11:49 / 24.09.2020
18852

Бенгал тилида ўзбекчага ўхшаш сўзлар бор, урф-одатларимиз ҳам ўхшаш – Бангладеш элчиси билан суҳбат

Бангладешнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Масуд Маннан Ўзбекистонда 7 йилдан бери фаолият юритиб келади. Айни пайтда унинг мамлакатдаги элчилик фаолияти якунланиш арафасида. Элчи Kun.uz мухбири билан суҳбатда узоқ йиллик фаолияти давомидаги таҳлиллари, давлатлараро муносабатлар, ўзбек маданияти ҳақидаги таассуротлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Масуд Маннан суҳбат бошида Ўзбекистондаги фаолияти давомида кузатган 3та муҳим ўзгаришни санади.

“Ўзбекистон сиёсатида очиқлик пайдо бўлди. Масалан, мен чет элдан Ўзбекистонга бизнес қилиш мақсадида келсам, осонроқ қоидалар бўлишини хоҳлайман. Бунга имкон пайдо бўлди. Шунингдек, четдан инвестиция киритиш осонлашди.

Сиёсат очилиши билан Ўзбекистон бошқа давлатлар, айниқса, халқаро молиявий ташкилотлар билан алоқаларини мустаҳкамлади. Олдингига қараганда бу йўналишда кўпроқ очиқлик кузатилди.

Иккинчи ўзгариш эса давлат раҳбарининг халққа яқинлашиш стратегияси ҳисобланади. У давлат амалдорларининг халққа яқин бўлишини, халқни ҳурмат қилишини хоҳлайди. Бу стратегияда давлат амалдорлари халқни бошқариши эмас, балки халққа хизмат қилиши кераклиги назарда тутилган.

Учинчи ўзгариш эса Ўзбекистон президентининг қўшни давлатлар, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон билан муносабатларда муваффақиятли сиёсат юритаётгани билан боғлиқ. Бундан ташқари, Афғонистонга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Қўшни давлатларга алоҳида эътибор қаратиш эса Ўзбекистоннинг янги халқаро сиёсатининг бир қисмига айланди. Бу мен кўрган учинчи ўзгариш”, - дейди элчи.

У Ўзбекистон томонидан Афғонистонга алоҳида эътибор берилаётганига, давлатнинг коммуникация тизимини яхшилашга ёрдам бераётганига алоҳида тўхталиб ўтди.

Бангладеш элчиси Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятни ҳам ижобий баҳолади. Ўлим кўрсаткичининг пастлиги, қатъий карантин даврида бозорларда таъминотда узилиш бўлмагани, нархлар юқорилаб кетмаганини эътироф этди.

“Бобурийлар даврида жуда кўп анъаналарни ўзлаштирганмиз”

Элчи Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги муносабатлар, унинг тарихий ривожи ҳақида тўхталди.

“Ўзбекистон ва Бангладеш муносабатлари жуда чуқур тарихга эга ва тез ривожланмоқда. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, темурийлар ва бобурийлар давридан бошлаб бизнинг кучли тарихга эга муносабатларимиз бор. Бобур Ҳиндистон тахтига келганида Бангладеш ҳам катта Ҳиндистоннинг бир бўлаги эди. Бобурийлар Ҳиндистонда инглизлардан ҳам кўпроқ - 330 йил ҳукмронлик қилган.

Бенгал ва ўзбек тилида бир-бирига ўхшаш сўзлар бор. Масалан, сиз “пиёз” десангиз, бизда “пияж” дейилади. Ёки ўзбек тилида “адолат” дейилса, бенгал тилида “адалат” дейилади. Ўзбек тилида “гўшт”, “ҳолва” бўлса, бенгал тилида “гўшто”, “ҳалво” ишлатилади.

Ўзбеклар дутор чалса, бизда дутаро чалинади. Ўзбеклар палов пиширса, бенгаллар “беляни” пиширишади. Беляни кўпроқ гўшт билан тайёрланса, паловни гўштли ёки гўштсиз ҳам тайёрлаш мумкин. Бироқ уларнинг тайёрланиши бир-бирига ўхшайди. Бу каби ўхшашликлар жуда кўп. Улар Бобур Ҳиндистон ҳукмдори бўлган ва Бангладеш Ҳиндистон таркибида бўлган вақтларда ўзлаштирилган. Биз ўша пайтларда овқатланиш, тил ёки мусиқадаги ўхшаш одатларни ўзлаштирганмиз.

Бундан ташқари, Ислом дини ҳам Ўзбекистон ва Бангладешни боғлаб туради. Марказий Осиё, Ўзбекистонда рўза, закот, намозга жуда жиддий қаралса, Бангладешда ҳам худди шундай. Ўзбекистонда 90-95 фоиздан кўпроқ аҳоли мусулмон бўлса, Бангладешда ҳам аҳолининг 90 фоиздан кўп қисми мусулмон ҳисобланади”, - дейди элчи.

Элчи Бангладеш ўзбек пахтасининг биринчи рақамли харидори ҳисобланишини, айни пайтда бу давлат Ўзбекистонга пахтани қайта ишлаш тизимини яратишга ёрдам бераётгани, давлатлараро фармацевтика маҳсулотлари импорти, мева-сабзавотлар экспорти лойиҳалари ишлаётганига тўхталиб ўтди.

“Нон синдириш маросимига ўхшаш одат Бенгалияда ҳам бор...”

Икки давлат маданиятидаги ўхшашликлар ҳақида гап кетганда эса Масуд Маннан байрамлардаги ва урф-одатлардаги ўхшашликларни санади.

“Ўхшаш анъаналаримиз жуда кўп. Сабаби, икки давлат ҳам мусулмон давлатлари ҳисобланади. Масалан, сиз Наврўзни нишонласангиз, биз “Нобобошо” байрамини нишонлаймиз. Мавсумий фарқлар туфайли биз “Нобобошо” байрамини сал кейинроқ, 3 ҳафта фарқ билан 14 апрелда нишонлаймиз. “Нобобошо” байрами учинчи бобурий ҳукмдор Акбаршоҳ даврида бошланган. Акбаршоҳ Бангладешда янги календарь йилини бошлаб берган. Наврўз ва “Нобобошо” байрами бир-бирига ўхшаш тарзда нишонланади. Уларнинг иккаласида ҳам турли таомлар пиширилади, яқинлар зиёрат қилинади.

Тўй маросимларини ўтказишда ҳам ўхшашликлар бор. Сизларда никоҳдан олдин келиннинг уйига бориб нон синдирилса, бенгаллар ширинликлар синдиришади. Кейин эса никоҳ ўқитилади. Бу анъаналар ҳам ўхшаш.

Масуд Маннан ўзбеклардаги остонани супуриб қўйиш одатини жуда яхши кўради, мамлакатдаги ранг-барангликни қадрлайди.

“Пандемиядан кейин янги нормалар, янги қадриятлар шаклланади. Умид қиламанки, ўзбек халқи бу янги тартибларга мослашади. Бу янги нормалар бизнес, таълим, инновация, халқаро ҳаёт каби ҳамма соҳаларга тааллуқли. Бу фақат ўзбеклар ёки бенгалларга эмас, балки умумий ҳаёт тарзига тегишлидир”, - дейди элчи.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди
Тасвирчи - Нуриддин Нурсаидов

Top