Иқтисодчи Юлий Юсупов Kun.uz учун ёзган мақоласида Ўзбекистон пахта-тўқимачилик соҳасини таҳлил қилади. Хулоса равшан – тармоқ қатъий ислоҳ қилиниши, бозор иқтисодиётига ўтиши лозим. Беўхшов, бозор ва аксилбозор элементлар қоришмасидан иборат “тизим” эрки йўқ фермерни ҳам, кластерни ҳам, аниқ эгаси мавжуд бўлмагани боис шиддатли тезликда ишдан чиқаётган ерни ҳам бахтиқаро қилмоқда. Айнан қишлоқ хўжалиги ислоҳ қилинмаётгани сабаб қишлоқларда ишсизлик ва меҳнат миграцияси салмоғи юқори. Ўз меҳнат ресурсларимиздан ўзимиз эмас, бошқалар фойдаланяпти. Қишлоқлардаги чексиз ижтимоий муаммолар занжирига ҳам шу омил бўляпти.

Ўзбекистонда тўқимачилик саноати кейинги йилларда жуда яхши ривожланди. Айниқса, экспорт бўйича соҳа муваффақиятлари эътиборга молик. 2022 йилда Ўзбекистондан барча тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 3,2 миллиард АҚШ долларини (умумий экспорт ҳажмининг 16,5 фоизи), шу жумладан, ип-калава – 1,4 миллиард АҚШ долларини, тайёр трикотаж ва тикув-трикотаж маҳсулотлари – 0,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

2016 йилда тўқимачилик экспорти 1,6 миллиард доллардан кам бўлганини ва асосан пахта ва ип-калавадан иборат бўлганини инобатга олсак, ўсиш яққол кўзга ташланади.

Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспорти, миллион АҚШ долларида. Манба: https://stat.uz/images/uploads/docs/pressreliztashqisavdo202212ru.pdf.

Тўқимачилик тармоғининг асосий хомашё манбаи Ўзбекистонда етиштириладиган пахта бўлиб, уни етиштириш учун мамлакат суғориладиган экин майдонларининг 1/3 қисми ажратилган. Кўп йиллар давомида ўзимизнинг нисбатан арзон пахтамиз хорижий ишлаб чиқарувчилар билан рақобатда маҳаллий тўқимачиларга маълум афзалликларни берди. Аммо охирги пайтларда ўз хомашё базамиз мавжудлиги устунликдан кўра, кўпроқ саноатни ўлдирадиган омилга айланди. Ҳарҳолда буни тўқимачилик соҳаси вакилларининг ўзлари таъкидлашмоқда. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган пахта нархи халқаро бозорлардаги пахтадан қимматроқ бўлиб қолмоқда. Жаҳон тўқимачилик бозорида шиддатли рақобат ҳукм сураётгани ва рақобатда ғалаба баъзан маҳсулот нархидаги жуда кичик фарқ туфайли қўлга киритилаётганини ҳисобга олсак, бу ҳолат соҳа ривожига чек қўйиши мумкин.