоботида, қонунни тўғри талқин қилмаслик ёки уни яхши билмаслиги оқибатида солиқдан қарздорлик бўлиб қолади. Биз унга «мана қонун нормаси, буни тўласанг жавобгарликдан озод бўлсан» деб айтсак у тўлайди. Чунки, у эртага кредит олишда, фаолият юритишида унга доғ бўлмаслиги учун бу нарсадан тийилади. Бундай вазиятларда жавобгарликдан озод қилингандан сўнг, миннатдорчилик билдириб кетишмоқда, Президентга раҳмат дейишмоқда.
Терговга қайтариш институти бекор қилинди. Бу янгилик инсонийлик тамойили асосида қандай енгилликлар беради?
─Авваллари, айблов хулосаси прокурор томонидан тасдиқлангандан сўнг, бу иш бевосита судга ошириларди. Суд ишни кўриш давомида маълум камчиликлар топадими, зиддиятларга келиб қолиши мумкин. Шундай ҳолатларда, ўзидан соқит қилиш учун дастлабки терговга қайтариш институти бўлар эди. Дастлабки терговга қайтаргандан сўнг, уёқ-буёғини тўғрилаган бўлиб, яна судга беради. Икки марталаб терговга қайтарган вақтлар бўлар эди. Демак, бу ҳолатда суд билан терговнинг ўртасидаги муносабатни эмас, шахсга нисбатан ҳуқуқлари қанчалик даражада бузилиб келаяпти, унинг муддати бизни хавотирга солиб келарди. Ҳозирда, терговга қайтариш институти бекор бўлгандан сўнг, бу авваламбор терговчини масъулият билан ишлаши, терговни сифатли олиб бориб уни судга ошириши, суд эса бу нарсани терговга қайтариш имконияти йўқлигидан келиб чиқиб одилона, принципиал, қонуний кўриб чиқиб жазо белгилашни назарда тутмоқда. Шу билан биргаликда, Жиноят-процессуал кодексининг 416 моддасига биноан, суд мазкур ҳолатда жиноий ишда камчиликларни бартараф этиш ҳолати юзасидан бир ойлик муддат ичида прокуратурага юбориши мумкин.
Агар бир ойлик муддат ичида кўриб чиқилиб, прокуратурадан ҳам тайинли ҳолат, масалан жиноят аломатлари топилмаса қандай ҳал этилади?
─Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси мавжуд. Бунда реабилитация қилиш белгиланган, яъни оқлаш. Вазиятдан келиб чиқиб айтиш мумкин. Лекин, шунда ҳам жиноят аломатлари топилмаса, шахсга нисбатан оқлов ҳукми ўқилади. Ўтган йил ҳисобида бундай ҳолатлар ўзимнинг ишларимда ҳам кузатилди.
Ички ишлар вазирининг берган маълумотига кўра, терговда ғайриинсоний қийноқларга солиш буткул йўқотилган дея айтилмоқда. Бу сизнинг тажрибангизда қанчалик даражада ўз исботини топмоқда?
─Бу жараён олдин бўлмаган деб айта олмаймиз. Шахсан ўзимнинг тажрибамда бу бўлган. Жиноят қонунчилигида, Олий суд пленумининг далиллар мақбуллигига нормалар чиққан. Айнан шу қарорда шахсга қўйилган айблов руҳий босим остида ёки руҳий тазйиқ остида кўрсатма олинган бўлса, бу номақбул далил деб топилади. Шахсга қўйилган айблов тасдиғини топмаса, бу бевосита судланувчини фойдасига ҳал этилади.
Юқори юридик билимга эга бўлмаган одамлар орасида терговда давлат томонидан бериладиган адвокатлар, яъни давлат адвокати ва хусусий адвокат деган тушунчалар мавжуд. Сифати ҳам иккаласида икки хил дейишади. Бу қанчалик даражада тўғри?
─Саволингиз ўринли. Жиноят қонунчилиги бўйича 9 тоифадаги ишларда адвокат иштироки мажбурий деб белгиланган. Дейлик, ўшандан бир тоифада қолган иштирокчиларда адвокат берилган бўлса, бу иштирокчиларда ҳам адвокат иштироки шарт. Бундай ҳолатда адвокатни таъминлаб берилишида ижтимоий аҳволидан келиб чиқилмаслиги керак. 5 тасида адвокат бор, Эшматда адвокат йўқ. Унинг шароити яхши эмас. бу дегани у адвокатсиз иштирок этса бўлади, дегани эмас. Айнан шу масалада, Адвокатлар палатасида навбатчилик жорий этилган. У гумонланувчи, айбланувчи бўладими унга адвокат берилиши шарт. Адвокатнинг иш ҳақи давлат томонидан тўланади. Давлат адвокати эмас, ўзинг олсанг адвокат жон-жаҳди билан курашади дейишади. Бир адвокат шартнома асосида, бошқанинг адвокати давлат томонидан берилган. Мен мижозим учун курашаман, давлат берган адвокат беписандлик билан иштирок этяпти. Бу ҳолатни фуқаролар фарқлай олади. Бу нарсани йўққа чиқаришимиз учун ҳар бир инстанцияда адвокатларнинг алмашиши йўлга қўйилган. Агар камчиликлар аниқланса, қисқа рақамли ишонч телефонлар мавжуд. Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари бор. Уларга мурожаат этса тегишли чоралар кўрилади.
