Жаҳон | 21:53 / 14.06.2024
11534
5 дақиқада ўқилади

Ғарбнинг Хитойга қарши савдо уруши. АҚШдан кейин ЕИ ҳам Хитой электромобиллари учун божларни оширмоқчи

Европа Иттифоқига импорт қилинадиган автомобиллардан 10 фоизлик бож ундирилади. Бу миқдор BYD учун 17,4 фоизга, Geely учун 20 фоизга ва SAIC учун 38,1 фоизга оширилиши режалаштирилган. Еврокомиссия бу қарорни Хитой автомобил ишлаб чиқарувчиларининг «адолатсиз субсидиялар»дан фойда кўраётгани билан изоҳлаган.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи июл ойидан бошлаб Хитойда ишлаб чиқарилган электромобиллар учун импорт божларини оширишни режалаштиряпти. Еврокомиссия Хитой расмийлари ва якка автомобил ишлаб чиқарувчилар билан божхона тўловларини вақтинча ошириш бўйича музокаралар олиб боради. Агар музокаралардан кўзланган натижага эришилмаса, жазо божлари муайян шартлар остида 4 июлдан кейин қўллана бошлаши мумкин. 

Нега Хитой электромобиллари учун божни оширишмоқчи?

Хитой ҳукумати ўзининг электромобил секторини катта миқдорда субсидиялайди, шу жумладан истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчилар учун катта солиқ имтиёзлари тақдим этади. Масалан, ўтган йилнинг июн ойида 520 миллиард юан (қарийб 72 миллиард доллар) миқдоридаги савдо ва солиқ имтиёзлари пакети эълон қилинди. Бу тўрт йил давомида амал қилади ва ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ҳамда электр транспорт воситаларини истеъмолчилар учун арзонроқ қилиш имконини беради.

Шунга ўхшаш янгиликлар фонида 2023 йилнинг кузида Европа Комиссияси Хитой электромобиллари учун субсидиялар бўйича текширув бошланганини эълон қилганди.

«Жаҳон бозори арзон электромобиллар билан тўлиб кетди. Уларнинг нархи катта давлат субсидиялари туфайли сунъий равишда пасайиб бормоқда. Мен Европа Комиссияси томонидан Хитойда электр транспорт воситалари учун субсидиялар ажратиш бўйича тергов бошлаганини эълон қилмоқчиман. Европа пойга учун эмас, рақобат учун очиқ», деганди Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен.

ЕИ 12 июн куни олиб борилаётган текширувга асосланиб, Хитой электромобиллари бозорда «адолатсиз субсидиялар»дан фойда кўради деган хулосага келганини билдирди. Брюсселнинг таъкидлашича, бу Европа ишлаб чиқарувчиларига «иқтисодий зарар» билан таҳдид соляпти.

Еврокомиссия ҳисоб-китобларига кўра, Хитой электромобилларининг Европа Иттифоқи бозоридаги улуши 2019 йилдаги 1 фоиздан 8 фоизга ошган ва 2025 йилда бу кўрсаткич 15 фоизга етиши мумкин. Таклиф қилинаётган нархлар ҳам одатда Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилган моделлардан 20 фоизга пастроқ.

Аввалроқ, АҚШ ҳукумати ҳам Хитойдан импорт қилинадиган электромобиллар учун божларни 25 фоиздан 100 фоизга оширганди. Мутахассислар бу қарорни ички бозордаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни сунъий равишда сақлаб қолиш, дея баҳолаганди.

Божлар қандай ўзгариши мумкин?

Агар Хитой билан музокаралар натижа бермаса, ушбу мамлакатда ишлаб чиқарилган электромобилларга божлар сезиларли даражада оширилиши мумкин. 

Айни пайтда Европа Иттифоқига импорт қилинадиган автомобиллардан 10 фоизлик бож ундирилади. Бу миқдор BYD учун 17,4 фоизга, Geely учун 20 фоизга ва SAIC учун 38,1 фоизга ошиши эҳтимоли бор.

Хитойнинг терговда қатнашган, аммо танланмаган бошқа электромобил ишлаб чиқарувчилари ўртача 21 фоиз бож тўлайди. ЕИда маҳсулот сотадиган ва терговда ҳамкорлик қилмайдиган барча бошқа хитойлик электромобил ишлаб чиқарувчилар 38,1 фоиз божга тортилади.

«Агар Хитой расмийлари билан музокаралар ечим топишга имкон бермаса, 4 июлдан хавфсизлик кафолатлари асосида дастлабки компенсацион божлар жорий этилади», — дея маълум қилди Европа комиссияси.

Шунингдек, ҳар бир Европа Иттифоқи давлати бу борада мустақил равишда қарор қабул қилиши мумкинлиги ҳам таъкидланган.

Хитой ҳам жавоб чораларини кўради

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лин Цзян ЕИ терговини «протекционизмнинг одатий ҳолати» дея таърифлаб, божлар Хитой ва ЕИ иқтисодий ҳамкорлигига ва глобал автомобил ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларининг барқарорлигига зарар етказиши мумкинлигини айтиб ўтди.

Хитой Савдо вазирлиги ҳам  ЕИ томонидан жазо чоралари таҳдидини кескин танқид қилди ва жавоб чоралари киритилиши мумкинлигини билдирди. Пекин кейинги жараённи диққат билан кузатиб боради ва Хитой фирмаларининг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни қатъий кўради, деди Хитой Савдо вазирлиги вакили. 

Апрел ойида Хитой, агар АҚШ ёки ЕИ Хитой товарларига экспорт божлари жорий қилса, мамлакатнинг савдо салоҳиятини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни қабул қилганди. Шу жиҳатдан Германия ҳукумати ва немис автомобил ишлаб чиқарувчилари Европа Иттифоқи томонидан Хитой электромобилларига жарима божлари жорий этилиши Хитой билан савдо можаросини келтириб чиқаришидан хавотирланяпти. Чунки Volkswagen, БМW ва Mercedes каби компаниялар глобал автомобиль даромадларининг 20 фоиздан кўпроғини Хитой бозоридан олади

Мавзуга оид