Жаҳон | 10:50 / 09.06.2024
15960
7 дақиқада ўқилади

Исроил яна тўрт кишини асирликдан озод этди. Улар орасида — Россия фуқароси ҳам бор

Озод этиш амалиёти авиация ва флот кўмагида ўтказилган. Ғазодагиларга кўра, амалиёт ҳудудида ўнлаб фаластинликлар ҳалок бўлган.

Фото: BBC Russian

Исроил армияси Ҳамас аъзолари 2023 йил октябридаги ҳужум вақтида биринчи нишонлардан бири бўлган Nova мусиқа фестивалидан ўғирлаб кетганлардан тўрт нафарини озод этди. Уларнинг барчаси яхши ҳолатда бўлган ва тиббий текширувга юборилган.

ЦАҲАЛ 8 июн куни 26 ёшли Ноа Аргамани, Россия ва Исроил фуқаролигига эга 27 ёшли Андрей Козлов, 22 ёшли Алмог Меир Ян ва 41 ёшли Шломи Зивни гаровдан озод этди.

Исроил мудофаа армияси матбуот котиби Даниэл Ҳагарининг сўзларига кўра, улар махсус топшириқли бўлинманинг «аниқ разведка маълумотлари асосида, куннинг ёруғ вақтида Ғазо сектори ичкарисидаги иккита алоҳида бинода ўтказилган» комплекс амалиёти натижасида олиб чиқилган (кейинроқ Исроил полицияси чегара полицияси жангчиси Арнон Змора ҳалок бўлганини маълум қилди).

Ҳамас матбуот хизмати маълум қилишича, Исроил ҳарбийлари амалиёти оқибатида 210 киши ҳалок бўлган, яна 400 киши яраланган. Амалиёт Нусейратда, аҳоли тиғиз яшайдиган қочқинлар лагери ҳудудида ўтказилган, авиация ва денгиз кучлари амалиёт ўтказаётган ҳарбийларни ҳаводан ва денгиздан қўллаб-қувватлаб турган. Амалиёт вақтида Исроил махсус топшириқли бўлинмаси командири ҳалок бўлган.

Одатда маълумотлари нисбатан ишончли бўладиган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча Исроил амалиёти чоғида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар тўғрисида маълумот бермаган.

Бу вақтда Ғазо секторидаги икки шифохона жами 70 кишининг жасади олиб келинганини маълум қилган. Бунгача Исроил армияси расмийси Ғазода зарба оқибатида камида 100 киши жароҳатлангани тўғрисида хабар берганди.

Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос ўзи «Исроил кучлари томонидан содир этилган қонли қирғин» деб атаган ҳодиса юзасидан зудлик билан БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказишга чақирган.

Озод этилганлар ҳақида нималар маълум?

Озод этилганлар Тел-а-Шомера туманида жойлашган ва Исроил мудофаа армияси базаси саналадиган Хаима Шиби номидаги тиббиёт марказига текширув учун олиб борилган.

Исроил жанубидаги Беэр-Шева шаҳридан бўлган 26 ёшли Ноа Аргаманини «гаровдагиларнинг юзи» сифатида билишарди — Исроил жанубидаги Nova фестивалига ҳужум вақтида унинг қўлга олиниши видеоёзуви интернетда кенг тарқалганди. Видеода у ўзини мотоциклга чиқариб, Ғазо сектори томонга олиб кетишаётганида «Мени ўлдирманглар» дея бақиради. Шу атрофда қуролланган шахслар қизнинг йигити Авинатана Орани ҳам ушлашади, у ҳамон асирликда қолмоқда.

Ноа ва Авинатан Негеведаги Давид Бен-Гурион университетида танишишган ва бир неча йилдан буён учрашиб юришган. Университетда қиз информацион тизимларни бошқаришни ўрганган.

У озод этилганидан кейин отаси билан учрашуви видеоси ҳам эълон қилинди: улар қучоқлашишган ва шифохонага кетишда автомобилда гаплашишган (онаси эса саратонга чалингани учун шифохонага ётқизилган).

Андрей Козлов асирликдан озод этилганидан кейин қариндошлари билан гаплашмоқда. Фото: IDF

27 ёшли россиялик Андрей Козлов фестивалда қўриқчи бўлиб ишлаган — ўша куни ундан бошқа ходим ўрнига сменага чиқишни сўрашганди.

Козлов Исроилга 2022 йилда ёлғиз ўзи келган ва фуқароликни қабул қилган. У Тел-Авив яқинидаги Ришон ле-Ционда яшаган. Унинг севган қизи Женнифернинг айтишича, Козлов (мутахассислиги графика дизайнери) Тел-Авивдаги ресторанда су-шеф бўлиб ишлаган ва баъзида қўриқчилик ҳам қилган.

Андрей сёрфинг билан шуғулланган, денгизни ва эркинликни ёқтирарди, дея ҳикоя қилган Женнифер. У ўз танишини «ўзини эркин тутувчи хушмуомала инсон» сифатида тасвирлаган.

Козлов Ҳамас гаровга олганлар орасидаги россияликлар рўйхатида ҳам қайд этилган. Бу рўйхатни Россия ТИВ ўтган йил октябрида ҳамасчиларга топширганди. Лекин ундан аввалроқ Козловнинг Исроилда яшовчи холаси «Можем объяснит»га берган интервюсида қариндошини озод этишда Россия ҳукуматидан ёрдам сўраш борасида салбий муносабат билдирганди.

Алмог Меир Ян Ҳамас асирлигидан қайтарилганидан кейин
MARKO DJURICA / REUTERS

22 ёшли Алмог Меир Ян дўсти билан биргаликда фестивал ҳудудидан қочишга уринган. Улар машинагача етиб боришган, аммо узоққа кета олишмаган. Алмог бу вақтда онасига қўнғироқ қилишга улгурган. Аёл кейинроқ айтишича, ўғли телефонда шундай деганди: «Улар отишмоқда». Шундан кейин у онасини севишини айтиб, видолашган.

Алмог Меир Ян ва унинг оиласи Тел-Авив округидаги Ор-Йехуда шаҳрида яшаган, гаровга олинишидан олдин у бувиси ва бувасига ғамхўрлик қилган. Унинг яқинлари айтиб беришича, у Nova мусиқа фестивали бошланишини бир неча ой давомида интиқлик билан кутганди, кейинги куни йирик IT-компанияда унинг биринчи иш куни бўлиши керак эди. Оила аъзолари Алмогни доим барчага ёрдам беришга тайёр бўлган ва жилмайиб турадиган хушмуомала киши сифатида тасвирлаган.

Алмог озод этилганидан кейин тарқалган видеоёзувларда яқинлари уни катта хурсандчилик билан қаршилагани ва «Am Yisrael Chai» («Исроил халқи тирик») қўшиғини куйлашгани акс этган — бу яҳудийлар бирдамлиги ва яҳудий халқи давомийлиги мадҳияси ҳисобланади.

41 ёшли Шломи Зив фестивалда қўриқчи бўлиб ишлаган. Ўғирлаб кетилгунига қадар у 17 йил мобайнида Исроил шимолидаги Элкош посёлкасида рафиқаси Мирен билан бирга яшаган. Яқинлари Шломини доимо биринчи бўлиб ёрдамга етиб келадиган, «катта ака»нинг мукаммал намунасини ўзида мужассам этган «оилапарвар» инсон сифатида таърифлаган.

2023 йил 7 октябрида Ҳамас аъзолари Исроилга уюштирган ҳужум оқибатида 1200 га яқин киши ҳалок бўлиб, 250 га яқин киши асир олинганди. Шундан 100 дан ортиғи кейинроқ ўт очишни вақтинча тўхтатиш ва алмашув режими вақтида озод этилган — Исроил бунинг эвазига ўз қамоқхоналаридан 240 нафар фаластинликни қўйиб юборган. Гаровга олинганларнинг айримлари асирликда ҳалок бўлишган — хусусан, июл ойи бошида ҳам Исроил кекса ёшли тўрт нафар асир ўлими ҳақида хабар берганди.

Бугунги кунда Ғазо секторида 7 октябр куни ўғирланган 120 киши Ҳамас асирлигида қолмоқда. «Эркаклар, аёллар, болалар. Биз гаровга олинганларни уйга қайтариш учун барча ишни қиламиз деганда айнан шуни назарда тутамиз: биз уларнинг озодлиги учун курашишдан тўхтамаймиз, — деган Исроил мудофаа армияси расмийси Даниэл Ҳагари. — Дунёдаги исталган давлат ҳам худди шундай қилган бўларди».

Мавзуга оид