Ўзбекистон | 10:44 / 19.10.2022
16004
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарё ва Жиззах вилоятининг тоғли ҳудудларига қор ёғди

Кеча, 18 октябр куни тунда қор фақат баланд тоғларга тушган бўлса, бугун, 19 октябр куни эрталаб тоғ этакларига ҳам тушаётгани хабар қилинмоқда.

Фото: Сухроб Али

Бир неча кундан буён Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида ёмғир ёғиб ўтмоқда. Республика ҳудудларига кириб келган ғарбий ҳаво оқимларининг иккинчи босқичи баланд тоғларга қор ёғишига олиб келган.

Ижтимоий тармоқларда 2022 йил 18 октябрдан 19 октябрга ўтар тунда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани, Жиззах вилояти Зомин ҳамда Бахмал туманларида қор ёғгани айтилган хабарлар тарқалди.

Маълум бўлишича, айни дамда Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги тоғларга ва тоғ этакларига қор тушмоқда. Жумладан, Бахмал туманининг Йўлдошбой, Темирқадам, Ўсмат, Мўғол ва Новқа қишлоқларида лайлакқор ёғиб ўтаётгани маълум қилинган.

Гидрометеорологлар томонидан бугун, 19 октябр куни тоғларда қор ёғиш масштаби кенгайиши, Тошкент ва Наманган вилоятлари ўртасида жойлашган баланд тоғларда ҳам қор ёғиши мумкинлиги айтилмоқда.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов тоғ аҳолисини мазкур табиат ҳодисаси боғдорчилик йўналишида меваларга бироз зарар етказилишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид