14:28 / 18.09.2018
14953

Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонга 1,3 млрд доллар ажратади

Фото: Sputnik

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2018-2021 йилларда 1,3 миллиард долларлик янги ҳамкорлик стратегияси имзоланди. Бу ҳақда ИТБ президенти Бандар Ҳожар хабар берди, дея маълум қилмоқда Kun.uz мухбири.

«Бугун биз ҳукумат билан 1,3 миллиард долларлик ҳамкорлик стратегиясини имзоладик. Ушбу маблағ турли йўналишлар бўйича тақсимланади: транспорт, энергетика, таълим ва соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида», - деди Ҳожар журналистларга.

Ислом тараққиёт банки раҳбарининг таъкидлашича, банк Ўзбекистон президенти ва ҳукумати томонидан танланган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. «Биз Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда иштирок этаётганимиздан хурсандмиз», - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Ўзбекистон 2003 йил 3 сентябрда ИТБнинг тўлақонли аъзоси бўлган. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси маълумотларига кўра, ИТБ билан ҳамкорлик даврида 926 млн долларлик 17та лойиҳа амалга оширилди. Бугунги кунда 1 млрд долларлик 9та лойиҳа амалга ошириш босқичида турибди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ислом тараққиёт банки президенти Ўзбекистонга келгани хабар берилганди.

Top