17:36 / 03.06.2016
17008

Murad Buildings Ўзбекистоннинг энг қувноқ ёшлари учун Тошкент бўйлаб саёҳат ташкил қилди

Қувноқ ва зукко, иқтидорли ва позитив ёшларни жамлаган Ўзбекистон КВН оиласи учун май ойининг охирги якшанбаси ғаройиб сюрприз билан келди. Ёшлар, санъат, маданият ва бошқа ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлашга бел боғлаган Murad Buildings КВНчилар учун Тошкент бўйлаб саёҳат ва компаниянинг ажойиб лойиҳаларидан бири “Гулсарой” мажмуасида унутилмас кечани ташкил этди. Бу ҳақда лойиҳа қатнашчиларидан бири блогида ҳикоя қилинади.

"Тошкентнинг икки қаватли автобуслари ўз тарихидаги энг юморга бой суҳбатлар, ҳазил-ҳузуллар ва кулгиларга мезбонлик қилган бўлса керак. Ахир бугунги экипаж Ўзбекистон КВН ўйинлари иштирокчилари! Бу клуб 25 йилдан бери минглаб ёшлар учун ўзларининг сўзамоллик, ҳозиржавоблик ва актёрлик маҳоратларини намойиш этиш, тенгдошлари билан бирга қизғин ижод қилиш ва дўстлар орттириш майдончаси бўлиб келяпти", дейди блогер ўз ҳикоясида.

Даблдекер автобусларининг йўналиш харитасидан пойтахтнинг энг кўзга кўринган манзиллари: Шаҳидлар хотираси майдони, Минор масжиди ва Ҳазрати Имом мажмуаси ўрин олган. Иштирокчилар саёҳат баҳонасида диққатга сазовор жойлар ҳақида кўпроқ маълумот олишдан ташқари, эсдалик суратларига тушишди.

Шу куни қизил автобуслар маршрути бироз ўзгарган. Ҳазрати Имом зиёратгоҳидан кейин автобус шаҳарнинг Олмазор туманидаги мавзеларидан бирида қад кўтарган мўжаз “Гулсарой” турар-жой мажмуаси томон ҳаракатланди.

Ушбу маскан тўртта беш қаватли бинодан ташкил топган. Бинолардан бирининг пастки қавати супермаркет учун мўлжалланган. Замонавий кўп қаватли уйлар айвонлари ва ҳовли бўйлаб гуллар, бинолар тоқида эса халқда барака рамзи ҳисобланган узунқанот қушлар учун уйчалар ўрнатилган. Баъзи хонадонлари панжараларида уй сотилганига ишора қилувчи эълонларни кўриш мумкин.

Иштирокчилар учун ташкил этилган дастурхон атрофидаги илиқ суҳбатдан кейин компаниянинг бинокорлик соҳасида амалга ошираётган ишлари ҳақида тадбир мезбони Мурод Назаров маълумот берди.

“Гулсарой”даги махсус экскурсия давомида компания раҳбари Murad Buildings’нинг асосий вазифаларидан бири ҳақида тўхталди: “Биз Ўзбекистонда замонавий, қулай ва юқори сифатли уйлар қурилиши рағбатлантирилишини мақсад қилганмиз”, — дейди у.

У қувноқлар ва зукколар эътиборига ҳавола этган баъзи ностандарт ғоя ва меъморий ечимлар кўчмас мулк соҳасида фаол иш олиб борувчи девелоперлик компаниясининг ўз мақсадига эришаётганини кўрсатиб берган.

Уйлардаги йўлаклар кенглиги.
Зинадан кўтарилишингиз биланоқ хонадон эшикларини эмас, кенгроқ йўлак ва олтин рангли замонавий лифтга кўзингиз тушади. Миллий анъаналардаги меҳмон кузатиш, қўни-қўшнилар билан гурунглашиш учун ҳам бундай қулайлик айни муддао бўлади.

Хонадонингизнинг иккинчи қавати ҳам бўлса.
Шинам хоналардан ташкил топган квартираларда зиналар ҳам борки, қўшқаватли уйингизнинг тепа қаватига кўтарилиб кетаверасиз. Кўп болали ўзбеклар учун бу анча қўл келиши табиий.

Ҳовлидаги автомобиллар турар жойи бинолар доим кўркам бўлишини таъминлайди. Мажмуа ҳовлисида машинангизни қўйиб туриш учун белгиланган миқдорда пул тўлайсиз. Бу пулларнинг бари шу масканни ободонлаштириш ишларига йўналтирилади.

Йўлакларни ўзбек мармари билан безаш ва шу орқали деворлар доим тоза туришини таъминлаш имкониятидан тортиб, мажмуа ҳудудида ясаладиган махсус, юқори сифатли ромларгача Murad Buildings’нинг кўп ноу-хаулари ҳақида гапирса бўлади. Муҳими, Ўзбекистонда кўриш, орзу-ҳавас қилишга арзигулик уй-жойлар ривожланиши ҳақида КВНчи йигит-қизлар анча маълумот олишди.

 

Top