Жаҳон | 12:58 / 14.05.2024
8587
9 дақиқада ўқилади

Ғазо учун 2 млрд доллар, Трампнинг Фаластин тарафдорларига таҳдиди ва Қозоғистонда қамалган собиқ вазир — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳон саҳнасида содир бўлган эътиборга молик воқеа-ҳодисалар ва янгиликлар тафсилоти билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Қамалда қолган Ғазода озиқ-овқат билан боғлиқ вазият оғирлигича қолмоқда. Исроил ҳужумлари туфайли Ғазода минглаб тонна чиқиндилар йиғиштирилмасдан турибди.

Ғазо кўчаларидан олти ойдан буён чиқиндилар олиб кетилмаяпти. Бунга сабаб Исроилнинг тиним билмаётган ҳужумлари. Боз устига чиқиндини қайта ишловчи корхоналар ҳам бомбардимон қилинган. Эксклав секин-аста улкан чиқиндихонага айланмоқда, бу ҳам касалликлар тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Исроиллик националистлар Ғазога етказилиши керак бўлган инсонпарварлик ёрдамларини йўқ қилишмоқда. Қамалда қолаётган Ғазо учун йўналган инсонпарварлик юклари ортилган карвонга исроиллик ултраўнг кўчкиндилар гуруҳи ҳужум қилган. Воқеа оккупация остидаги Ғарбий соҳилда жойлашган Таркумия назорат-ўтказиш пунктида рўй берган. Ултраўнг активистлар машиналарга ортилган юкларни итқитишган, ун тўлдирилган қопларни тўкиб, тупроққа қориштиришган.

Шу кунларда Ғазо полицияси БМТ инсонпарварлик ёрдамини ўғирлашга ҳаракат қилган қуролли босқинчиларни муваффақиятли бартараф этган.

5 кишидан иборат гуруҳ тунда қуролланиб, инсонпарварлик ёрдами штабига ҳужум қилган ва ўғирланган нарсаларни бозорларда пуллашган. Уларни аниқлашган ва ҳибсга олишган. Қўлларига кишан уришдан аввал оёқларига ўқ узилган.

Фаластинга ёрдам

Кувайтда Ғазога ёрдам ва уни тиклашга доир халқаро ҳуманитар конференция ўтказилди. Халқаро ислом хайрия ташкилоти ва БМТнинг инсонпарварлик фаолиятини мувофиқлаштириш ташкилоти томонидан ўтказилган концеренцияда Ғазога 2 млрд доллар ёрдам ажратилиши ваъда қилинди.

Режага кўра, маблағ бешта турли йўналишларга ажратилади: булар — қутқарув тадбирлари, турар жой билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, таълим ва анклавнинг иқтисодий аҳволини ўнглаш.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Греция президенти Кириакос Мицотакис билан биргаликда ўтган матбуот анжуманида юзлаб ҳамасчилар Туркия ҳудудида даволанаётганини айтиб ўтган.

«Мен ҳеч қачон ҲАМАСни террорчилик ташкилоти деб санамаганман. Бизнинг мамлакатимизда айни пайтда мингдан ортиқ ҲАМАС аъзолари касалхоналарда даволанишмоқда”, — деган Эрдўған.

Эрдўған Фаластин ҳаракатига бундан кейин ҳам ёрдам қўлини чўзишини айтиб, грециялик ҳамкасбининг ёндашувини нотўғри деб атаган: «Мен сизнинг нотўғри ёндашувингизни ҳеч қачон қўллай олмайман. Агар сиз уларни террорчилик ташкилоти деб атасангиз, биз хафа бўламиз», деган Эрдўған.

Аксилисроил намойишлар

Виржиния университетидаги Фаластин тарафдори бўлган талабалар АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлашига норозилик белгиси сифатида губернатор сўзга чиққан чоғда битирув кечаси маросимини намойишкорона тарк этишган.

Кембриждаги энг бой Тринити коллеж кенгаши барча қурол-яроғ компанияларидан чиқиш учун овоз берди.

Асосий молиявий қарорлар учун жавобгар бўлган коллеж кенгаши бу қарорга март ойининг бошида келган, шунчаки бу овоза қилинмаган.

Аввалроқ коллеж Исроил армияси учун ўлдирувчи қуроллар ишлаб чиқарувчи Исроил қурол-яроғ компанияларига инвестиция киритиб келаётгани учун қаттиқ танқид остига олинган эди.

Албатта, бутун Ғарб давлатларини қамраб олган аксилисроил намойишлар исроилпараст сиёсатчиларнинг асабига тегмоқда.

Аввалроқ “барча фаластинликларни ўлдириш”га чорлаган теннесилик конгрессменлардан бири университет кампусларида намойиш қилаётган талабаларни Ғазога жўнатиш кераклигини таъкидлаган.

Республикачилардан бир нечтаси иккита қонун лойиҳасини ишлаб чиққан. “Антисемитизмга қарши жамоат ишлари тўғрисидаги қонун” деб аталувчи қонунга кўра, 2023 йилнинг 7 октябридан сўнг Америка коллежлари ҳудудида ноқонуний хатти-ҳаракат учун айбланган ёки судланган ҳар қандай инсонни камида ярим йилга Ғазога жўнатиш назарда тутилади.

Яна президент бўлиш учун тайёргарлик кўраётган Доналд Трамп ҳам агар сайланиб қолса, университет кампуслари ва коллежларда Фаластинни ёқлаб норозилик намойишларида иштирок этаётган талабаларни зудлик билан депортация қилишини ваъда берди.

Украинадаги уруш

Украина армияси Донбассдан ҳарбийларни олиб Харкив остонасига кўчирмоқда. Украина шимолида янги фронт очилиши бир нечта тактик юришларни келтириб чиқармоқда, деб ёзади The New York Times.

