Жамият | 12:56 / 01.08.2019
8766
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги 81та мактабга қўшимча квота асосида қабул бошланмади - ХТВ

Фото: ЎзА

Халқ таълими вазирлиги Тошкент шаҳридаги 81 та умумий ўрта таълим мактабларига қўшимча квота асосида қабул бошланмаганлигини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабарида айтилади.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги қарори билан “Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланган. Маъмурий регламентга мувофиқ, Тошкент шаҳридаги 81 та умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига болалар бириктирилган микроҳудуд бўйича қабул қилинмоқда.

Жамоатчилик таклифи асосида Халқ таълими вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда маъмурий регламентга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тайёрлади. Ушбу лойиҳа кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Қарор лойиҳаси қўшимча квота асосида қабул тартибини белгилаб беради, шу билан бирга пуллик қабул тартибини бекор қилишни таклиф этмоқда.

Мазкур ҳужжат Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинганидан сўнг, Тошкент шаҳридаги 81 та умумий ўрта таълим мактабларига қўшимча квота асосида қабул очилади.

Айни пайтда 81 та мактабга қабул асосий квота асосида амалга оширилмоқда. 81 та таълим муассасасидан ташқари, яъни рўйхатга киритилмаган республикадаги бошқа мактабларда қабул давом этмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид