Ўзбекистон | 16:36 / 01.09.2015
17929
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик сиёсатшунос: Агар сиёсатшунослик фан бўлмаса, унда давлатимиз ўқитган бу мутахассислар ким энди?

Ўзбекистонлик сиёсатшунослар ўз фанларини ҳимоя қилиб чиқишди.

Бундан олдинроқ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғига биноан Ўзбекистонда Сиёсатшунослик фани бакалавриат йўналиши ўқув режаларидан чиқарилгани ҳақида хабар берилганди.

Бунга мустақиллик даврида Сиёсатшунослик фани бўйича олимлар томонидан бир қатор адабиётлар чоп этилгани, лекин уларнинг таҳлили бу дарслик ва ўқув қўлланмалар мавзуларининг ёритилиши, мазмун-моҳиятининг талабаларга етказиб берилиши бўйича бир-биридан деярли фарқ қилмаслигини кўрсатгани, шунингдек, мазкур адабиётларнинг баъзиларида бир қатор мавзулар Ғарбда кенг тарқалган назариялар тўғрисида маълумот беришга асосланган бўлиб, ўзимизга хос тараққиёт йўлимиз, “Ўзбек модели”нинг асосий тамойилларини атрофлича тушунтириш, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини талабалар онгига етказиш, энг муҳими, уларда ёшларимизнинг мамлакатдаги бунёдкорлик ишларида фаол ва онгли иштирокини таъминлашнинг амалий механизмлари етарли даражада кўрсатилмагани сабаб сифатида келтирилганди.

Ўзбекистонлик сиёсий фанлар номзоди Фарҳод Толипов ўзининг фейсбукдаги саҳифасида бу фан ва шу фан доирасидаги ҳамкасблари манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда вазирликнинг қарорига ўз қаршилиги ва эътирозларини билдириб ўтган.

"Сукунат – розилик аломати. Биз эса Ўзбекистонда сиёсатшуносликни ўқитиш бекор қилинишига рози эмасмиз.

Ўзбекистон сиёсатшунослари учун “кўз очиш” вақти келди.

Биз Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Ваҳобовнинг мамлакат олий ўқув юртларида сиёсатшунослик фани ўқитилишини бекор қилиш ҳақидаги ўтакетган ноўрин қарорига қаршимиз. Бу қарор, аъзолари сиёсатшунослик фанига деярли алоқаси бўлмаган ишчи гуруҳнинг таклифи асосида қабул қилинган. Илм-фанга ўз ҳиссасини қўшмасдан, аранг сиёсий фанлар доктори илмий даражасини олишга эришиб, курсига ўтириб олган бу қадимчи амалдорлар сиёсатшунослик фанини сохта фан деб эълон қилдилар. Аслида, бу билан улар ўзлари сохта олим эканлигиларини исботладилар.

Лекин биз бу қарорга рози эмасмиз ва ўз фанимизнинг муҳофазасига бел боғладик. Биз сиёсатшуносликни ўз касбимиз деб танлаганмиз ва бу фанни касб ва ўқув фани сифатида бекор қилиниши бизни қаттиқ ранжитди. Мустақил Ўзбекистоннинг илк йиллариданоқ минглаб ёш сиёсатшунос мутахассислар диплом олган, уларнинг салмоқли қисми фан номзоди ёки доктори илмий даражаларига ҳам эга. Агар сиёсатшунослик фан бўлмаса, унда давлатимиз ўқитган бу мутахассислар ким энди?

Ишчи гуруҳ сиёсатшунослик фанининг предмети бошқа фанларда ҳам такрорланаётганлиги, сиёсатшуносликда илмий методология йўқлиги ва ниҳоят, илмий адабиёт Ғарбда кенг тарқалган назариялар тўғрисида кўпроқ маълумот бериб, ўзимизга хос тараққиёт йўлимиз, “Ўзбек модели”нинг атрофлича тушунтирилмаётганлиги иддао этиб, сиёсатшуносликнинг мазмуни ва таркиби замонавий талабга жавоб бермаётганлиги ҳақида хулосага келган.

Биз бу ишчи гуруҳга эслатиб ўтмоқчи эдик:

Биринчидан, аниқ фанларда ҳам, гуманитар фанларда ҳам фан предмети такрорланиши мумкин бўлган чегарадош соҳалар доимо мавжуд бўлган ва бу бир-бирига яқин муаммоларни чегарадош соҳалар доирасида ўрганиш учун жуда ҳам асқотади. Маълумки, халқаро илм-фан ҳозирда тор ихтисослашиш йўлидан кетаяпти, бунинг натижасида кўпгина янги фанлар пайдо бўлган, хусусан антропология, этнология ва сиёсатшунослик каби фанлар. Шунинг учун ҳам, гўёки такрорланиши иддаоси билан мавжуд фанларни бекор қилиш эмас, аксинча, янги фанларни киритиш мақсадга мувофиқдир.

Иккинчидан, илғор чет эл илмий ва ўқитув марказларида сиёсатшунослик нафақат алоҳида фан сифатида (Political Science) фаолият юритади, балким сиёсатшунос мутахассислиги энг обрўли мутахассисликлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон вакиллари аъзо бўлган Сиёсий Фанлар Халқаро Ассоцицияси (ИПСА) мунтазам равишда ўз конгрессларини ўтказади. Жаҳон сиёсатшунослиги фақат ўзига хос, бошқа фанларда мавжуд бўлмаган фундаментал принциплар, методологик асослар, категориал аппарат ва илмий мактабларга эга. Ишчи гуруҳ аъзолари буни билмасликлари, илм-фаннинг бутун бошли алоҳида соҳасини инкор қилишга асос бўла олмайди.

Учинчидан, давлат тараққиёти, сиёсий жараёнлар ва муносабатларнинг ички қонуниятлари сиёсатшуносликнинг предмети ҳисобланади. Объекти эса сиёсий институтлар, субъектлар, муносабатлар, ислоҳотлар, бошқарув турлари ва ҳоказолар. Бундай предмет ва объект бошқа ҳеч қайси гуманитар фанда мавжуд эмас. Бошқа фанлар эса ушбу масалаларга билвосита ва фақатгина ўз илмий вазифаси доирасида мурожаат қилади. Буни врач-терапевт кардиология, неврология ва ҳаттоки акушерликдан ҳам хабардор бўлиши кераклигига; химик эса физика, математика ва технологиаларни ҳам билиши шартлигига қиёслаш мумкин. Ҳайронмиз, нега бу оддий ҳақиқатларни 21-асрда ҳам исботлаб ўтиришимиз керак.

Тўртинчидан. Балким ишчи гуруҳ аъзолари бундан бехабардирлар ёки қасддан ўзларини билмасликка олаётгандирлар, лекин Ўзбекистонда халқаро сиёсатшуносликда эътироф этилган, илмий ишлари энг нуфузли ва юқори импакт-факторга эга бўлган журналларда чоп этилган юқори малакали бир қатор сиёсатшунос-олимлар фаолият юритади. Улар ўзига яраша салмоқли илмий тадқиқотлар ҳам олиб боришган.

Бешинчидан, ғарбий ёки миллий физика, ғарбий математика бўлмагани каби, ғарбий ёки миллий сиёсатшунослик ҳам бўлмайди. Низом-ул-Мулк, Ал-Фаробий ёки Амир Темир каби ватандошларимизнинг қарашлари ўқув жараёнида етарлича жой олмаган деб ҳисоблаётган ишчи гуруҳ аъзолари бу ерда ҳам адашаяпти, миллий сиёсий қарашлар ўқув режаларда ўрин олган. Шу билан бирга айтиб ўтиш керакки, сиёсатшунослик ҳаттоки Ғарбда ҳам нисбатан янги фан ҳисобланади, унинг арсенали асосан замонавий олимлар томонидан такомиллаштирилмоқда. “Ўзбек модели” ҳам сиёсатшунослик ва бошқа чегарадош фанларда етарлича ёритилаётган эди.

Майли, ишчи гуруҳнинг хулосаларига розимиз ҳам дейли, лекин “бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқиш” керак эмасди. Бутун бошли фанни бекор қилиш ўрнига, халқаро амалиётда қабул қилинганидек, ишчи гуруҳ бу фаннинг сифатини ошириш учун аниқ чораларни таклиф этиши керак эди. Бошқа фанларда камчиликлар ва муаммолар йўқми? Ёки камчиликлар фақатгина сиёсатшуносликда мавжудми, уни бекор қилиш керак?

Собиқ Совет Иттифоқида 1930-йилларда “сохта фан” деб эълон қилинган генетика, кибернетика ва геополитика каби фанларга қарши курашилган. 21-аср фани бўлмиш сиёсатшуносликни ҳам Ўзбекистонда шундай тақдир кутмаётганлигидан умид қиламиз.

Мустақиллигимизнинг илк давридан бошлаб, сиёсатшунослик Ўзбекистонда янги давр рамзи сифатида ўқитилиши бошланган эди. Ёш, мустақил давлатни тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш ниятида минглаб ёшлар сиёсатшуносликни ўз касби сифатида танлади. Янги давлат ва янги фан бир-бирига ҳамоҳанг эди. Сиёсатшунослик фани Ўзбекистон учун айнан ҳозир, глобал ўзгаришлар ва халқаро беқарорлик даврида керак. Замонамизнинг муаммоларига тақдим этилган инновацион ечимлар орқали сиёсатшунослар ҳам миллий тараққиётда самарали иштирок этишлари керак.

Биз Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва шахсан вазир А.Воҳобовга мамлакат олий ўқув юртларида сиёсатшунослик фанини ўқитилишини бекор қилиш ҳақидаги қарорини қайта кўриб чиқишини талаб қиламиз. Ўз тарафимиздан, сиёсатшунослик фанини ўқитиш ва илмий изланишларни сифатини ошириш йўлидаги баҳсларда амалий иштирок этишга тайёрмиз.

Шунингдек, мамлакат сиёсатшуносларини ушбу мурожаатни қўллаб-қувватлаб, унга қўшилишни таклиф қиламиз”, деб ёзади Фарҳод Толипов.