Ўзбекистон | 10:15 / 22.05.2023
6188
1 дақиқада ўқилади

Даккада Ўзбекистон-Бангладеш сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди

Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Баҳром Аълоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегация 18-19 май кунлари Ўзбекистон  ва Бангладеш ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасида иштирок этиш учун Дакка шаҳрига ташриф буюрди.

Фото: ТИВ

ТИВ маълумотига кўра, маслаҳатлашувлар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Бангладеш ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Иқтисодий дипломатияни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Режалаштирилган тадбирлар, жумладан, иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Бангладеш ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш юзасидан фикр алмашилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, истиқболли инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Ўзаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Туризм ва тўқимачилик соҳаларида ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, икки мамлакат тадбиркорлик субъектлари, Савдо-саноат палаталари, тўқимачилик уюшмалари ўртасидаги тўғридан тўғри алоқаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Музокаралар кун тартибидан парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги мулоқотни фаоллаштириш масалалари ҳам ўрин олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид