20:04 / 10.10.2015
14995

Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиси Дилмурод Назаров 39 ёшида вафот этди

Ўзбек футболи яна бир оғир жудоликка учради. Бугун, 10 октябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Дилмурод Назаров 39 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди.

Кун.уз сайтининг барча ходимлари марҳумнинг яқинлари, хусусан унинг акаси, яна бир собиқ футболчи Ёрқин Назаровга чуқур ҳамдардлик билдиради. 

Марҳумнинг жанозаси бугун аср намози маҳалида ўқилган.

Маълумот учун, 1976 йилнинг 12 апрелида туғилган Дилмурод Назаров профессионал футболчилик фаолиятини 1992 йил "Пахтакор" сафида бошлаган. Икки йил давомида ушбу клуб шарафини ҳимоя қилган футболчи Ўзбекистон чемпиони (1992) ва Ўзбекистон кубоги (1993) соҳибига айланган.

1993 йилда Қозоғистоннинг "Ордабаси" клубида ўйнаб яна "Пахтакор"га қайтган Дилмурод Назаров 3 йил давомида "шерлар" сафида яна чемпион (1998) ва кубок соҳиби (1997) бўлди. 1995 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси сўровномасида 2-ўринни эгаллади.

1999 йилда Тошкентнинг "Трактор" ва Чимкентнинг "Ордабаси" клубида фаолият олиб борди.

Кейинги йил "Пахтакор"да, 2001 йилда эса "Сурхон" клубида ўйнаган. Қисқа муддат Қозоғистоннинг "Тароз" жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Қозоғистонда "Қайсар", "Ясси Сайрам" ва "Ордабаси" каби клубларда ўйнади.

2006 йилда Наманганнинг "Навбаҳор" клуби сафида ўйнаб, мавсум сўнгида футболчилик фаолиятини якунлаган.

Марҳум футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 1995-1997 йилларда 10та ўйинда майдонга тушган. 1996 йилда Осиё Кубогида иштирок этган.

Top