15:46 / 03.07.2020
14403

Урганч шаҳридаги маҳаллада хусусий клиника қурилиши бошланди. Фуқаролар бунга қарши бўлишмоқда

Урганч шаҳрининг «Темирйўлчи» маҳалласи ҳудудида тиббиёт клиникаси қурилиши бошланди. Аҳоли ер ажратилишига рухсат берган ҳокимликдан қаттиқ норози бўлмоқда.

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрининг «Темирйўлчи» маҳалласи ҳудудида тиббиёт клиникаси қурилиши бошланди. Яқин атрофдаги уйларда яшовчи аҳоли бундан қаттиқ норози бўлиб, қурилиш тўхтатилишини талаб қилишмоқда. Бу ҳақдаги шикоятлар шаҳар прокуратураси ва бошқа ташкилотларга тақдим қилинган.

Урганч шаҳри ҳокимининг 2020 йил 9 мартдаги қарорига асосан, тадбиркор Ойбек Абдуллаевга «Темирйўлчи» маҳалласи ҳудудининг Хонқа кўчаси томонидан «Тиббиёт клиника» қуриш учун 600 кв.м. ер майдони доимий фойдаланишга ажратиб берилган.

Бу ҳудуд Хонқа кўчаси ва Ал-Хоразмий кўчаси туташган жойда ёнма-ён турган 2 қаватли 2та уй ўртасидаги автомобиллар турар жойига тўғри келади.

Ер ажратиш тўғрисидаги қарор март ойида чиққан бўлса-да, маҳалла аҳолиси бу ҳақда июнь ойида, қурилиш ишлари бошланганида хабар топган. Бу ҳолат одамларни таажжубга солган.

«Темирйўлчи» маҳалласи аҳолиси автомобиллар турар жойи ўрнида ҳеч қандай огоҳлантиришсиз тиббиёт клиникаси қурилиши учун рухсат берилганидан қаттиқ норози бўлиб туришибди. Одамлар шахсий автомобилларини қўйиш учун жой қолмаслиги, қурилиш натижасида атрофдаги 70 йил олдин қурилган уйларга жиддий талафот етиши, қурилиш техникаси аҳолининг мулки ва соғлиғига зарар етказиши, бундан ташқари, тиббиёт клиникаси фаолияти аҳоли саломатлигига хавф солиши мумкинлигидан жиддий хавотирга тушишган. Улар деярли ҳар куни шу ҳолатни муҳокама қилишмоқда.

Қурилишни бошлаб қўйган тадбиркор Ойбек Абдуллаев бу жойда ертўлали, 2 қаватли бино барпо этилиши режалаштирилаётгани ва бунинг учун барча ҳужжатлар расмийлаштирилгани, рухсатномалар олингани ҳақида маълумот берди.

Аммо «Темирйўлчи» маҳалласи аҳолисига қурилиш лойиҳаси, бинонинг кўриниши қандай бўлиши, рухсатномалар ҳақида тўлиқ маълумот берилмаяпти. Бу эса одамлар орасида турли миш-мишлар тарқалишига, хавотир ошишига сабаб бўлмоқда.

Урганч шаҳар ҳокимлигидан «Темирйўлчи» маҳалласи ҳудудида тиббиёт клиникаси қуриш учун ҳужжатлар қандай расмийлаштирилгани бўйича изоҳ олишга бўлган уринишлар самарасиз кетди. Ҳокимлик вакили муаммо нимадалигини билгач, қўнғироқларга жавоб бермай қўйди. Ҳокимлик биносига эса карантин туфайли киришнинг иложи бўлмади.

Албатта «шаҳар бедарвоза эмас», Ўзбекистонда аҳоли яшаш жойларида қурилиш ишларини олиб бориш Шаҳарсозлик Кодекси билан тартибга солинади. Кодекснинг 3-моддасида «Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари шаҳарсозликнинг асоси бўлиб, улар шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари, фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар ижро этиши учун мажбурий» экани кўрсатилган.

Шаҳарсозлик Кодексининг 4-моддаси 7-қисмида «Агар шаҳарсозлик фаолияти жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига зид бўлса, бундай фаолият тугатилиши керак» деб белгиланган. Бу моддага кенгроқ шарҳ берадиган бўлсак, ҳар қандай қурилиш ишлари лойиҳалаштирилиши ва бошланишидан олдин, шу ҳудуддаги фуқаролар, корхона ва ташкилотлар манфаатларига зид эмаслиги текширилиши, уларнинг розилиги олиниши шарт ҳисобланади.

Кодекснинг 5-моддасида «Ҳар бир фуқаро қулай яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳити билан таъминланиш ҳуқуқига эгалиги, шаҳарсозлик фаолиятининг амалга оширилишида фуқароларнинг қулай яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳити билан таъминланиш ҳуқуқи борлиги, фуқароларнинг шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этиши мумкинлиги» кўрсатилган.

Кўриб турганимиздек, қонунлар, кодекслар фуқароларнинг қулай яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳити билан таъминланиш ҳуқуқини қатъий ҳимоя қилмоқда. Хусусан, «Темирйўлчи» маҳалласи аҳолиси қулай яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳити билан таъминланишни талаб қилиши, бундай муҳит бузилишига эътироз билдириши ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этишга ҳақли.

Урганч шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар эса шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига амал қилишга, жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини эътиборга олишга, улар билан ҳисоблашишга мажбур.

Урганч шаҳар ҳокимлиги тадбиркорга ер ажратиш жараёнида Шаҳарсозлик Кодекси талабидан келиб чиққан ҳолда, шу ҳудудда истиқомат қилувчи фуқароларнинг розилигини олгани ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Юқорида қайд этганимиздек, бу борада изоҳ олишга бўлган уринишлар самарасиз бўлди. Бизга мурожаат йўллаган аҳоли эса бу масала юзасидан маҳаллада ҳеч қандай йиғилиш ўтказилмагани ва розилик олинмаганини таъкидламоқда. Бундан ташқари, аҳолининг қаттиқ норози бўлиб турганидан бундай розилик олинмаганини тахмин қилиш қийинмас.

Ҳозирги вақтда тадбиркор томонидан қурилиш ишлари бошлаб қўйилган. Уйлар ораси тўсиқлар билан ўраб олинган, ҳатто одамлар ва автомобиллар ўтадиган йўл ҳам ёпилган. Одамлар шахсий автомашиналарини пиёдалар йўлагига қўйишга мажбур бўлишяпти. Қурилиш ишлари бошланиши натижасида аҳоли газ таъминотидан, ичимлик суви таъминотидан бот-бот узиб қўйилаётгани ҳақидаги шикоятлар ҳам бўлмоқда. Пандемия билан боғлиқ оғир шароитда бунга қандай йўл қўйиш мумкин?

Ҳар бир маҳалла аҳолиси чиройли ва қулай, хавфсиз ва обод ҳуддуда, роҳатланиб, бемалол яшашга ҳақли. «Темирйўлчи» маҳалласи аҳолиси қонунда белгиланган, кодексда кўрсатилган ҳуқуқлари тикланиши, ўз фикрлари ва эътирозлари инобатга олинишини талаб қилишяпти. Афсуски, бу можародан шаҳар ҳокимлиги, маҳалла қўмитаси ва аҳоли ўртасида муҳокама ва музокара жараёни, конструктив мулоқот, алоқа йўқлигини кўрмоқдамиз. Раҳбарлар маҳалла фуқароларини йиғиб, барча манфаатдор томонларни тўплаб, вазиятни муҳокама қилганида, муаммо ечимини топишга интилганида бундай зиддият келиб чиқмаган бўларди.

Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top