Россиядан учирилган РС-12М “Тополь” баллистик ракетаси Тошкент осмонида кўриниш берди(ми?)
“22 августда Москва вақти билан 18:13да (Тошкент вақти билан 20:13) Россиянинг стратегик вазифаларни бажарувчи қўшинлари томонидан Россиянинг Астрахань вилоятида “Капустин Яр” Давлат марказий полигонидан РС-12М “Тополь” қитъалараро баллистик ракетаси синов парвози амалга оширилди”, деб хабар берди “Интерфакс” ахборот агентлигига Россия Мудофаа вазирлиги вакили полковник Игорь Егоров.
Егоровнинг айтишича, “парвоздан мақсад қитъалараро баллистик ракеталарнинг жанговор жиҳозланишини синовдан ўтказиш бўлган”. Ракетанинг жанговор қисми Қозоғистондаги “Сари-Шаған” полигонидаги шартли нишонни берилган аниқлик билан бартараф этди.
Ракета учирилгандан бироз ўтиб, тахминан соат 20.15-20.30 оралиғида Тошкентнинг баъзи туманлари, мамлакатимизнинг Қозоғистонга яқин ҳудудлари аҳолиси осмонда номаълум учар жисмни кузатганлар. Наҳотки, бу номаълум учар жисм Россиядан учирилган баллистик ракета бўлиши мумкин, деган тахмин ҳам пайдо бўлмоқда.
Ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан тегишли муассасалар томонидан бирор-бир расмий изоҳ берилмади.
Қуйида Тошкент осмонида кузатилган ушбу ҳолатнинг суратлари берилган.