Жамият | 19:25 / 16.02.2021
10390
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда биринчи навбатда 4 миллиондан ошиқ киши эмланади

Ўзбекистонда биринчи навбатда эмланадиган аҳоли сони 4 млн 112 минг 668 нафарни ташкил этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассиси Вазира Муталова маълум қилди.

У биринчи навбатда эмланадиган аҳоли қатламлари ҳақида маълумот келтирган:

  • 65-74 ёшгача бўлган қариялар – 1 млн 85 минг 797 нафар;
  • 75 ёшдан 84 ёшгача бўлган кексалар – 388 минг 686 нафар;
  • 85 ёш ва ундан юқори кексалар – 139 минг 280 нафар;
  • Тиббиёт ходимлари – 447 минг 976 нафар;
  • Сурункали касалликлари бор аҳоли (18-65 ёш) – 888 190 нафар;
  • Мактаб ўқитувчилари – 689 минг 383 нафар;
  • Мактабгача таълим муассасаси ходимлари – 223 минг 426 нафар;
  • Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари – 180 минг нафар.

Ўзбекистонда эмлаш жараёнига 3138та эмлаш пунктлари, 862та мобил бригадалар (ҳар бирида 1 нафар оилавий шифокор, 1 нафар вакцинатор ва 1 нафар муолажа ҳамшираси мавжуд) жалб этилган.

Ушбу фуқаролар ўзлари яшайдиган ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида ташкил этилган эмлаш хоналарида эмланади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев давлат дастури бўйича йиғилишда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарурлигини таъкидлаганди. Санитария-эпидемиология хизмати Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланишини маълум қилганди. Биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган шахслар эмланиши ва у фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилиши маълум қилинган. Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Ўзбекистонда аҳолининг заиф қатламлари коронавирусга қарши бепул эмланишини маълум қилган.

Мавзуга оид