Жамият | 16:36 / 12.02.2019
248386
11 дақиқада ўқилади

«Браво»ни сўкма! У ақли етганини қўяди. Ўзбек саҳнасининг эгаси ким?

Асли, «Браво» гуруҳининг дастури ҳақида эҳтиросларим бироз сўнганидан кейин ёзаётганим яхши бўлди.

Бир-икки ҳафта давомида ижтимоий тармоқ аҳли «Браво»ни сўкиш билан машғуллигига ҳайрон бўлганим рост. Минглаб постлар айнан мазкур томоша ҳақида эди. Энг қизиғи, хафа бўлиб ёзаётганлар ўша гуруҳ чиқишларини кўрган ва кейин кескин фикр билдирган. Фикрларни ўқиб-ўқиб, аста-секин «Браво» аъзоларига раҳмим кела бошлагани ҳам бор гап.

Тўғриси, «Браво»нинг чиқишларига салбий фикр билдирганлар сони жуда кўп бўлганига қарама-қарши ҳолатда уларнинг чиқишларини интернетда кузатган ва дискини сотиб олиб кўрганлар сони ҳам мўлдан-мўл эди. Ғалати ҳолат. Хўш, гуруҳнинг чиқишларига қандай баҳо бериш мумкин?

Санъатшунос тақризчилар «Браво» томонидан «Халқлар дўстлиги» саройида тақдим этилган, сўнг кенг оммага телевидение орқали намойиш этилган концерт дастури ҳақида ҳеч қандай фикр билдиришмади. Балки тўғридир... Бу томоша билан ҳақиқий санъат ўртасида тоғдек масофалар мавжуд. Ҳақиқатан, уларни «Кулги дарғалари» дейиладиган – Сойиб Хўжаев, Эргаш Каримов, Муҳиддин Дарвешов, Рустам Ҳамроқулов, Ҳожибой Тожибоевлар билан солиштиришнинг ўзи ножоиз.

Юқоридаги санъат усталари жамият ва инсонлардаги камчиликлар устидан кулган бўлса, «Браво»чилар эса ўзлари «бўйи ва ақли етадиган жой» - яъни «белнинг пасти»ни мўлжалга олишгани сабабли фақат ижтимоий тармоқларда таҳлил қилинди. Тақризчиларнинг ҳам «паст кетгилари» келмади чоғи...

Дастур ҳақида

Қайсидир ўзига ўхшаган гуруҳдан ажраб чиқиб, уларга «ким аслида ким» эканлигини кўрсатиб қўйишни, илк концертидан бошлаб шов-шув кўтаришни хоҳлаган жамоа, ёш томошабин учун энг яқин йўл - инсон танасининг «белидан пасти» билан боғлиқ кулгили қочиримларни саҳнага олиб чиқди. Ва маълум маънода мақсадга ҳам эришди.

Энди уларни ҳамма билади ва танийди. Лекин, гуруҳ фаолларидан бири бўлган Отабек Мирзахолов концерт олди интервьюларида «Белдан пастга» мавзусида ҳазиллар бўлмаслигини айтганди.

Бироқ дастур бошланиб, салом берилиши билан ваъдалар унутилди. «Браво»чилар «саломлашиш» қисмида тагдор гап билан кириш қилишди. Кейин эса кетди-и... «Қиз болани қора мушукка ирим қилиб орқага юриши», аёл кишининг уйқусираган эрига «Отсангиз отинг, бўлмаса ётинг!» дейиши, «Иммунитет «кўтарадиган» дорининг номи «Муниса Ризаева», «Суд жараёни» саҳна кўринишидаги «от миниш», «Ҳаммага пўчоғини қўйиб кетган бола»... Бу ҳали ҳолваси экан! «Битирув кечаси» саҳнасида янаям очиқроқ гаплар ишлатилиб, «Робинзон Крузо» ва «Ҳарбий қисм» кўринишларида «бравочилар» тузук-қуруқ тарбия кўрмаганликларини дастур чўққисига чиқиб кўрсатиб беришди.

Томошабинларнинг бепарда ва бемаза гапларга «буралиб» кулаётганига гувоҳ бўлдик. Улар орасида таниқли, эл ичида ўрнак қилиб кўрсатиш мумкин бўлган кишилар ҳам кўриниб қоларди. Балки, улар дастур сценарийсида бундай ҳазиллар бўлишини билишмагандир? Ишқилиб, шундай бўлсин...