Бу масала юзасидан тартибга солиш қандай амалга оширилади?
─Бу масалада тартибга солувчи Адвокатлар палатасининг ички Йўриқномаси мавжуд. Шунга асосланиб адвокатлар ишлаши текширилиб борилади. Ҳар битта ҳолат бўйича текширилиб борилади. Адвокатга навбатчилиги бўйича чақирилади. Агар узоқда бўлса, бетоб бўлган бўлса бошқа адвокатга юкланади.
Ишдан хабардорлик масаласида-чи? Дабдурустдан ишни олган адвокат учун ишни кўришдаги сифатни тушиб кетишига сабаб бўлмайдими?
─Ишни олгандан сўнг, ҳимоя остидаги шахс билан тўғридан-тўғри ишлашни бошлайди. Ўша кунгача ўтказилган тергов ҳаракатлари билан танишиб чиқади. Агар иш судда бўлса, иш билан танишиб чиқиш учун суддан вақт сўрайди.
Масалан, бу гапингиздан бугун ишни олган адвокат эртага агар навбатчилик вақти бўлмаса, бу иш билан шуғулланмайди деб тушуниш мумкинми?
─Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Биздаги жадвалларга кўра, бугун менинг навбатим бўлса, бугунги кундаги ишга бориб қатнашсам, бу ишни охиригача олиб бораман.Демак, бир жиноят ишида бугун мен қатнашиб, кейин бошқаси қатнашиши мумкин эмас. Агар ҳимоядаги шахс ўзи буни талаб қилмаса.
Халқаро амалиётда Миранда қоидалари, АҚШ Конституциясига 5-тузатма каби тушунчалар мавжуд. Улардан бири шахс ўзига қарши кўрсатма бермаслик ҳуқуқи. Айбини тан олиб ариза ҳам олинмайди. Бизда бу қандай ҳолатда?
─«Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5441-сонли 2018 йил 12 майда қабул қилинди. Бу фармонга кўра, шахс ўзига қарши кўрсатма бермаслиги керак. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 46-моддасида айбланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Унга кўра, айбланувчи ушланган вақтдан бошлаб ҳимоячига, яъни адвокат олиш ҳуқуқига эга.
Бизга мурожаатларнинг орасида адвокатлар томонидан юбориладиганлари ҳам бор. Бу мурожаатлар асосан процессуал камчиликлар, муддатлар бузилиши ҳақида. Вақтида бунга одатий ҳол сифатида қаралган. Ҳозирги кунда бу масалада давлат органлари қандай ишламоқда?
─Бундай камчиликларга йўл қўйилмайди, деб айта олмайман. Процессуал муддатларни бузилишида нафақат қонунларнинг яхши ишлаши, балки ўша процессуал масалалар иштирокчиси, айтайлик, терговчи ўз ишида, ўз устида яхши ишлаши керак. Судда раислик қилувчи ишни яхшилаб ўрганиб чиқиш керак. Ҳар битта судланувчининг ҳаракатларига қонунан баҳо бериш керак. Бу уларнинг бевосита вазифаси.Шу ўринда, дастлабки терговнинг муддати ҳозирда 7 ой қилиб белгиланган. Бунга баъзи терговчиларнинг амал қилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Мана шу механизмни соддалаштиришни ўйлаб кўришимиз керак. Тўғри, қонунчилигимизда белгилаб ўтилган. Лекин, сунъий равишда тўхтаб турилишини бартараф этиш учун механизмларни ўйлаб чиқиш керак, назаримда.
Олдинлари Олий судда ишни кўриш учун Олий суднинг бирор судъясининг протести асос бўлар эди. Ҳозир прокуратура протести ёки адвокат берган ариза хати ҳам асос бўлмоқда. Бу қандай натижа бермоқда?
─Бу ижобий натижа кўрсатмоқда. Олдинлари ҳаммамизга маълумки, назорат тартиби вилоят судъялари даражасида кўрилар эди. Ҳозирда, бу ишлар Олий суд даражасида кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, суд жараёнида давлат айбловчиси (прокурор) ва ҳимоячи (адвокат) тенг ҳуқуқли ҳисобланади. Бироқ, прокурор протест келтириши мумкин, адвокат эса йўқ. Бу тенгликнинг бузилишидир. Шундай ҳолатларда, адвокатлар Олий судга назорат тартибида кўрилишига ариза бериши мумкин бўлди. Бу амалда яна бир либераллаштиришдир. Замон шиддат билан ривожланиб бормоқда. Қонунчилигимизда ҳам ўзгаришлар бўлмоқда. Чунки, бу давр тақозоси. Зарурият борми ўзгартириш киритиш лозим. Солиқ кодекси янгидан қабул қилинди. Янгисига ҳам қанчадан-қанча ўзгаришлар киритилмоқда. Мана шу замон билан ҳамнафас бўлишдир.
