19:40 / 17.07.2018
33500

Вазирлик иссиқ об-ҳаво шароитида қандай ҳаракатланиш бўйича тавсиялар берди

Фото: Kun.uz

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги иссиқ об-ҳаво шароитида қандай ҳаракат қилиш лозимлиги бўйича тавсия эълон қилди

Вазирлик матбуот хизмати хабарида бир неча кун давомида ўртача ҳароратдан 10 ва ундан ортиқ даражада ошиб, кучли иссиқ об-ҳаво кузатилганида, инсон тана ҳарорати 38 даражадан ортиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Бундай об-ҳавода узоқ вақт бўлиш қуёш уриши ва юрак фаолияти бузилишига олиб келади. Тери қизариши, шиллиқ қаватлар қуриши ва кучли ташналик - иссиқ уриши симптомлари ҳисобланади. Бу ҳолатда тиббий ёрдам кўрсатилмаса, одам ҳушдан кетиб, нафас олиш ва юрак уриши тўхташи мумкин.

«Иссиқ об-ҳаво пайтида саломатлик билан боғлиқ муаммолар олдини олиш мақсадида, тамаки маҳсулотларини чекишни, алкогол ичимликларини ичишни, кучли жисмоний меҳнат қилишни ва овқат истеъмол қилишни камайтириш лозим», дейилади хабарда.

Кучли иссиқ об-ҳавога тайёргарлик кўриш
Олдиндан ичимлик суви захираларини яратиш, иссиқ об-ҳавога мос кийим-кечак, вентильятор, кондиционерларни тайёрлаб қўйиш тавсия этилади. Дала шароитида чодир (чайла, капа) ҳамда қудуқлар қуриш, иложи борича электр ускуналар ишлаши учун автоном электр манбаини сотиб олиш зарур.

Иссиқ об-ҳаво пайтида қандай ҳаракат қилиш керак

  1. Иссиқ ҳаво таъсиридан сақланинг. Оч (оқ) рангдаги ҳаво ўтказадиган (иложи борича пахтадан тайёрланган) кийим-кечак ва бош кийим кийиб юринг. Эсда тутинг, куйган тери терламайди ва совумайди. Кўчада шошмай юринг, кўпроқ сояда бўлишга ҳаракат қилинг.
  2. Кўпроқ суюқлик (сув) истеъмол қилиш. Суюқликни (сувни) тўғри истеъмол қилиш режими организмни яхши фаолият қилишига шароит яратади. Иссиқ об-ҳаво пайтида истеъмол қилинадиган сув миқдорини кўпайтириш лозим. Бунда ширали ичимлик ёки ширин газланган ичимлик ўрнига оддий сув билан организмдаги сув танқислигини бартараф этиш керак. Пиво ёки бошқа алкогол ичимликлар истеъмол қилманг, бу организмнинг умумий ҳолати ёмонлашишига олиб келади. Иссиқ об-ҳаво пайтида соат 12:00дан 16:00гача кўчага чиқмасликка ҳаракат қилинг, айниқса очиқ қуёш тагида юрманг. Ўзингизни ва ишингизни шундай режалаштирингки, бу оралиқда сиз уйда ёки ишхонада бўлинг.
  3. Иложи борича кўпроқ душ қабул қилинг. Мунтазам тозаланиш тери янада самарали нафас олишига кўмак беради. Сув хона ҳароратида бўлиши керак. Муздай сувда совушга интилиш, ҳароратлар бирдан алмашганида ривожланадиган зотилжам касаллигига қисқа йўлдир.
  4. Иссиқ (офтоб) урганда сояга ёки шабода бор жойга ўтинг, душ қабул қилинг ва аста-секин кўп миқдорда сув ичинг. Иссиқ (офтоб, кун) уриши олдини олиш мақсадида ўз танангизни совутишга ҳаракат қилинг.
  5. Истеъмол қилинадиган озиқ-овқат таркибини ўзгартишга ҳаракат қилинг. Иссиқ об-ҳаво пайтида эътиборингизни совуқ овқатлар истеъмол қилишга қаратинг. Мева ва сабзавотлар истеъмол қилинг. Овқатларни албатта туз билан истеъмол қилинг. Чунки иссиқ об-ҳаво пайтида инсон кўп терлайди ва шу билан бирга етарлича натрий тузини йўқотади.
  6. Синтетик матоларда тайёрланган кийим-кечаклар киймасликка ҳаракат қилинг. Иссиқ об-ҳаво пайтида пахтадан тайёрланган кийим-кечак танлаш даркор. Кепка, панама ёки шляпа кийишдан уялманг. Иссиқ (офтоб) уриши кўпинча инсонларнинг боши қизиб кетиши туфайли юз беради.
  7. Бундай иссиқ об-ҳавони кондиционерсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Агар сиз кондиционер ўрнатилган хонада вақтни ўтказмоқчи бўлсангиз, унда кондиционердан эсаётган шамол йўналиши бўйлаб жойлашманг. Одатда кондиционерларда кўплаб бактериялар мавжуд, ушбу бактериялар совуқ ҳаво билан бирга инсонга таъсир этиши, ундаги сурункали бронхит ва зотилжам касалликлари кучайиб кетишига сабаб бўлади.
  8. Тана ҳароратини пасайтиришга совуқ сувга оёқ ва кўлларни ботириш йўли билан эришиш мумкин. Иссиқ (офтоб) уриши аломатлари (умумий ҳолсизлик, бош оғриши, юз рангини ўчиши (оқариб) ёки қизариб кетиши, пульс меъёрида эмаслиги) пайдо бўлганда терлаш билан боғлиқ сув йўқотилиши ўрнини тўлдириш учун мунтазам кичик ҳажмларда (80-100 мл) сув истеъмол қилиш керак, бунда сувни иложи борича узоқроқ оғизда ушлаб кейин ичиш керак, танани тезда совутиш (сояга, шабода бор жойга ўтиш, душ қабул қилиш) керак.

Иссиқ об-ҳаво пайтида пляжда ўзини тутиш қоидалари

Агар сиз иссиқ об-ҳаво пайтида пляжда ёки дарё (сой) бўйида дам олаётган бўлсангиз, доим эсингизда тутинг қуёшда ҳаво харорати +50 даража ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Шу пайтда сув ҳарорати +22 - +26 даража бўлади. Бунда ҳароратлар фарқи 25-30 даражани ташкил қилади.

Агар сувнинг бўйида қуёшда узоқ вақт бўлиб, бирдан сувга кирсангиз (сувга ташлансангиз), бунда ҳароратлар фарқи туфайли ўпка сиқилиши (нафас олиш қийинлашиб) ва юрак уриши тўхтаб қолиши мумкин.

Шунинг учун, сувга киришдан олдин баданни ҳўллаб (бел, кўкрак ва ҳ.к.), сувга мослашиш керак. Бунга кўпроқ кекса ёшдаги кишилар амал қилишлари зарур.

Бироз аввалроқ 19-23 июль кунлари Ўзбекистонга Эрондан қуруқ ва жуда иссиқ ҳаво Туркманистон орқали кириб келиши,  республиканинг аксарият ҳудудларида ҳавонинг кундузги ҳарорати ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 5–7 даражага ошиб, 40–43 даражани ташкил этиши ҳақида огоҳлантирилганди.

Top