Агар Россия армияси Липци шаҳрини эгалласа, қимматбаҳо ракеталар ўрнига Харкив шаҳрининг 24 км масофани ура оладиган оддий совет артиллериясидан фойдаланиб ўққа тутиши мумкин бўлади.

Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, ҳужумдан мақсад Харкивга таҳдид солиб туришгина эмас, Донбассдан украин қўшинларинг эътиборини тортиш ҳам. Аллақачон захираларни Харкив томон тортиш бошланган. Украина қўмондонлиги Сватове йўналишидан ҳарбий хизматчиларни олишга мажбур бўлган.

Украина қуролли кучлари бош штаби Россия армияси Харкив области Вовчанск шаҳри учун жангларда “тактик муваффақият”га эришаётганини тан олди. Харкив области полицияси бошлиғи уч кунлик жанглар давомида шаҳар “2022 йилдан буён кўрган зарарлардан ортиқроқ зарар кўргани”ни таъкидлаган.

Украина президенти Володимир Зеленскийга кўра, Украинанинг айни кунлардаги мақсади — Россиянинг урушни кенгайтиришга бўлган уринишларини чиппакка чиқариш бўлиб турибди.

Зеленскийнинг айтишича, украиналик ҳарбийлар Харкив йўналиши, жумладан Вовчанск ва умуман чегараролди ҳудудларини кучайтиришган.

«Ҳозир натижаларимиз сони ортиб бормоқда”, — деган Зеленский қўшинлар россиялик пиёдалар ва техникаларни йўқ қилаётганига урғу бериб.

Зеленский россиялик ҳарбийларнинг мақсади Украина кучларини янги чизиққа жалб қилишдан иборат эканини айтиб, украиналик ҳарбийлар Донецк ва бошқа йўналишларни ташлаб қўймаслигини таъкидлаган.

«Бизнинг вазифамиз мутлақо тушунарли — Россиянинг урушни кенгайтиришга бўлган уринишини тўхтатиш. Бу вазифани бажариш ҳозир позицияларда бўлиб турган ҳар бир инсонга боғлиқ”, — деган Зеленский. Унинг алоҳида таъкидлашича, Россия қўшинлари учун “Украина тупроғида бир қарич ҳам хавфсиз жой бўлмаслиги керак”.

Қозоғистонда собиқ вазир қамалди

Қозоғистоннинг собиқ иқтисодиёт вазири Қувандиқ Бишимбаев ўз рафиқаси Салтанат Нукеновани ўлдиришда айбдор деб топилди ва суд томонидан 24 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бишимбаев ўта шафқатсизлик ва қийноқлар билан қотиллик содир этиш моддалари бўйича айбдор деб топилган. Иш ҳакамлар ҳайъати иштирокида кўриб чиқилди.

Бишимбаевнинг амакиваччаси Бақитжан Байжанов эса жиноятни яшириш ва жиноят тўғрисида хабар бермасликда айбланиб, тўрт йилга қамалган.

2023 йил ноябрда Бишимбаев рафиқаси Салтанат Нукенова билан баҳслашиб қолганидан кейин ўзига тегишли бўлган «Bau» ресторанида уни ўлгунича калтаклаган. Айблов томони версиясига кўра, собиқ вазир «ўта рашкчи» бўлиб, рафиқасининг қадамини кузатган, унга ишлашни тақиқлаган ҳамда «унга нисбатан мунтазам равишда жисмоний куч ишлатган». Бишимбаевнинг ўзи суд жараёни давомида рафиқасини калтаклаганини тан олган, аммо қотиллигига иқрор бўлмасдан, рафиқаси йиқилиб жароҳат олиш оқибатида жон берганини айтганди.

Бишимбаев 2016 йилда бир неча ой давомида Қозоғистон иқтисодиёт вазирлигини бошқарган. 2018 йилда у коррупция бўйича айбланиб, 10 йилга қамалган, аммо бир ярим йил ўтганидан кейин жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинганди.

«Демографик қиш»

Дунё ҳайратланарли демографик босқичда. Тез орада дунё миқёсида туғилиш даражаси доимий аҳоли сонини ушлаб туриш учун зарур бўлган даражадан пастга тушади.

Туғилиш кўрсаткичлари деярли ҳамма жойда пасайиб бормоқда. Туғилиш даражасининг пасайиши одамларнинг турмуш тарзи, иқтисодиётнинг ўсиши ва дунёдаги қудратли давлатларнинг мавқеи учун жиддий оқибатларга олиб келади, дейилади The Wall Street Journal мақоласида.

Юқори даромадли мамлакатларда туғилиш даражаси 1970-йиллардагидан ҳам пастга тушиб кетган ва пандемия даврида янада пасайган. Ривожланаётган мамлакатларда ҳам туғилиш даражаси пасаймоқда. Ҳиндистон ўтган йили Хитойни ортда қолдириб, дунёнинг энг кўп аҳолиси бўлган мамлакатига айланди, аммо унда ҳам туғилиш даражаси пасайиб боряпти.

АҚШ Пенсилвания университетида демография бўйича ихтисослашган иқтисодчи Хесус Фернандес-Виллаверде сўзларига кўра, дунё «Демографик қиш» остонасида турибди.

2017 йилда дунё бўйлаб туғилиш коэффициенти 2,5 ни ташкил этди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2020-йилларнинг охирида бу кўрсаткич 2,4 га тушишини башорат қилди. Бироқ 2021 йилда бу кўрсаткич 2,3 га тушди — демографларнинг фикрига кўра, дунё аҳолиси сони ўзгармай туриши учун коэффициент 2,2 атрофида сақланиб туриши лозим. 

Мавзуга оид