Ўзбекистон | 17:31 / 06.03.2019
55826
4 дақиқада ўқилади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги модда билан тўлдирилади. У Миллий гвардияга алоқадор

Фото: Президент матбуот хизмати

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–ХII-сонли қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:

қуйидаги мазмундаги 194-1-модда билан тўлдирилади:

«194-1-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг қонуний талабларини бажармаслик

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, Миллий гвардия бўлинмасига бориш ёки кўрсатилган муддатда Миллий гвардия бўлинмасида бўлишдан иборат қонуний талабларини бажармай Миллий гвардия бўлинмасига келмаслик, транспорт воситасини тўхтатиш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик ёхуд Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик –

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –

энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади»;

қуйидаги мазмундаги 195-1-модда билан тўлдирилади:

«195-1-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчи (ходим)ларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг ўз вазифаларини бажаришга тааллуқли қонуний талабларини бажармасликка ҳар қандай кўринишда омма олдида даъват қилиш, худди шунингдек Миллий гвардия ҳарбий хизматчи (ходим)ларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида атайин сохта уйдирмаларни тарқатиш -

энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади».

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги ЎРҚ–371-сонли қонунига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилади:

қуйидаги мазмундаги 12-1-модда билан тўлдирилади:

«12-1-модда. Миллий гвардия органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Миллий гвардия органлари:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини, шу жумладан қўриқлаш фаолиятида аниқланадиган ҳамда фуқаровий ва хизмат қуроллари, уларнинг ўқ дориларига оид ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда муассасалар билан ҳамкорлик қилади.

Миллий гвардия органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин».

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид