Ўзбекистон | 15:18 / 22.10.2024
2287
2 дақиқада ўқилади

Капиталбанк Converse Bank билан ҳамкорлик келишувини имзолади

Фото: Капиталбанк

Ўзбекистоннинг етакчи банкларидан бири Капиталбанк ва Арманистоннинг жадал ривожланаётган банки Converse Bank ўртасида узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисида бош келишув имзоланди. Бу келишув Ўзбекистон ва Арманистон ўртасидаги молиявий ва савдо алоқаларини ривожлантиришни назарда тутади. Энди Капиталбанк мижозлари тезлаштирилган тартибда тўғридан тўғри операцияларни амалга оширишлари, Кавказ мамлакатларида ташқи савдо шартномалари бўйича тўловларни амалга оширишлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар учун фойдали валюта айирбошлаш имкониятига эга бўлади. Келишувга икки томонлама эришилди.

— Ушбу келишув икки давлат учун янги бизнес имкониятларини очиб беради, ўзаро инвестициялар учун шарт-шароитларни яхшилайди, шунингдек, тажриба ва илғор молиявий технологиялар алмашинуви учун замин яратади, – дейди Капиталбанк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сардор Исмаилов. — Келишувимиз молия ва тадбиркорлик фаолиятининг турли йўналишларида ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратишга қаратилган. Ишончим комилки, биз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали нафақат мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, балки минтақавий бизнесни ривожлантиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшишимиз мумкин.

Converse Bank ЁАЖ ҳақида

1993 йилда ташкил этилган жадал ривожланаётган бу банк Арманистон бўйлаб 30 дан ортиқ филиалларига эга бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларга турли хизматларни таклиф этади.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид