Ўзбекистон | 15:04 / 23.12.2015
12421
1 дақиқада ўқилади

Чимён МДҲ ҳудудидаги нархи қиммат бўлмаган тоғ-чанғи курортлари ўнлигидан жой олди

Travel.ru сайёҳлик сервиси ва Forbes журнали билан ҳамкорликда эълон қилинган рейтингда Чимён базаси нархи қиммат бўлмаган тоғ-чанғи курортлари ўнталигига киритилди.

Рейтинг россиялик сайёҳлар учун тоғ-чанғи курортларидаги хизмат кўрсатиш сифати ва нархи бўйича тузилди.

Рейтингда ҳордиқ чиқариш бюджети икки киши учун ҳисобланган. У меҳмонхонада яшаш қиймати, шу яқин атрофдаги қаҳвахонада овқатланиш нархи, бир кунлик ски-пасс (тоғ-чанғи курортларидаги тоққа кўтарилиш учун электрон рухсатнома) нархларидан иборат.

Чимён тоғ-чанғи курорти рўйхатнинг иккинчи поғонасидан жой олди.

Ҳисоб-китобларга кўра, Чимён курортида бир кунлик ҳордиқ нархи 3,5 минг рубль ёки 137 минг сўмни ташкил этади.

Биринчи ўринда Белокуриха (Олтой ўлкаси) қайд этилган. Рўйхатдан Каракол (Бишкек, Қирғизистон), Шаҳдаг (Боку, Озарбайжон), Чимбулоқ (Олмаота, Қозоғистон) ҳамда Россия, Украина, Грузиядаги тоғ-чанғи курортлари ўрин олган.