Жамият | 13:47 / 02.10.2021
31487
4 дақиқада ўқилади

“Талаба тадбирлар залини эмас, миясини тўлдириши керак” — АҚШ элчихонаси грантини ютган қиз

Ҳар йили Ўзбекистондаги олийгоҳларни инглиз тили бўйича минглаб ёшлар битиради. Гулноза Ҳомидова ана шу кадрларни бир жойга йиғиб, уларга иш топишда кўмаклашадиган платформа тайёрламоқчи. Унинг бу лойиҳаси яқинда АҚШ элчихонаси грантига лойиқ кўрилди.

Гулноза ҳозир Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 3-босқичида таҳсил олади. У Америка грантига қандай лойиқ кўрилгани ва таржимашунослик йўналишидаги режалари ҳақида гапириб берди.

“Таржима назарияси ва амалиёти факултетида ўқияпман. Инглиз тилига ёшлигимдан қизиққанман. Мактаб пайтлариданоқ инглиз тилидаги эртакларни ўзбек тилига таржима қилиб юрардим. Шу қизиқишларим мени бу олийгоҳга етаклади.

Ўзим турли лойиҳалар устида ишлашга жуда қизиқаман. 2021 йил баҳорида Эронда ёшлар ўртасида лойиҳалар танлови бўлган. Бу – Эрон ва Ўзбекистоннинг дўстлик-биродарлик муносабатларини ривожлантириш дастури эди. Унда қатнашиб, Эрон ва Ўзбекистон ёшлари фикр алмашинув лойиҳасини ишлаб чиққанман. Ва бу лойиҳам 100дан ортиқ давлатлар ичидан қабул қилинган”,  – дейди у.

Шу йилнинг май ойида АҚШ элчихонаси грант лойиҳалар танловини эълон қилган. Унда республика бўйича 100га яқин университет, турли ННТлар иштирокчилари инглиз тилига доир лойиҳалари билан қатнашган. Ҳар бир иштирокчи ўз лойиҳаларини тақдим этиши, шу лойиҳа асосида ишлай олишини ва уни такомиллаштириш усулларини кўрсатиши керак бўлган. Улар орасидан Гулнозанинг инглиз тили ўқитувчилари учун мўлжалланган веб-сайт лойиҳаси ғолиб деб топилди ва пул мукофоти билан тақдирланди.

Гулноза лойиҳасининг аҳамиятини шундай изоҳлайди: “Ўзбекистонда ҳар йили жуда кўплаб инглиз тили мутахассислари етишиб чиқади. Аммо улар ва ишга олувчи ўртасида алоқа йўқ. Мен тайёрлаётган веб-сайтда исталган бир инглиз тили мутахассиси қаерда ўқигани, қандай тажрибаси борлиги, ёши, тилни қайси даражада билиши ҳақида маълумот жойланади.

Мутахассислар ўзларининг CV'ларини сайтга жойлайдилар. Исталган бир инглиз тили мутахассисини қидираётган киши бемалол сайтга кириб, ўзига керакли одамни топа олади”.

Гулноза у тайёрлаётган платформада CV ёзишни ҳам ўрганиш мумкинлигини қўшимча қилди. У CV ёзишда қийинчиликка учрайдиганлардан ўз маслаҳатини аямоқчи эмас.

“Сайтимизда биринчи навбатда CV'ни қандай ёзса, муваффақиятли бўлиши ҳақида видеоролик жойлаймиз. Бундан кенг жамоатчилик ҳам фойдаланиши мумкин. CV ёзаётган одам унда ўзининг инглиз тилида сўз бойлигини намойиш этса, орттирган тажрибаси, шу пайтгача эришган ютуқларини ёзса, бу – номзод ютуғини белгилаб беради. Иш берувчи CV'дан сизнинг салоҳиятингизни ҳам билиб олиши керак”, – дея тушунтиради Гулноза.

Ҳозирда сайт яратиш лойиҳаси билан банд бўлган Гулноза бунгача инглиз тилининг турли соҳаларида ўзини синаб кўрган. У ёш бўлишига қарамай, дастлаб халқаро боғчада чет эллик болаларни мактабга тайёрлов курсида сабоқ берган. Ундан кейин турли ўқув марказларида ишлаб, тажриба орттирган. Кейинчалик таржимонлик қилиб, чет элликларга виза ва ҳужжатларини тайёрлашда ёрдамлашган.

“Йўлга қўймоқчи бўлган сайтимиздан қанақадир иқтисодий фойда келадими-йўқми, бу унчалик муҳим эмас. Мен учун тажриба муҳим. Бу келажакдаги фаолиятим учун фойдали бўлади”, – деган фикрда Гулноза.

Гулнозани суҳбатга тортар эканмиз, у кўплаб олийгоҳларда учрайдиган ва таълимдаги ўзи ўзгартирмоқчи бўлган айрим жиҳатларни санаб ўтди. У, айниқса, ихтисослигига тўғри келмайдиган турли тадбирларга талабаларни жалб қилиш уларнинг вақтини ўғирлаш эканини айтди.

“Талаба унга берилган таълим вақтида ўқиб-изланиши керак. Турли тадбирларга жалб қилиш талаба вақтини ўғирлашдир. Қўлимда бўлганида шуни ўзгартирардим. Талаба бўш зални эмас, миясини тўлдириши керак”, – дейди у таълим ҳақида.

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz мухбири
Оператор ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид