Байкерлар Самарқанддаги Меҳрибонлик уйида хайрия акцияси ўтказишди
Самарқанд ва тошкентлик байкерлар жамоаси Самарқанддаги 1-Меҳрибонлик уйига ўз мотоциклларида, турли совғалар ва байрам дастурлари билан ташриф буюришди.
“Меҳрибонлик уйларига ташриф буюриш биз учун анъана бўлиб қолган. Олдин ҳам биз бу Меҳрибонлик уйига ташриф буюрган эдик. Ўшанда бу ер 6-Меҳрибонлик уйи эди. Ҳозирда бу маскан янги бинога кўчган ва биз бу ерга илк марта ташриф буюраяпмиз” – деди “Пўлат чаёнлар” ўзбек байкерлари клуби президенти Михаил Федорахин (Тошкент шаҳри). Уни жамоа ичида Мишель деб чақирашди.
“Бу ерда болалар учун барча шароитлар яратилган. Ҳукумат уларга етарлича ғамхўрлик қиляпти. Улар ҳеч нарсага муҳтож эмас. Ҳар сафар биз уларга олиб келаётган совғаларимиз, болалар қалбида илиқлик уйғотади”, — деди Мишель байкерларнинг Ўзбекистонда олиб бораётган акциясига изоҳ бериб ўтар экан.
Самарқанд шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйида бугунги кунда 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган 130 нафар бола тарбияланмоқда.
Меҳрибонлик уйининг ижтимоий ҳимоя бўйича директор ўринбосари Дилшода Солиеванинг сўзларига қараганда одамлар бу ерда тез-тез байрамлар ва турли акциялар уюштириб туришар экан. Ёзда бу ерда Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Самарқанд ва самарқандликлар” гуруҳи аъзолари “Нам футболкалар” акциясини ўтказишган экан.
Бундан ташқари Ўзбекистон халқ артистлари Мардон Мавлонов ва Озодбек Назарбековлар ҳам бу ерда ўз концертлари билан бўлишган.
Хайрия тадбирининг ҳамташкилотчиси Игор Завьяловнинг сўзларига қараганда бу тадбирга 25 нафар кўнгилли иштирок этган. Уларнинг аксариятини байкер клуби аъзоларини ташкил этган. 17 нафар киши тадбирга ўз мотоцикллари билан ташриф буюрган.
Ўзбекистонда мотосайёҳлар ва байкерларнинг бу каби ташаббусларини “Одамлар ёқимтойи” лойиҳаси муаллифи Азиз Ниёзов қўллаб-қувватлаб келади. Ушбу лойиҳа иштирокчилари болаларга турли концертлар қўйишди ва ҳар хил кўнгилочар болалар ўйинларида қатнашишди.