Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Малика» савдо мажмуаси ҳам сотувга қўйилади
Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулки объектлари рўйхати тасдиқланган.
Ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси” ҳам хусусий секторга сотилади.
Шайхонтоҳур тумани, Кичик ҳалқа кўчаси 57-, 59- ҳамда 61-уйларида жойлашган мазкур объектларнинг умумий ер майдони 41,4 минг кв.м, бино-иншоот майдони эса 13,8 минг кв.м.ни ташкил қилади. Бино-иншоотлар халқ орасида “Малика” номи билан танилган ҳудудда жойлашган.
Давлат активларини бошқариш агентлигига 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Фармон доирасига тушган корхоналар акция пакетлари (улушлари) ва кўчмас мулк объектларининг оммавий савдоларга чиқарилишини таъминлаш топширилган.
Давлат акция пакетлари (улушлари), кўчмас мулк объектлари баҳоланган нархда оммавий савдоларда уч ой муддат давомида сотилмаган тақдирда, уларнинг бошланғич нархини агентликнинг таклифига асосан қайта белгиланиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур фармон билан Тошкент шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида жойлашган, Давлат хавфсизлик хизматининг 20 219 кв.м. майдонга эга собиқ марказий биноси ҳам сотувга чиқарилиши белгиланган.