Солиқ қонунчилигига ўзгаришлар киритилгани ҳақида айтиб ўтдингиз. Бу борада яна қандай эркинликлар берилмоқда?
─Терговчи томонидан жиноят иши бўйича тафтиш ўтказишда адвокатнинг иштирок этишининг шартлиги бу алоҳида бир механизм. Бу ҳам тадбиркорни тафтиш жараёнида ҳуқуқлари ҳимоясини назарда тутади.
Кўп маротаба таъкидлаб ўтдингизки, адвокат иштироки бу либерализациянинг кўринишидир. Адвокатлар шу ишончни оқлашмоқдами? Эски фикрлаш бўйича адвокат қатнашса ҳам ўзгариш бўлмасди...
─Фикр тушунарли. Адвокатларнинг ҳозирги кундаги илғорлиги, таъсирчанлигини ошириш мақсадида бугунги жараёнда анча-мунча тўсиқларга барҳам берилди. Адвокат қонунда кўрсатилган ҳуқуқлардан тўла-тўкис фойдаланса бўлади. Адвокатларга қилинадиган тазйиқлар бевосита қайсидир орган томонидан кўриб чиқилиши, хусусан яқинда Бош прокуроримиз ва Адвокатлар палатасининг раиси ўртасида ўтказилган музокараларда ҳам адвокатларга бўлган тўсиқлар Бош прокурор томонидан кўриб чиқилиш механизмлари яратилмоқда. Ҳозирги кунда кечаги адвокат билан ҳозирги кундаги адвокатнинг фарқи сезилиб қолди. Шунингдек, 2019 йил 1 январдан кучга кирган янги қонунга кўра, фаолият юритмаётган адвокатларнинг лицензияси тугатилди. Адвокат фақатгина адвокатлик билан шуғулланиши лозим, илмий фаолият бундан мустасно. Адвокат ҳозирда ўз устида ишлаши лозим. Кундан-кунга қонунлар ўзгармоқда. Бозор иқтисодиёти бу. Янги қонунларни билмаса, эртага мижозни қандай ҳимоя қила олади? Шу сабабли, 5 йилдан олдинги адвокат билан ҳозирги кундаги адвокатнинг фарқи жуда катта. Ҳозир адвокатлар суд мажлисларида курашмоқда, мижознинг ҳуқуқларини тикламоқда.
Бозор муносабатлари адвокатлик фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда, деб айтиш мумкинми?
─Албатта. Адвокат ўз устида ишламаса эртага унга талаб бўлмайди. Талаб энг яхши адвокатга бўлади. Айрим ҳолатларда судга бориб мана қонун десак, “Йўғ-э шунақа қонун чиқдими?”,- дейишади. Бу адвокатнинг илғорлигидир. Қонунларни қўллай олиши бу - унинг ютуғи. Айниқса, иқтисодий йўналишидаги суд жараёнларида адвокат қонунни талқин қила олиши керак.
Қонунда шундай ҳолатлар мавжудки, бу коррупцияга йўл очади. Халқ тилида айтганда «қонундаги лазейкалар» га мисоллар келтира оласизми?
─Халқ тилида «лазейкалар» дейилувчи мавжуд. Масалан, оғир жиноят туркумидаги жиноятларда санкция, яъни жазо муддатларини мисол қилишимиз мумкин. Уларда 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган. Судьяга бу кенг ҳуқуқлар тақдим этади. Судья хоҳласа 5 йилдан 10 йилгача хоҳлаган муддатини (5,6,7,8,9,10) тайинлаши мумкин. Бу коррупцияга сабаб бўлиши мумкин. Тўғри, суд кўриб чиқиб хулоса қилиши мумкин. Буни аниқлаштирилиши лозим.
Ислоҳотларда адвокатлар ўзларининг қандай ҳиссаларини қўшмоқда?
─Бу борада адвокатлар палатаси томонидан ҳар бир адвокат маҳаллага бириктирилган. Маҳаллаларда у ердаги аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда. Агар кимдир ўз ҳуқуқлари бузилган бўлса, ўз адвокатига мурожаат этиши мумкин.
Бу ишлар нафақат маҳаллада, оммавий ахборот воситаларида ҳам адвокатлар фаол бўлишга ҳаракат қилишмоқда.
Баҳодир Аҳмедов суҳбатлашди
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
13:00 / 13.09.2024
Навалнийнинг адвокатлари устидан маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтади
13:43 / 10.09.2024
Тошкентда 2 нафар адвокат ва юрист қўлга олинди
18:23 / 26.08.2024