Телевидениени оммавий ахборот воситаси дейишади. Чунки, уни омма кўради. Яқиндан бери берилаётган кўрсатувлар, кинофильм ва шоу дастурлар турли ёш категорияларига мўлжалланганлиги турли тарзда, масалан - «18+» сингари белгилар билан берилмоқда.

«Браво» концерт дастурини қандай белги билан белгилашса мақсадга мувофиқ бўлишини ўйлаб топа олмадик. Балки, ТВ-каналлар - «Оилавий кўриш тавсия этилмайди» деган янги категория қўшиши керакдир.

Таажжуб... Одамларни кулдириш учун икки жинс вакиллари ўртасида бўладиган нозик, пардали жараёнлар, фаҳш ва бузуқлик бемалол саҳнада олиб чиқиладиган кунларга ҳам етиб келибмиз. Саҳнада «бравочилар» роль ўйнади, бироқ уни томоша қилган ҳамиятли одамлар уларнинг ўрнига уялди.

Кишига «Бу актёрларнинг ҳам ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, фарзандлари бормикан?», деган хаёл келади. Бошда «фарзандларим мана шу бетаъмиз ва уятсиз «саҳна асари»ни кўриб қўймасин-да...» деган фикр. Минг афсуски, ҳозир информацияни яширишнинг иложи йўқ. Улар қаердадир бу «санъат асари»дан бохабар бўлиши тайин. Шуниси, ёмон.

«Браво»нинг айнан шу дастур ва ундаги саҳна кўринишлари, мусиқали чиқишлар учун қилган бир дунё меҳнати, «Қишлоққа телевидение келди», «Уйлансанг бой қизга уйлан», каби ҳазиллари учун озгина мақтасак ҳам бўларди. Афсуски, бундай эпизодлар умумий дастур вақтининг 10 фоизини ҳам эгалламайди.

Бу ҳолат учун айб фақат «Браво» ва бошқа гуруҳларда эмас...

Олдиндан эслатиб қўйсак. Ушбу мақола орқали биз ҳеч қайси санъатшунос билан баҳслашишни мақсад қилмаганмиз. Ўз фикримиз ва қувваи ҳофизамизга таянган ҳолда ўзбек томоша санъатининг бугунги ҳолати ҳақида бироз фикр юритишни мақсад қилдик, холос.

Ўзбек томоша санъати шакллана бошлаганидан бери иқтидорли драматург, режиссёр ва ижрочилардан танқислик кўрмаган. Юртга ўтган аср бошларида театр санъати кириб келиб, соҳа ривожига Авлоний, Беҳбудий, Фурқатлар ўз ҳиссаларини қўшган бўлсалар, Ҳамза, Маннон Уйғур, Аброр Ҳидоятов ва яна кўплаб санъаткорлар томоша санъатини кўкларга кўтара олишди.

Қизиқчилик гуруҳлари эса ундан-да олдин пайдо бўлган. Катта авлод «Тошболта ошиқ», «Олтин девор», «Келинлар қўзғолони», «Темир хотин» каби ўзбекона кулги йўғрилган саҳна асарларини томоша қилиш учун қайта-қайта мурожаат қилганига гувоҳмиз.

Юсуфжон қизиқ, Муҳиддин қизиқ, Абдулҳай Махсум каби аскиячилар, Муҳиддин Дарвешов, Сойиб Хўжаев, Эргаш Каримов, Рустам Ҳамроқуловнинг самимий, покиза аския ва қизиқ ҳангомалари эл ичида ёд бўлиб кетган.

