Ўзбекистон | 10:17 / 28.02.2021
10489
3 дақиқада ўқилади

«Ҳуқуқларимиз қўпол равишда бузилмоқда» – Жиззахдаги адвокатлар муаммолари

24 феврал куни Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ДХХ, Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирокида адвокатлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Жиззахдан туриб иштирок этган адвокат Ҳусан Қувватов вилоятдаги ички ишлар идораларида адвокатларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётганини айтиб, қатор ҳолатларни санади.

«Ҳозир ИИВ вакили ички ишлардаги адвокатлар хоналарида камералар йўқ деди. Бироқ Жиззах шаҳридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги адвокатлар хонасида ҳалигача камера турибди.

Қонунда ёзилган: адвокат вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган ҳимояси остидаги шахснинг олдига ордерини, гувоҳномасини кўрсатиб, бирор бир мансабдор шахснинг рухсатисиз киришга ҳақли. Қолаверса, Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари тўғрисидаги низомда адвокат ҳимояси остидаги шахс билан аудио, видеоёзув кузатувлари бўлмаган жойда холи учрашишга ҳақли деб ёзилган. Бундан ташқари, адвокатга ҳимояси остидаги шахс билан учрашиш жараёнида мобил телефон, фотоаппарат, диктофондан фойдаланиш имконияти яратилади, дейиляпти. Шаҳар ҳудудида бу масалада муаммо йўқ, лекин туманларга борадиган бўлсак, навбатчи милицияга телефон қилиб, ундан кейин адвокатнинг кириш-кирмаслиги масаласи ҳал қилинади.

Адвокатни ҳимоя қилиш чиндан зарур бўлса, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги қонун ишлаши керак. Ички ишлар идораларида бу нарсага умуман эътиборсиз қаралади.

Ўзимга нисбатан бўлган ноқонуний ҳаракатга оддий бир мисол келтирсам: ҳимоям остидаги шахс билан учрашишга қаршилик қилиб, 60 ёшга яқинлашган, оғир жарроҳлик амалиётини ўтказган шахсни ички ишлар ходимлари мажбурлаб ички ишлар идорасига олиб кетишди. Мижозим [Жиноят кодекси] 169-моддаси 2-қисми билан айбланиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланяпти. У айбига иқрор бўлса, зарарни қоплаб бермоқчи бўлса...

У ҳам майли, терговчи менга коридорга чиқиб туринг, деяпти. Мен ундан «Хонангдаги камера видеога оляптими, овозни ёзадими?» деб сўрасам, ёзади, деди. Коридорга чиқиб турсам, «уголовний розиск»ни (жиноят қидирув бўлими) бошлиғи, у ҳатто тергов гуруҳининг аъзоси ҳам эмас, «Қамоққа оласан», деяпти. Шериги эса «Адвокати фалончи, эртага муаммо қилади» деса, унга жавобан «Адвокатини онасини фалон қилай» деган сўзларини ўз қулоғим билан эшитдим.

Ариза ёздим, охири видеоёзувни кўтаришди, лекин у ерда овози йўқмиш. Мен диктофон ёзувини беряпман, инобатга олинмаяпти. Кейин бу ходим ўзининг ёнидаги ходимни ҳақорат қилибди, деб унга нисбатан ҳайфсан интизомий жазосини бериляпти. Қани бу ерда адвокатнинг шаъни ва қадр-қиммати?», дейди жиззахлик адвокат Ҳусан Қувватов.

Адлия вазири Русланбек Давлетов ушбу масалалар, хусусан, камера ва ҳақорат ҳолатлари алоҳида ўрганилишига ваъда берди. 

Мавзуга оид