Иқтисодиёт | 10:11 / 15.02.2023
56787
4 дақиқада ўқилади

Вазирликнинг кутилмаган талаби: Картадан картага пул ўтказиш қимматлашиши мумкин

Мобил иловалар орқали бошқа одамнинг пластик картасига пул ўтказишда электрон ҳисобварақ-фактура тузилиши мажбурий бўляпти. Бу – йўқ жойдан янги харажат дегани. Тадбиркорларнинг активларини ўз базасида кўриб туришни истаётган солиқчилар энди жисмоний шахслар ўртасидаги ўтказмаларни ҳам назорат қилмоқчи.

10 февралда қабул қилинган президент фармони билан, 2023 йил 1 майдан бошлаб тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш ва расмийлаштириши мажбурий бўляпти.

Бу тартиб пул ўтказиш учун комиссия “0” сўм бўлган тақдирда ҳам мажбурий қўлланади.

Бу шуни англатадики, электрон тўлов тизимлари орқали пул ўтказмалари амалга оширилганда, ҳар бир операция учун ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш керак. Бу тартиб P2P (“person to person” – шахсдан шахсга) амалиётлари учун қўлланади. Яъни сиз Click, Payme, Apelsin каби тўлов тизимлари ёки мобил банк хизматлари орқали бошқа одамга пул ўтказиб берганингизда шундай ҳисобварақ-фактура шакллантирилади.

Реакция

Янгилик эълон қилиниши билан у жамоатчилик фаоллари, банк-молия ва солиқ соҳасидаги мутахассислар томонидан жиддий танқид қилинди. Чунки агар у амалиётга жорий қилинса, картадан картага пул ўтказишда йўқ жойдан ортиқча харажат пайдо бўлади.

Чунки ҳар бир электрон ҳисобварақ фактурани шакллантириш нархи 270 сўмдан бошланади. Турган гапки, тўлов тизимлари ва банклар бу харажатни истеъмолчилар зиммасига юклайди. Натижада картадан картага фоизсиз пул ўтказиш имконияти камайиши мумкин.

Ҳисобварақ-фактураларни тадбиркорлик субъектлари, яъни электрон ҳужжат алмашиш операторлари тузиб беради. Ўзбекистонда ҳозирда бундай операторлар сони 24 та. Улардан энг машҳурлари – Didox, E-faktura ва Давлат солиқ қўмитасининг “Soliq servis” платформаларидир.

Иқтисодчи Шуҳрат Қурбоновнинг ёзишича, бу банклар ва тўлов ташкилотларининг картадан картага ўтказмалар бўйича харажатларини ошириши мумкин.

Молиячи Отабек Бакировнинг фикрича, бу банд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратмайди, қайтага қийинлаштиради ва қимматлаштиради.

“Битта фактура энг арзонида 300 сўм ва йил давомида миллиардлаб транзакциялар ўтиши инобатга олинса, бу бир неча юз миллиард сўм қўшимча харажат дегани. Табиийки, бу харажат якунда иқтисодиёт ва истеъмолчиларга юкланади”, дейди у.

Kun.uz билан суҳбатда солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджоновнинг айтишича, бу тўлов тизимларини тўлов тизими хусусиятини йўқотишга олиб келади ва оддий комиссионерга айлантириб қўяди.

Вазирлик нархни 1 сўмга туширишга ваъда берди

Бу янгиликни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жорий қилди. Бу вазирликни ҳозир Шерзод Қудбиев бошқаряпти. У Солиқ қўмитаси раиси бўлган пайтда ҳам фуқароларнинг картадан картага пул ўтказмаларидан хабардор бўлиб туришни хоҳлаган, лекин бу ташаббус Марказий банк ва фаоллар қаршилигига учраб, амалга ошмай қолганди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги танқидларга жавобан операторлар учун хизмат нархини 1 сўмга туширишга ваъда берди. Лекин жисмоний шахсларга электрон ҳисобварақ-фактура ўзи нега кераклигига изоҳ берилгани йўқ.

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, ҳисоб-фактуралар ҳақидаги банд президент фармонининг экспертизадан ўтган лойиҳасида бўлмаган. Яъни бунақа кутилмаган талаб ҳужжатга ҳуқуқий экспертизадан кейин қўшиб юборилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январдан ҚҚС тўловчилар учун асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш билан боғлиқ барча операцияларни Солиқ қўмитасининг E-aktiv тизимида акс эттириш мажбурий қилиб қўйилган эди. Қўмита Савдо-саноат палатасининг қаршилигига қарамай бу тартибни жорий қилганди. Тадбиркорлар ва бухгалтерларнинг эътирозларидан кейин, операцияларни E-Aktiv'да акс эттириш 2023 йил 1 мартгача ихтиёрий деб белгиланганди.

Мадина Очилова тайёрлади.
Тасвирчи – Зиёддин Мамматжонов.

Мавзуга оид