Жаҳон | 21:20 / 23.05.2024
27759
2 дақиқада ўқилади

Эрон президенти қадрдон шаҳрида дафн этилди

Иброҳим Раисий жасади XIII асрга оид қадимий мақбарага қўйилди. 

Фото: AP

Вертолёт ҳалокатида вафот этган Эрон президенти Иброҳим Раисий 23 май куни ўзининг туғилиб ўсган шаҳри Машҳадда дафн қилинди. Шаҳар мэри сўзларига кўра, дафн маросимига 3 миллионга яқин одам келган. 

Президентнинг жасади XIII асрга оид олтин гумбазли архитектура мажмуаси бўлган Имом Ризо мақбарасига қўйилди. Айнан шу қабристон атрофида Эроннинг аҳоли сони кўплиги бўйича иккинчи шаҳри пайдо бўлган. 

23 май куни эрталаб Раисий тобути Биржанд шаҳри кўчалари бўйлаб олиб ўтилди, у ерда минглаб одамлар президент билан хайрлашиш учун чиқишди. Кейин унинг тобути Машҳадга етказилди. 

Бир кун аввал Эронда марҳумлар билан видолашув маросимлари бўлиб ўтди ва бу ҳам жуда кўп одамларни жалб қилган эди. 

Мамлакат шимоли-ғарбида, Озарбайжон билан чегара яқинидаги тоғли ҳудудда вертолёт қулаши оқибатида Раисийдан ташқари яна етти киши ҳалок бўлди, улар орасида Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-Абдуллоҳиён ҳам бор. 

Ҳалок бўлганлар хотирасига мамлакатда беш кунлик мотам эълон қилинган.

Мавзуга оид