Улардан кейинги авлод - Ҳожибой Тожибоев, Мирзабек Холмедов, Обид Асомов ва бошқалар ҳам «қизиқчилик эстафетаси»ни ёмон олиб боришмади. Улар томонидан тузилган «Мирзо театри», «Обид шоу» каби гуруҳлар йиллар давомида элнинг мана шу санъат турига бўлган эҳтиёжини қондириб келганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Уларнинг репертуарида «Белдан пастни» мўлжаллаган ҳажв йўқ эди!» деб айтиш ҳам ноўрин. Бироқ, улар халқни кулдириш билан бир вақтнинг ўзида ҳикматларга тўла саҳна асарлари билан мушоҳадага чорлай олишар эди. Улар ҳам танқид қилинган ва бундан хулоса чиқара олишган. Ҳожибой Тожибоевнинг ҳар йили «Бир актёр театри» кўринишидаги чиқишлари, унда жамиятдаги камчиликларни сатира тиғига олиши одамлар учун жуда катта маънавий озуқа бергани ёдимизда. Бир сўз билан айтганда, китоб ўқиган ва уста кўрган санъаткорнинг йўриғи бўлак экан...

Қадимдан одамларга саҳна томошаси керак бўлган. Буни сиёсатчилар, давлат арбоблари ҳам яхши билганлар ва унга шароит яратишган. Ҳозир ўзбек театрлари бугунги замон кишилари савиясидаги асарлар билан «томоша саҳнаси»ни тўлдира олишмаётгани эса барчага аён. Ўзбекистонда фаолият юритаётган 40га яқин театрнинг қайси янги асари премьераси қачон катта воқеага айланганини эса эслай олмаймиз. Ё яхши драматург ва режиссёрлар йўқ ёки яхши актёрлар.

Бир йилда Маданият ва санъат институтининг томоша санъатига боғлиқ факультетларини 100 нафарга яқин талаба битиради. Савол туғилади: «Улар ичидан бугунги кун томошабинини залга чорлайдиган асарлар ижод қилувчи режиссёрлар, актёрлар чиқяптими?».

Ўзбек драматургияси муаммолари эса алоҳида мавзу...

Саҳна ҳеч қачон бўш қолмайди

Саҳна сирли жой. У доим эгасини излайди. Унга чиқишни чин дилдан истаган талантлар томошабинини маҳтал қилмай тезда топилади.

«Браво», «Миллион», «Дизайн» каби гуруҳлар ўн кун концерт қўйса, зал ўшанча кун тўлиб-тошади. Демак, улар ўзлари профессионал бўлишмаса ҳам шу соҳа вакилларини қайсидир жиҳатларда ортда қолдиришган.

Маданият ва санъат институти ўқитувчилари ва битирувчиларига уларни мисол келтирсангиз, «Бу санъат эмас!» дейишлари аниқ. Ўша, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳон, Ҳамза Умаров, Аббос Бакировларни мисол келтиришлари ҳам бор. Бу фикрга биз ҳам қўшиламиз. Бироқ, томоша санъати замон билан ҳамнафас ривожланиши керак эмасми?

Бугунги томоша санъати турғунлиги даврида ўсган авлод эртага «Қирол Лир», «Гамлет», «Ревизор», «Олтин девор» каби асарларни ҳазм қила олмайди-ку?

Ажаб... Профессионаллар мухлислар билан тўлдира олмаётган залларни шижоатли нопрофессионаллар тўлдирмоқда.

Энг ёмони, «Браво» каби гуруҳларнинг чиқишларини санъат деб тушунувчи авлод шаклланяпти.

Ҳали кеч эмас. Янги авлодни боғча партасидан бошлаб санъатни теран тушунадиган этиб тарбиялаш ҳаракатини бошлаш зарур.

Хулоса...

Мақола сўнгида яна ўша «Браво» гуруҳи концерт дастурига қайтамиз.

«Ҳурматли «Браво» гуруҳи аъзолари! Сизларда меҳнатсеварлик, ижро маҳорати ва бошқа иқтидор жиҳатларини ҳамма кўриб турибди. Жамиятдаги камчиликликларни зўр танқидга ола билишингизни ҳам намоён эта олдингиз.

Фақат, саҳнага инсон оила аъзолари билан кўра олиши мумкин бўлган чиқишлар билан чиқсангиз бўларди. Уялтирманг. Гўшангада куёв келин қулоғига, эр-хотин ётоқхонада, чойхонада йигитлар гурунгида аския сифатида айтадиган гаплар саҳнага ярашмас экан.

Агар юрт кишилари ва бизнинг мақоламиз сизларга малол келса ўша машҳур сўзни айтамиз: «Агар уялмасангиз, хоҳлаганингизни қилинг!»

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид