16:23 / 21.01.2022
11026

“Масъуллар бу йилги солиқ сиёсатига тузатишлар киритишга ваъда берди” — Юлий Юсупов

Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси масъуллари эксперт ва тадбиркорлар билан учрашувда бизнес вакилларининг айрим даъволарига рози бўлган, баъзиларини ўйлаб кўришга ваъда берган, молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов бу йилги солиқ сиёсатига тузатишлар киритилишини айтган. Бу ҳақда иқтисодчи Юлий Юсупов маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

Савдо-саноат палатасида Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги мутасаддилари ҳамда бизнес вакиллари ва тадбиркорлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Facebook'даги саҳифасида маълум қилган иқтисодчи Юлий Юсуповга кўра, учрашувда масъуллар солиқ сиёсатига тузатишлар киритилиши мумкинлигини айтган.

“Ҳозиргина Савдо-саноат палатасида Молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси вакиллари, тадбиркорлар, экспертлар иштирокида солиқ маъмурчилиги масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Учрашув ҳайратланарли даражада конструктив ва дўстона руҳда ўтди.

Молия тизимидаги амалдорлар баъзи даъволарга рози бўлишди, баъзиларини ўйлаб кўришга ваъда беришди ва баъзиларига тушунтириш беришди. Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов келгуси ҳафтада (ҳатто душанба куни) бу йилги солиқ сиёсатига тузатишлар киритишга ваъда берди. Биз буни интиқлик билан кутамиз. Ушбу тадбирни ташкил қилган ССП ва унинг раиси Адҳам Илҳомовичга катта раҳмат”, – деб ёзди иқтисодчи.

Kun.uz'даги маълумотларга кўра, бугун, 21 январ куни Савдо-саноат палатасида юридик шахсларни солиққа тортиш тартибига, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни тушунтириш тўғрисида семинар ташкил этилган.

Унда палата раиси Адҳам Икромов, ДСҚ ва МВ мутасаддилари, тадбиркорлар ва экспертлар иштирок этган.

Семинарда мол-мулк солиғига киритилган ўзгартиришлар (1 кв.м. учун белгиланган минимал қийматлар), E-Aktiv автоматлаштирилган ахборот тизими (E-Ombor, виртуал омбор), маҳсулот ва хизматларнинг идентификация коди (МХИК), “Таҳлил-таҳлика” дастурида компания хавф чизиғига тушиб қолиши, офиснинг мавжудлиги ва ҳажмига қўйиладиган талаблар, ходимларнинг максимал сони, солиқ ҳуқуқбузарликлари хавфини таҳлил қилиш тизими ва уни ҚҚС тўловчи гувоҳномасини рўйхатдан ўтказишни бекор қилиш ёки рад этиш учун қўллаш амалиёти каби мавзулар муҳокама қилинган.

Аввалроқ, солиқ маъмурчилигига киритилган ўзгартиришлар юзасидан ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев ОАВ билан учрашган эди.

Матбуот анжумани юзасидан солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов Kun.uz'га интервью бериб, “ҳаммаси ҳам Қудбиев айтгандек эмас”лигини таъкидлади, учрашувда билдирилган фикрларга ўз эътирозларини билдирди.

Top