Ўзбекистон | 11:03 / 15.12.2025
3290
2 дақиқада ўқилади

Паралимпия ҳаракати: Президент ёшлар ютуғини “янги ёрқин саҳифа” деб баҳолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Дубай шаҳрида бўлиб ўтган V Ёшлар Параосиё ўйинларида ғолиб бўлган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларига табрик йўллади. Давлат раҳбари ушбу ғалабани мамлакат паралимпия ҳаракати тарихида “янги ёрқин саҳифа” деб баҳолади.

Фото: Спорт вазирлиги

15 декабр куни йўлланган табрикда президент спортчилар, устоз-мураббийлар ва ота-оналарни V Ёшлар Параосиё ўйинларидаги улкан тарихий ютуқ билан муборакбод этди.

Қайд этилишича, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида 35 давлатдан келган 1 минг 500 нафардан зиёд спортчилар иштирокида ўтган мусобақаларда ўзбекистонлик ёшлар жасорат ва матонат кўрсатган. Президент табригида уларнинг бу ғалабаси Ўзбекистон паралимпия ҳаракати тарихида яна бир ёрқин саҳифа очгани таъкидланди.

Давлат раҳбарига кўра, Ўзбекистон жамоаси мазкур нуфузли спорт анжуманида 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида Осиё қитъасида 1-ўринни эгаллаган. Шунингдек, турнир давомида Ўзбекистон мадҳияси қарийб 100 марта янграгани қайд этилди.

Табрикда пара пауэрлифтинг бўйича бир қатор спортчилар жаҳон ва Осиё рекордларини ўрнатгани, пара енгил атлетикада эса айрим дастурларда барча медаллар жамланмаси Ўзбекистон ҳисобига тушгани алоҳида таъкидланди.

Президент, шунингдек, мамлакатда паралимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича махсус қарор қабул қилингани, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида Адаптив спорт турлари ассоциацияси, “Матонат мактаби” ва мутахассислар тайёрлаш институти фаолияти йўлга қўйилганини эслатди. Қайд этилишича, адаптив спорт турлари йўналишлари 89 тага етказилган, маҳаллаларда мазкур спорт турлари билан доимий шуғулланувчилар сони 45 мингдан ошган.

Якунда давлат раҳбари ёш параспортчиларга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятларида улкан омад ва янги зафарлар тилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид